Ўзбекистон Сенатининг 30 ноябрь куни очилган 24-ялпи мажлисида аҳолини газ ва электр билан таъминлашдаи муаммолар юзасидан ҳукуматга парламент сўрови юбориш режалаштирилган.

Сенат ялпи мажлиси давомида 10 та қонун лойиҳаси билан биргаликда яна етти масала муҳокамага қўйилган. Уларнинг иккитаси ҳудудлар чегарасини ўзгартириш, учтаси эса айрим долзарб масалалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш билан боғлиқ.

Муҳокамага қўйилган масалалар рўйхати билан қуйида танишиш мумкин:

  • Ўзбекистон Давлат бюджетининг 2019 йилги харажатларига ўзгартиш киритиш тўғрисида;
  • Вазирлар Маҳкамасининг «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил учинчи чорагидаги ижроси юзасидан ҳисоботи тўғрисида;
  • Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри ва Самарқанд тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида;
  • Сурхондарё вилояти таркибида Бандихон туманини ташкил этиш ҳамда Қизириқ, Бойсун ва Қумқўрғон туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида;
  • Давлат божхона хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ва Тошкент вилоятидаги чегара божхона постлари фаолиятини ўрганиш натижаси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида;
  • Арзон уйлар‑жойлар қуриш жараёнидаги муаммолар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида;
  • Аҳолини табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш жараёнидаги муаммолар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ҳақида;
  • Ўзбекистон Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида.

Манба: daryo.uz