Мен бу йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг иқтисодиётда ахборот тизимлари факультети талабаси бўлдим. Ҳаммадан ота-онам хурсанд. Аслида программист бўлишни мақсад қилгандим. Танлаган уч олий таълим даргоҳидан шуниси насиб этди. Ота-онам хурсандлигининг боиси ҳам шунда, агар илгаригидек бир йўналишга ҳужжат топшириб, ўқишга кириш лозим бўлганида “йиқилишим” мумкин эди. Онам ҳали ўқишга ҳужжат топширмасимдан яхши ниятлар билан оқ кўйлак, қора шим, галстук олиб қўйди. Тўққиз йил мактабда, уч йил академик лицейда ўқига бўлсам, ҳар йилги одат. Насиб этиб, ўқишга чиқдим. Биздан илк талаб қилингани ҳам форма ва интизом. Бу ҳол эриш туюлмади. Чунки форма масаласи феълимизга сингдириб юборилган. Айниқса, лицейда ўқиганимизда эрталаб эшик олдида қишлик кийимларимиз ичидан кўйлагимизнинг оқ ёқаси билан галстукни кўрсатиб кириш шарт эди. Уйимдагилар ҳам тартиб бир хил бўлиши формадан бошланади деб ҳисоблайди. Лекин ёшларда ўз ёқтирган либосини кийишга, кўркам кўринишга мойиллик бўлиши табиий ҳол. Бу менинг ёшимдагиларда ҳам бор ҳолат.

Университетда учинчи ой ўқиётган бўлсам, бу ердаги шароитга, ички интизомга ўргандим. Уйда эса бир гап. Эрталаб, форма кий, галстук тақ. Лекин кутилмаганда ўтган ҳафта университетимизнинг янги ректори  Қўнғиротбой Шарипов талабалар билан учрашувга галстуксиз келди ва шу ҳафтани галстуксиз ҳафта деб эълон қилди. Буни биз талабалар таълим тизимидаги улкан янгилик деб қабул қилдик. Дарсдан чиқибоқ ишга кетаётган талабаларни кўп кузатганман. Галстукни ечиб, сумкасига ёки чўнтагига жойлайди. Галстук кўп тақилганидан эмас, олиб юрилганидан эскириб кетади. Кейин талабанинг ёмон кўрган матоҳига айланади. Бошқаларга билмадим. Мен учун шундай.

Галстукни ҳам тақадиган кунлар, байрамлар бор. Биз эса биринчи синфдан бошлаб, бўйнимизга осилган матоҳдан чарчаган эканмиз. Биз мустақиллик болаларимиз, деб кўп айтамиз. Ота-онам мустамлака даврида мактаб ўқувчилари қизил рангдаги галстук тақишга мажбур экани ҳақида айтишган. Мустақиллик фарзандларини ранги бошқа галстукка ўтказишдан нима наф. Агар жамиятда табақалашувни йўқотиш учун форма талаб қилинса, болалар формадан бошқа буюмлари билан ҳам ўзларини ажратиб олишаверади. Хуллас, галстуксиз ҳафтани ўтказдик. Дам олиш куни ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаларига форма бекор қилингани ва беш кунлик ўқув ташкил этилгани  тўғрисида хабар тарқалди. Душанба куни илк бор ўзим истаган кийимда (лекин барибир сипо) ўқишга отланар эканман, устозлар тўхтатиб, форма сўрашидан ҳадик ва хавотирда эдим. Йўқ, ҳаммаси жойида. Барибир тўқсон фоиз талабаларда форма бор экан. Мендаги ҳадик уларда ҳам бўлган, шекилли.

Шу ўринда яна бир гап. Биз талабаликка тайёрланар эканмиз, инглиз тилини пухта ўргандик. Ўқув курсларида чет элдаги талабалар ҳақида билиб олдик. Бизнинг уларга ҳавасимиз келган жойи ҳам талабалар исталган кийимида дарсда ўтириши эди. Кейин биз ўзимиз ҳам қайси давлатнинг талабалари ҳаётини ўргансак, бир хил – формасиз эканига ҳайрон бўлардик. (Очиғи ҳавасимиз келарди). Бир хиллик одамни зериктиради баъзан. Айниқса, менинг ёшимдагилар учун.

Биз барибир ўзбек хонадонида вояга етганмиз. Либос масаласи эркин бўлгани билан кўчага хос турли оҳанжомалар киймаймиз. Ота-онам зиёли бўлгани боис оилада этика биринчи ўринда туради. Бу кийиниш, юриш-туриш ва бошқа масалаларда ҳам. Айни пайтда бошқа олий ўқув юртларида ўқиётган ўртоғларим, тенгдошларим бизга ҳавас қилаётганини айтишмоқда. Биз эса оддий кийимда ўқишга боряпмиз. Яшасин, мустақиллик ёшлари!

Улуғбек ХУДОЙҚУЛОВ,

ТДИУ талабаси