Ҳаётимизга шиддат билан кириб келган юксак замонавий технологиялар, компьютер, интернет ва ҳоказолар сабабли, биз негадир сўнгги йилларда бадиий китобларни жуда кам ўқиймиз. Эрталаб ишга, ўқишга, кечқурун уйга шошиш жараёнида кўрганимиз, автобус ёки метрода ёшларимиз ўзлари билан ўзлари овора, боиси кафтидаги “дунёни” мазза қилиб томоша қилиб кетаверадилар. Уларнинг қўлида китоб эмас, энг сўнгги русумдаги телефонлар.

Кечагидай кўз ўнгимда: Райимбой акамнинг касби ўқитувчи эди. Қишнинг узун кечаларида то тонггача китоб ўқирдилар, уйимизнинг бир хонасида акамнинг махсус китоб жавони бор эди. Акам бу китобларни кўз қорачиғидай асраб, булар менинг хазинам, бойлигим, жавоҳирларим, менинг сирдош дўстларим дердилар. Биз опа-сингиллар ҳам бу китобларни ўқиб чиқиб, асар қаҳрамонларини муҳокама қилиб бир-биримиз билан гоҳо пайтлар тортишиб ҳам қолардик.

Тўғриси ҳозир бадиий китоблар ўқишга гўёки вақтимиз етмаганидек ўзимизни ҳис этамиз. Гўёки вақт тез ўтиб кетаётгандек. Ишга шошамиз, илмий ишлар билан бўлиб, баъзи вақтлар лабораторияларда ярим тунгача қолиб ҳам кетамиз, шифокорлар, ўқитувчилар, турли касб эгалари ҳам халқимиз хизматида бўлиб, ўз ишларига муккасидан кетиб, кеч бўлгач ишдан уйларига шошадилар, рўзғор, болам-чақам, пишир-куйдир ва ҳоказо. Озгина вақтлари бўлса сериаллар оламига шўнғиб кетадилар. Эртасига ишга келсангиз, ўша сериаллардан сўзлайдилар.

Ваҳоланки китоб ўқиган инсоннинг онг-тафаккури юксак, дунёқараши кенг бўлиб, мукаммалликка, комилликка интилиб яшайди. Китоблар, аслида, қалб шифосидир демоқчиман, холос.

Бир китоб ўқиб...

Яқинда туғишган синглимдек қадрдоним, журналист ва шоира Озода Бекмуродова китоб совға қилди. Бошим осмонга етди. Бу адиб ва шоир Абдусаид Кўчимовнинг “Буни ҳаёт дейдилар” китоби эди.

Китобни ўқир эканман, кўзларим намланиб йиғи келаверди, тўйиб йиғлаб ҳам олдим. Бу китоб шунчаки ёзилган эмасди.

Китобда Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Шукрулло, Барот Бойқобилов, Маъруф Жалил, Пирмат Шермуҳамедов, Маҳмуд Саъдий каби забардаст инсонларнинг тириклик чоғларида қурган суҳбатлари, улар билан бирга жаннатмакон юртимизнинг олис сўлим қишлоқлари, туманлари ёки олийгоҳ талабалари даврасида бўлиб ўтган бадиий кечалардаги теран таассуротлари, устозлари босиб ўтган машаққатли, аммо нурли йўллари ёрқин, соф­лигича баён этилган.

Табиатга ошно кўнгиллар

Яратган она табиатимизни шундай бекаму кўст, мислсиз яратганки, унинг минглаб турфа гиёҳлари, оқар дарёлари, пурвиқор қорли юксак тоғлари, мусаффо булоқлари азал қадимдан шоирларга, адибларга, мусаввирларга чексиз илҳом манбаи бўлиб келган.

Сиз агарда табиатга меҳр ила боқиб ошно бўлсангиз, бутун борлиғини сизга инъом этади. Ахир, улуғ бобокалон шоирларимиз ана шу гиёҳлар, гулу чечаклардан завқ олиб гўзал байтлар, гўзал мисралар ёзиб улуғ мерос қолдирганлар, табиблар, алломалар гиёҳлар тилини билиб,улардан дори малҳамлар тайёрлаб хаста беморларни даволаб,уларни хасталик­лардан халос этганлар.

Ардоқли адибимиз Абдусаид Кўчимов тоғ гули — кийикўтни шундай таърифлайди ва уни Маҳмуд Саъдийга ботиний яқинлик билан қиёслайди. “Ки­йикўт лолаю бинафшалар сингари довруғи бўлмаганидек, Маҳмуд Саъдийнинг номи ҳам номдор шоирлару донгдор ҳофизлар сингари машҳур эмас. Бироқ олиму журналистлар орасида шоҳона ҳурмати борлиги ижодкор аҳлига ойнадай маълум: ҳамма танийди, ҳурмат қилади, билади, қадрлайди. Бу инсон деб аталган хилқатга берилган юксак баҳо эмасму ахир. Маҳмуд Саъдийнинг меҳр булоғидан баҳраманд бўлиб келаётганларнинг бири сифатида ҳамиша устоз­га қуллуқ қиламан. Қани энди тоғларимизда кийикўтдек шифобахш гиёҳлар, ҳаётда эса Маҳмуд Саъдийдек “дарвешлар” кўпроқ бўлса” дейди муаллиф.

Абдусаид Кўчимов Одил Ёқубовнинг шифохонада ётган ҳолатини кўз олдига келтиради: “Эшикдан чиқаётганимизда бир гап айтмоқчидек бўлганди. Нима демоқчи экан? Биз қаридик, ибтидоси бўлган ҳар умрнинг интиҳоси ҳам бор деганмикан? “Буни ҳаёт дей­дилар!” деб жилмайганмикан ёки? Ҳа, тўғри, устоз ўшанда худди шундай деган. Буни ҳаёт дейдилар!”

Хуллас, бу китобни ҳаяжон ила ўқиб чиқар эканман, ўзимда маънан, руҳан юксалиш ҳис қилдим. Айт­моқчиманки, бу китобни ёшлар ўқиб ибрат олсин.

Марҳамат МАТВАФАЕВА

Энг кўп ўқилган