Инсон учун бахт манзили, бу оила. Уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш эр-хотиннинг бирдек вазифаси. Оила тинч ва хотиржамлиги эса фарзандлар тарбиясига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Нима эксанг шуни ўрасан, деганларидек, оиладаги муҳит, ота-онанинг ўрни, юриш-туриши, ўзларини тутиши камолга етаётган болалар дунёқарашига сингиб бораверади. Шундай экан, оилани муқаддас билган, ўз масъулиятини унутмаганлар бахтли ҳаёт кечирадилар. Бинобарин, бугун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси  халқимиз ҳаётини яхшилашга қаратилганки, бу шукроналик ҳисси билан яшашга ундайди. Афсуски, ҳар тўкисда бир айб кўзга ташланар экан. Оилаларда салбий кўрсаткичлардан бири ажримларнинг сони кўпайиб кетаётганлиги ачинарли ҳолат.

Ҳамкор ташкилотлар томонидан маҳаллаларда, оилаларда олиб борилаётган тизимли тадбирлар, шу жумладан, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан давра суҳбатлари мунтазам равишда ўтказилмоқда. Яраштириш комиссиялари, хотин-қизлар қўмитаси ва оила илмий-амалий тадқиқот марказлари билан биргаликда “Ажрим сабаби ва унинг ечими” шиори остида акциялар, ибратли оила вакиллари билан учрашувлар уюштирилиб,  ФҲДЁ бўлимлари томонидан янги ҳаёт остонасида турган ёш келин-куёвлар учун инновацион мактаб ташкил этилган. Аммо шунга қарамай, ажримлар ҳали-ҳануз давом этмоқда.

Оилавий ажримларни олдини  олиш борасида ҳар бир оилага ўзига хос тарзда ёндошган ҳолда фикр юритишга ҳаракат қилиш, нотинч оилалардаги муаммога ечим топишга ёндошиш, эътибор қаратилса. мақсадга мувофиқ бўлар эди. Жумладан, маҳалла фаоллари билан оилавий муаммоларга кўра, ота-онасининг уйида яшаётган аёллар тўғрисида маълумотларни шакллантириб бориш ва оилаларни тиклаш чораларини кўриш, алимент тўлашдан бўйин товлаётган оталарни жамоатчилик тартибида муҳокама қилиб, фарзандининг моддий таъминлашини назорат қилиш. Ажримларнинг аксарияти қайнона-келин муносабатлари билан боғлиқ эканлигидан келиб чиқиб, маҳалла фуқаролар йиғинида “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмасининг ишини янада фаоллаштириш. Қайноналар Кенгаши раиси ва аъзолигига  махаллада энг муносиб бўлган аёллардан танлаб олиш. Никоҳ тўйидан аввал никоҳ шартномаси тузилиши юзасидан тарғибот- тушунтириш ишларини олиб бориш.

Албатта, фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларга ижтимоий аҳамияти муҳим вазифалар юклатилган. Ушбу вазифаларни тўлақонли бажариш ва халқ билан мулоқот қилиш улардан юксак билим, малака ҳамда тажриба талаб этади. Хусусан, улар нотиқлик, ўз фикрини тушунарли тарзда ифодалаш, мулоқот жараёнида тил грамматикасига тўла риоя этиш, оила муқаддаслиги, унинг қадриятларини  асраб-авайлаш каби сифатларга эга бўлишлари муҳим.

Оила-муқаддас даргоҳ, жамиятнинг бир бўғини эканлигини инобатга олиб, барчамиз оилавий ажримларнинг олдини олишга бирдек масъулият билан ёндашишимиз лозим.

О. АНАРОВ,

 Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

 фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича

 Ангрен шаҳар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари

Энг кўп ўқилган