Куни кеча Чирчиқ шаҳридаги «Маърифат» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тадбиркор Санобар Назирова томонидан барпо этилган 120 ўринли «Ой бола» хусусий болалар боғчаси келажагимиз давомчиларини қабул қилишни бошлади.

3 қаватдан иборат болалар боғчасининг хоналари ёруғ, иссиқ, кенг. Кичкинтойлар 4 та гуруҳда тарбияланади. Бу ерда жажжи болажонларга барча шароит яратилган. Хусусан, 5 маҳал иссиқ овқат, ётоқхона, 120 ўринли зал, гимнастика, мусиқа, математика, инглиз тили, рус тили, тўгараклари фаолият юритади.

Бундан ташқари, боғчада психолог, логопед, ва спорт тўгараклари мавжуд. Фитобар, кислород коктеллари билан таъминланган. Демак, барча ҳавфсизлик чоралари ҳам кўрилган.

— 9 нафар неварам бор, — дейди «Ҳамза» маҳалласида яшовчи Гулчеҳра ая Маминова. — Ушбу янги боғча 1 ёшу 6 ойдан ошган болаларни қабул қилаётгани барча оилаларга маъқул тушяпти. Чунки келинларимиз ҳам ишли-да. Бемалол ишига бориб, қайтишда фарзанд­ларини олиб келишади.

Боғча ҳафтада 5 кун, соат 7:00 дан 17:00 гача ишлайди. 1,5 гектар майдонда жойлашган мазкур болалар боғчасида бассейн, фаввора, ҳатто, ҳайвонот боғи ҳам бор. Муҳими, бу ерга келаётган болалар «қолмайман», деб хархаша қилмайди, балки тезроқ бориш ва кечроқ қайтиш мақсадида қилади барча тўполонини.

Даврон АҲМАД,

«Жамият» мухбири