Ўсматда бир табиб бор эмиш, энамни олиб, ўша ёққа жўнадик. Жиккак гавдали, мўрчадеккина энам шифокордан қўрқади. Менимча, фобияга шифокор эмас, шприц сабаб бўлса керак. Табиб гиёҳ билан даволайди, кўнглингиз чопмаса, эшон бобо эканлар, дуоларини олиб қайтасиз деб, бир амаллаб кўндирдик.

Хуллас, табибнинг ҳовлисига етиб келдик. Акам энамни ичкарига бошлади, мен боғни айландим. Кечки олмалар ғарқ пишган, япроқлар сарғайиб, тўкилиб бораётган бўлса ҳам мевалар дарахтда ҳамон осилиб турибди. Қиров емаса, узишмайди, шекилли.

Дарахтлар тагига ёғоч ўриндиқлар қўйилган бўлиб, деярли ҳаммаси одамлар билан тўла эди. Кимдир водийдан, кимдир воҳадан ўз дардига шифо истаб келган.

Боғни айланиб бўлгач, бир чеккага ўтдим. Телпак кийиб олган бир киши эътиборимни тортди. Октябрь ойи бўлса ҳам ҳаво телпак киядиган даражада совуқ эмас, аксига олиб, қуёш чарақлаб турибди.

Бу одамнинг боши оғриса керак, деб ўйладим. У бақувват панжалари билан ўриндиқни маҳкам ушлаб, қошини чимирганча, бошини қуйи солиб ўтирар, семизлигидан ҳансираб нафас оларди. Олтмиш ёшлар атрофидаги бу кимсанинг юзи ранги ўчган оштовоқни эслатди.

У бироз ўтиргач, уф тортиб, ўрнидан турди-да, филдай оғир қадам ташлаб, нариги тарафдаги эшикка кириб кетди. Ҳаял ўтмай, елкасига сумка осиб чиқди, атрофга ўғринча назар ташлаб, жуда хомуш алпозда ҳовлини тарк этди.

Табиб энамга гиёҳлардан тайёрланган беш бакалажка дамлама берибди. Энамни олиб уйга қараб йўл олдик.

Йўлда ўша телпакали кишини кўриб қолдим. У бизнинг машинага қўл кўтарди. Акам машинани тўхтатди.

— Трассагача опкетинглар, — деб, машина эшигини очди.

Салом аликдан сўнг йўл-йўлакай ундан-бундан гаплашиб кетдик. Бошида катта яраси бор экан, қаердан пайдо бўлганини билмайди, уч йилдан бери умри азобда ўтаётган эмиш. Бормаган жойи қолмабди, ҳатто, яқинда Ҳиндистонга бориб келибди, бечора.

«Ҳиндистонда ҳам давоси топилмадими?» дедим ҳайратимни яширмай.

— Операция қилдирмоқчи эдим.

— Нима дейишди? Иложи йўқ дейишдими?

— Иложи бор дейишди, лекин ярани калла билан опташлаш керак экан.

Озгина кулишдигу, энамдан балога қолаёздик:

— Ҳазилларинг қурсин, ҳар гапга фаришталар омин дейди болам!

«Табиб нима дейди?», дедим унга раҳмим келиб.

— Кетаяпман. Бир ойдан буён даволанаман, натижа бўлмади. Табиб яна бир ой ётасан дейди. Менда сабр йўқ.

«Энди қаерга борасиз?», деди акам.

— Билмасам...

«Оғрийдими, болам?» сўради энам.

— Кечаю кундуз оғрийди. Айниқса кечқурун.

Анча вақт жим бўлиб кетдик. У манзилига етганда биз билан хайрлашаркан, энамга қараб:

— Бу дардни менга Худо жазо қилиб берган. Кўчадан шайтонни сувини ичардим-да уйга келиб раҳматли келинингизни бошига тепардим, она!.. — деди-ю, ҳеч кимнинг юпатишини кутмай машинадан узоқлашди...

Шониёз МЕЛИБОЕВ