Жамиятнинг иқтисодий юксалиши унинг мулкчилик муносабатларига бевосита боғлиқ. Бинобарин,  қайсики давлатда  фуқароларнинг мулки қанча кўп бўлса, у  шунча бой бўлади.

Бозор иқтисодиётининг, яьни реал иқтисодиётнинг муҳим жиҳати шундаки, мулкчилик шаклининг ҳар бир шакли ҳукмронликни рад этиб, турли хил мулк шаклларини вужудга келтиришдан  иборатдир.

Давлатимиз мустақилликка эришган йилларданоқ иқтисодиётга давлат аралашувини камайтириш ҳамда хусусий сектор вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида иқтисодиётда давлат улушини камайтириб, тадбиркорликка кенг йўл яратиб берилмоқда. Айниқса, сўнг­ги уч йилда  иқтисодий ҳаётни эркинлаштиришнинг асосини давлат тасарруфидан чиқариш ташкил этаётганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Бу ишларнинг дастурий давоми сифатида, сўнгги йилларда Юртбошимиз томонидан амалга оширилган ишлар — тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва янгидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш мақсадидаги фуқароларимиз учун айни муддао бўлди.

Хусусий тадбиркорликни ривож­лантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, давлат мулки объектларини сотиш тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва бу жараённи жадаллаштириш, уларни хусусийлаштиришда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, хусусий мулк қилиб сотилган объектларда рақобатбардош товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни ташкил этиш мақсадида  Президентимиз томонидан қабул қилинган “Тадбиркорлик мақсадларида фойдаланиш учун давлат мулки объектларини сотишни жадаллаштириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 17 январда қабул қилинган Фармонини ҳамда шу асосдаги “Давлатга тегиш­ли объектларни ва активларни хусусий мулк қилиб сотишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги қарори амалиётга  кенг  тат­биқ қилингани тадбиркорлар учун қулай имкониятни вужудга келтирди.

Юқоридаги қарорнинг амалий ижроси сифатида Навоий вилоятида ҳам кўп­лаб ишлар амалга оширилди. Вилоятниниг иқтисодий салохиятидан келиб чиқадиган бўлсак, ҳудудда фойдаланмасдан бўш турган, “ўз эгасини кутаётган” объектлар инвестиция маблағлари киритилишига муҳтож эди.

Яратиб берилган шарт-шароитлардан фойдаланган ҳолда Зарафшон шаҳрида рўйхатдан ўтган «SULTAN-ALI EXPRESSTOUR» МЧЖ томонидан  Навоий КМК ДК Марказий кон бошқармаси балансида бўлган 2125 тонналик музлаткич омбори,  бино ва иншоотлари 2 йил давомида 1307,0 млн сўм инвестиция киритиш ҳамда 10 та янги иш ўринларини яратиш эвазига “ноль” харид қийматида сотиб олинган эди.

Бугунги кунга келиб, жамият томонидан инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар тўлақонли бажарилиб, объект­да 3,8 млрд сўмлик қурилиш таьмирлаш ишлари якунланди ва 12 та янги иш ўринлари яратилиб, ун маҳсулотларини ишлаб чиқариш тегирмони ўрнатилди.

Жамият томонидан инвестиция мажбуриятларини бажариш мақсадида қўшни Қозоғистон Республикасидан буғдой хом ашёси олиб келиниб, ички бозорни арзон ва сифатли ун ва ун маҳсулотлари билан таъминлаш йўлга қўйилди.

Келгуси йилларда ҳам жамият ўз иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда нафақат ички, балки ташқи бозорга ҳам сифатли ун ва ун маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, тайёр нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратишни  режалаштирмоқда.

 

Шоназар РАВШАНОВ,

Навоий вилоят Давлат активларини

бошқариш бошқармаси

1-тоифали  мутахассиси.

Энг кўп ўқилган