Чўққилари осмон ўпган Кавказ тоғларининг бағрида бир ўлка бор. Уни Доғистон дейдилар. Дўппидеккина бу ўлкада қирққа яқин тилда сўзлашадиган бир миллион халқ яшайди.

Бугун ана шу халқнинг шуҳратини бутун дунёга таратган шоир,  муҳаббат куйчиси – Расул Ҳамзатов ҳақида суҳбатлашамиз.

Туғилган вақти: 1923 йил 8 сентябрь

Туғилган жойи: Доғистон, Хунзах райони, Цада қишлоғи

Отаси: халқ шоири Ҳамзат Цадаса

Вафоти: Москва. 2003 йил 3 ноябрь.

Мени севги куйлатди

Расул Ҳамзатовнинг ўзи ёзган эди: Мен қандай ёза олсам, шундай шеър ёздим. Қувонганда қувондим, ранжиганда ранжидим, ғамли кунлар ғам ютдим, шодлик кунлар тантана қилдим ва албатта, севдим. Менинг юрагим севги оташида ёнди. Севги эса мени куйлатди. Дардимни гоҳ секин, гоҳ баланд, гоҳ шеърда, гоҳ насрда баён этдим.

Мен икки гулханда доирамни тоб­лаб, икки дераза қаршисида севги куйини чалдим. Айримлар айтгандай шеърият кайфият маҳсули. Кайфият эса об-ҳаводай тез-тез ўзгариб туради, лекин мен сизни ишонтириб айтаман: шу икки чегара оралиғида охиригача тураман ва умрим сўнггигача шеър ёзаман.

Бу менинг ижодимдаги биринчи рақамли назорат жойи. Бу туғилган юртимнинг, Доғистонимнинг, бепоён мамлакатимнинг чегараси. Иккинчи чегара бу муҳаббатим чегараси, бу муҳтарама аёлларга боғлиқ эканлигим чегараси, қайсики, уларга севгим чексиз. Бундан кейин ҳам ёзган китоб­ларимни уларга бағишлайвераман.

Ҳали мен асосий китобимни ёзмадим. Уни ёзишга ҳаракат қилаяпман. На илож, йиллар менинг орзуларим ва имкониятларим орасини тобора узоқлаштирмоқда. Аммо сизга такрор айтаман: мен шоирман, севги туйғуси қалбимда ошса ошдики, лекин заррача ҳам камайган эмас. Худди йигирма йиллар олдинги каби барчага баралла айтаман: “Менинг юрагим ишқ ўтида ёнаяпти”. Бу туйғу менга шеър-қўшиқлар айтмоқда. Уларни албатта, қоғозга кўчираман.

Доғистон тимсоли

Дунёдаги ҳар бир қаламкашнинг ижодини тўла намоён этадиган асари бор. Навоийнинг “Хамса”си, Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон”и, Шекспирнинг “Қирол Лир”и, Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”и, Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и, ...

“Менинг Доғистоним”  Расул Ҳамзатов ижодий баркамоллигини тўла намоён этадиган асар. Расул Ҳамзатов – Доғистон тимсоли. Ҳамзатов бўлмаса, Доғистон қанақалигини, қаерда жойлашганини биров билиши қийин эди. Лекин Расул Ҳамзатов номи тилга олиниши биланоқ, ҳамма “О, Доғистон!” деб ҳайқириб юборади. Бу ном, бу зот тоғли ўлканинг номини, миллатининг руҳи ва тафаккур тарзи қандайлигини бутун дунёга намойиш қилди.

Шоирнинг шеърлари ўзини, юртини – ҳеч қачон бир-бирига нисбатан душманлик ҳиссини туймаган элатлар яшайдиган ватанини кўкларга кўтарди.

Шоирнинг етти иқлимга таралган овози само фарзандлари – тоғликларга хос жўшқинлиги ва ҳассослиги билан тингловчилар кўнглини забт этди, ўзига мафтун қилиб қўйди. “Россияда ундан зўр шоир йўқ”, деганди Евгений Евтушенко.

Зўр шоир бордир, аммо Доғистонни ундан ортиқ севадиган шоир бўлмаса керак!

