Республика миқёсида Фавқулодда вазиятлар профилактикасини ташкил қилиш хамда 2019 йил 20 ноябрдан 20 декабрь кунига қадар “Аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ойлиги» ўтказилмоқда.

Қиш мавсумида об-ҳавонинг кескин совиб кетиши натижасида газ босимининг пасайиши инсонларнинг электр манбасига бўлган эҳтиёжи ортиши оқибатида ёнғинлар бир мунча кўпаяди. 

Бу даврда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги хизмати хамда маҳаллий ҳокимият, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ҳудудий профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда олиб бориладиган  тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, яъни маҳалла, корхона-ташкилотлар, ўқув ҳамда даволаш муассасаларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига оид суҳбатлар  ўтказиб борамиз.

Сергели тумани Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Ёнғин хавфсизиги бўлими томонидан ушбу ойликни самарали ўтказиш мақсадида туман ҳокимининг қарорига асосан мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил қилинади. Ҳозирги кунда бўлим шахсий таркиби томонидан маҳаллаларда, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида кенг қамровли учрашувлар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, ерости сув қудуқларини текшириш ҳамда ноқонуний қурилишларда ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш, мақсадида туман газ ва электр идоралари ходимлари билан тезкор рейдлар уюштирилмоқда.

Ёнғинни ўчиргандан кўра, олдини олган афзалдир. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишда масъулиятимизни оширайлик. Бу билан ўз ҳаётимизни, давлатимиз ҳамда шахсий  мулкимизни офатдан асраган бўламиз.

Санжар САИДМУРОДОВ,

Сергели тумани ФВВ ЁХБ

инспектори, лейтенант