Таниқли тадбиркор Мурод Назаров халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашидаги депутатлик фаолияти давомида арзон уй-жойлар қуриш, шунингдек, қурувчилар ассоциациясини тузиш ташаббусларини илгари сурмоқчи. Бу ҳақда у «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовга берган интервьюсида айтиб ўтди.

 

Ўзбекистонда уй-жой танқислиги жуда катта. Қурилиш кўп, лекин бу етарли эмас — уй-жой барибир етмаяпти. Шунинг учун уйларни кўп қуриш кераклиги билардик. Айниқса, хамёнбоп уйлар жуда ҳам керак. Лекин бу ишга киришишга қўрқардик. Бунинг учун катта тизим ва барча маълумотлари пухта тайёрланган платформа керак. Хамёнбоп уйлардан фойда оз қолади, лекин ҳажм катталиги ҳисобидан ютилади.

Агар тизим яхши бўлмаса, ё компания зарарга кириб кетади, ёки алдаб қочиб кетишга мажбур бўлади. Арзон уй-жойлар қуришда тизим яратган, IT-платформаси билан барча жараёнларни оптимизация қилган Қозоғистон компанияси билан қўшма корхона туздик. У МДҲдаги энг кирик компаниялардан бири бўлиб, ортиқча сарф-харжатларни йўққа чиқариш ҳисобига уйларнинг таннархини анча пасайтирган. 2020 йилда дастур бўйича қуриладиган арзон уй-жойлар қурилишига ҳам кирмоқчимиз.

Иккинчидан, уй-жой қурувчилар ассоциациясини тузмоқчимиз. Қурувчи компанияларнинг кўпайгани бир томондан яхши, бошқа тарафдан эса алдайдиганлар ҳам кўпаяди. Чунки билган-билмаган одам қурилиш соҳасига кирганидан кейин, ҳар хил яхши-ёмон ҳолатга тушиб қолиши мумкин. Одамлар уларга ишониб пул тўлайди. Компания эртага инқирозга учраса ёки қурган уйи талабга жавоб бермаса, одамлар ҳеч нарса қила олмайди, давлатга ҳам катта муаммолар олиб келади.

Шунинг учун ассоциация тузиб, аниқ қонун-қоидаларни, регламентларини ишлаб чиқмоқчимиз. Ассоциация нодавлат-нотижорат шаклда бўлади. Давлат қила олмайдиган нарсани ассоциация назорат қилиш керак. Тўғриси, давлатнинг кучи етмайдиган жойлар бор. Ўзига яраша тартиб-интизом керак. Уй қуриш — ўйинчоқ нарса эмас. Одамлар йиллаб йиққан пулини қурувчига олиб бориб беради-да, эртага муаммо бўлса, бу давлат миқёсидаги муаммога айланади. Бундай муаммолар бошқа давлатларда жуда кўп бўлган. Бизда энди бўлади. Бу нарса аста-секин сезилмоқда.

Қурувчи ташкилотларнинг ассоциацияга аъзолиги улар учун бир обрўга айланади. Масалан, ассоциацияга аъзо бўлмаган компанияга ишонч ҳам кам бўлади. Қурувчи компания умумий тартиб-қоидаларга амал қилмаятими, демак, бу компания ишончсиз, хавфли ва хатарли эканлигини мижоз ҳам билади. Ассоциация майда қурилиш компанияларини синдириш учун тузиляптими, деган савол туғилиши мумкин. Аксинча — марҳамат, қонун-қоидаларга амал қилиб эркин ишлайверсин. Ассоциация майда қурилиш ташкилотларининг ривожланишига ёрдам беради.

Биз нима учун буни тузяпмиз? 10 йил аввал микрокредит ташкилоти халқни алдаган. Пенсионерларнинг пулини йиғиб олиб, ўзи йўқ бўлиб қолган. Ўша компаниянинг қилмиши учун барча кредит компаниялари ёпиб ташланди. Худди шундай — бир-икки инсофсиз компаниялар одамларни алдагани ҳисобига бошқа қурувчилар ҳам азият чекади. Биринчидан, мижозлар қўрқиб қолади, уй олмай қўяди. Иккинчидан, бу давлат миқёсидаги катта муаммога айланади. Шу нарсаларни олдини олиш учун бу ишлар қилинади.

Бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам ер олиш энг катта муаммо. Ассоциация эса — ер олишми ёки бошқа шунга ўхшаш муаммоми, фарқи йўқ — қурувчилар номидан иш олиб бориб, ечим топади. Биз катта қурувчи бўла туриб, баъзи муаммоларни давлатга айта олмаймиз. Бизни муаммоларимиз кўп, лекин давлатга айтолмаймиз. Ассоциация мана шу ерда бизга куч вазифасини ўтайди.

Мурод Назаров, тадбиркор, халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати

 

Манба: daryo.uz

Энг кўп ўқилган