Мана, Ҳамзатов “Менинг Доғистоним”да нималарни ёзади:

Доғистон − менинг муҳаббатим, менинг келажагим, менинг тавбам, менинг ибодатим!

Доғистон − ҳаётимнинг мазмуни, барча шеърларимнинг бош мавзуси.

Овулим, тоғларим, Доғистоним. Хаёлларим, туйғуларим, истакларимнинг ошиёни мана шу ер. Мен ўзим шу ошиёндан темирқанот бўлиб учиб чиқдим. Қўшиқларим ҳам шу ошиёндан парвоз қилган.

Доғистон менинг масканим. Доғис­тон менинг бешигим.

Ҳар бир одам болалигидан ўз халқининг вакили бўлиш учун дунёга келганини билиши ва шу шарафли вазифани зиммага олишга ўзини тайёрлаши керак.

Агар беланчаклар узра аллалар айтилмаганда, эҳтимол, дунёда бошқа қўшиқлар яратилмасди.

Оналар − дунёнинг энг биринчи шоирлари!

Оналар алласи − одамзод яратган қўшиқларнинг ибтидоси.

Қўшиқ юракда яралади, юрак уни тилга беради, тил эса одамларнинг юрагига етказади, одамларнинг юракларида асрлардан асрларга ўтади.

Шеър шундай бўлиши керакки, уни ҳеч тортинмай онангга, қизингга, синг­лингга ўқий олгин.

Муножот достони

“Оналарни асранг” достони Ҳамзатов оналарга қўйган ҳайкал бўлди. Асар давлат мукофотига, энг муҳими, дунё халқларининг муҳаб­батига сазовор бўлди. Ҳамзатовнинг ўзи ёзганди: “Ҳали-ҳануз қалбимни армонлар, аччиқ хотиралар тирнайди. Онамга юрагимда асраган сўзларни унинг вафотидан кейи­­н ёздим. “Оналарни асранг” достони − тавба-тазарру, муножот дос­тони. Онамни хотирлаб бўзлар эканман, кўплаб оналарга, тўғрироғи, барча оналарга хос фазилатларни қоғозга туширдим. Достон кўпчиликка манзур бўлди. Аслида, достонни ўзим ўйлагандек ёзолмадим. Шунга қарамасдан, нега миллионлаб одамлар достонни юрагига яқин олишди? Ўйлашимча, бу мавзудаги достоннинг ўз вақтида ёзилганидан. Ўйлар, дардлар одамлар юрагида тўпланиб қолганди, улар достонни ўқишлари билан юзага қалқиб чиқди. Ахир, тоғда қор кўчиши учун битта ўқнинг узилиши кифоя.

Достонга билдирилган мулоҳазалардан билдимки, уларнинг қалбида оналарига нисбатан меҳр тўла, оналарига бўлган чексиз меҳрини айтишни исташади, ҳатто онасининг тинчлиги, хотиржамлиги учун жонини ҳам беришга тайёр, лекин ҳис-туйғуларини айта олишмайди.

Менда ҳам шундай бўлганди. Афсуски, кўп вақтим сафарларда кечгани учун онамнинг ҳузурига кам борардим, ҳатто онамнинг сўнги куни пойида ўтириб, видо сўзларини, васиятларини эшитиш менга насиб этмади, ўша вақтда олис Японияда эдим.

Мен ўша вақтда ҳам англаб етгандим, ҳозир эса янада чуқурроқ ҳис этдим: ҳамма-ҳаммаси Онадан бошланади! Уларда меҳрибонлик, хушфеъллик, ўзгалар дардини ҳис қилиш ва кечиримлиликнинг чексиз манбаси мавжуд. Оналар − замин таянчи. Уларнинг меҳр-шафқати, ҳаётсеварлиги, холисона ёрдамга шошилиши одамзот наслини яратади, кўпайтиради ва мустаҳкамлайди.

Тоғликлар айтишади: отадан айрилиш ярим етимлик, онадан айрилиш чин етимлик. Онасиз ўчоқда олов ўчади, уй емирилади.

