Телевизор пультини қаёққа олманг, санъаткорларнинг ашъоридан бўшамайди. Ноз-карашма, ишва билан ётоқхонада уяладиган ишларни клип­ларга олиб чиқиб бизнинг тоза, пок зурриёд­ларимизни йўлдан уряпти, онгини заҳарлаяпти, ҳисларини уйғотиб қўяяпти. Кимдир кимгадир ўйнаш, кимдир ким биландир беникоҳ яшовчи, ҳаёти мағзава. Энг ёмони, ёшларга ўрнак сифатида ҳаёти ва ижоди, интернет нашрларида ёритилади.

Мен уларни зўрға улғайтираётган фарзандларимизнинг онги, тоза ҳаёсини, ҳаётини бузувчи бузғунчилар деган бўлардим. Санъат — яхшиликка тарғиботчи бўлиши керак. Бачкана роль ижрочилари, машшоқчилар аср вабосидир! Ҳаммаси ҳам эмас, албатта!

“Ўзбеккино”, “Ўзбекконцерт” яна бир нарса ташкилотлар “оқ фотиҳа” бериб ўтираверади. Жабрини эса яна ёш авлод, миллат тортади. “Миллион”чилар кунлаб концерт беради, залда онасиям, отасиям томошабин. Уларнинг ҳангомаси шармандаликдан иборат.

Келажакни ўн уч ёшида биологик отаси номаълум, туғиб қўяётган қизалоқлар билан қурамизми? Ёки 16 ёшида 6 ёшли қизчани зўрлаб қўяётган йигитчалар биланми?

...Шунақа ҳодисотларга ҳозирги санъатнинг даҳли йўқ, десангиз, адашасиз. Ярим яланғоч клиплар-у, отаси бой бўлиб, кўнгилхушликда яшайдиган олифта қиз ҳақидаги матрасиз кинолар шуурида улғаяётган авлоднинг бугуни бундай, эртасини билмадим.

Санъатни саноатга айлантирдик.

Саноатда эса ташлаб юборишга лойиқ чиқиндилар чиқарилаверади...

Мадина МЎМИНОВА

Энг кўп ўқилган