Бундан 25-30 йил илгари пахта ўзимизда етиштирилишига қарамай, халқимизнинг чит газламасига, чинни заводлар тўхтатилиб, чинни пиёлага зор бўлган вақтлар ўтиб кетди. Бугунги кунда бозорларимиз тўкин-сочин бўлиб, хонадонларимизга файз, оиламиз дастурхонига барака кира бошлади. Уй-жой қурилиш, маиший техника асбоблари, деҳқон, кийим-кечак бозорларда барча нарса муҳайё. Истаган вақтингизда хоҳлаган маҳсулотингизни имкониятингизга қараб олишингиз мумкин. Пул бўлса бас! Бунинг замирида ишбилармон тадбиркорларимизнинг сермашаққат меҳнати ётибди.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, тадбиркорлар орасида пул бўлса, виждонини сотиб юборадиганлари ҳам учраб турибди. Бирор юрт одамлари қандай яшаётганини билишни истасанг, «бозорига бор, мозорига бор» дейишади халқимиз. Тошкентдаги «Чорсу» деҳқон бозорини айланар эканмиз, сочиқ газламалар сотадиган расталарнинг бирида кафанлик жамланмасига кўзим тушди. Унинг ичида 30 метр сурп, 4 метр дока, 4 та чит рўмол, оқ ип, нина, тўғноғичлар дастаси, қайчи, совун, мушки анбар ва зам-зам суви бор эди. Сотувчидан сўрадик:

—      Зам-зам сувини алоҳида сотасизларми ва унинг нархи қанча?

—      100 грамлик идишдагиси 6 минг сўм.

—      Нега зам-зам сувини қўшиб сотаяпсизлар?

—      Тирикчилик.

Кейин бир неча масжид имомларидан сўрадик. Улардан «зам-зам суви тирик инсонлар учун берилган неъмат», деган жавоб олдик. Диний китоблар сотиладиган дўконларда худди шундай ҳажмдаги зам-зам сувини 3 мингдан сотаётганини кўриб, ажабландик. 3 мингдан сотаётган тадбиркор ҳам устама қўйиб сотаётган бўлса, ўзи бу сувнинг нархи қанча экан? Агар бу зам-зам бўлса. Ана сизга ҳалоллик ва тирикчилик. Бозорни куни билан айланиб, тоза ҳаво сотилаётганини кўрмадик, холос. Ажаб эмас, шу кетишда Сўқоқ шашликлари ҳамма жойда сотилганидек, супермаркет дўконларда, ошхона, дорихоналарда Бўстонлиқнинг йодга тўйинган, Бўканинг цементга бойитилган, Зоминнинг кислородга бой ҳаволари сотилса.

Даврон АҲМАД,

«Жамият» мухбири,

Муаллиф олган сурат.