Илгари Доғистонда онани сўкиш, она шаънига ёмон гап айтиш кечирилмасди, бундай кимса ё ўқ, ё ханжар билан жазоланарди. Аксинча, жанжаллашаётган, урушаётган тоғликлар ўртасига оналар рўмолини ташласа, хунрезликлар тўхтарди.

Мен онасининг юз-кўзини унутган, уйининг тўрига онасининг суратини қўймаган кимсаларнинг виждонли эканига ишонмайман.

Эҳтимол, кўпчилик томонидан қабул қилинадиган тушунчаларга сиғмайдиган фикр билдирарман: Ватан ҳимоячилари, қаҳрамонлар, буюк олимлар, улуғ шоирлар ҳайкаллари ёнига уларнинг оналари ҳайкалларини тикласак, айни муддао бўларди. Чунки барини оналарнинг беназир меҳри эркалаб улғайтирган. Биз она дарахтининг новдаларимиз.

Оналар олдидаги узиб бўлмас қарз, уларнинг ўчмас хотиралари тўғрисида “Оналарнинг аллалари” туркум шеърларимда, “Аёллар қўлини ўпаман” достонимда ёзганман, оналар излаган ҳаёт қувончларини “Аёллар ороли”да топганини армон билан қаламга олганман, оналарнинг қора рўмоли ва уларнинг ойдин қўшиқлари тўғрисида кўплаб шеърлар битганман.

То ҳаёт ипим узилмас экан, оналар ҳақида ёзганим ёзган. Бу мўътабар оналарни шарафлашгина эмас, оддий инсонийлик бурчим, бир фарзанднинг миннатдорлик туйғуси”.

Дмитрий Кабалевский, Ян Френкель, Раймонд Паулс, Юрий Антонов, Александра Пахмутова каби бастакорлар Расул Ҳамзатов шеърларини қўшиқ қилишди. Уларни эса Анна Герман, Галина Вишневская, Муслим Магомаев, Иосиф Кобзон, Валерий Леонтьев, София Ротару, Вахтанг Кикабидзе, Марк Бернес, Дмитрий Хворостовский каби қўшиқчилар куйлашди.

Расул Ҳамзатовнинг кўплаб асарлари ўзбек тилига ҳам ўгирилган ва ўзбек тилида ҳам унинг шеърлари куйланган. Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев унинг она, аёл ҳақидаги бир қанча қўшиқларини куйлади. “Сардори менман” қўшиғи эса ҳофизнинг энг яхши қўшиқларидан бирига айланган.

Сўнгги шеър

Мен у дунёдан қўрқмайман. Кўп нарсаларни айтолмай қолдим деб қўрқаман. Мадорим қуриган. Ўй, фикр кўп, лекин у дунёдан мени йўқлашяпти…

Юртдошларим туриб қабр олдида

Кўрсатсин: “Аварнинг шоири шул”, деб.

Элим ёдга олсин она тилида:

“Ҳамзат Цадасининг ўғли Расул” деб!

Каримберди ТЎРАМУРОДОВ

Расул Ҳамзатдан иборалар:

“Илгари шеърлар мақол-у нақлларга айланарди, ҳозир эса мақол ва нақллар асосида узундан-узун шеърлар битиладиган бўлди”.

“Қофиякашлар кўпайган лекин шоирлар жуда оз”

“Шоирлар, ёшидан қатъи назар, тенгдошдирлар”.

“Омади юришмаган шоирлар файласуф бўлишади”.

“Адабиётнинг асосий вазифаси − тинчликни сақлаш, оила, миллат, Ватан тараққиёти. Оила бўлмаса, миллат бўлмайди, миллат бўлмаса, халқ, халқ бўлмаса, Ватан”.

“Адабиётнинг энг катта муаммоси − севгини асраш!”

 “Шоир ижод жараёнида охирги марта ёзаётгандек ва биринчи марта севаётгандек бўлади”.

“Ҳажга бордим, Каъбада бўлдим, ибодат қилдим, ҳатто ўшанда ҳам кўнглимдан шеърларни қувиб чиқара олмадим: уларни ибодатга қўшиб, пичирладим”.