Мудҳиш йилнинг мудҳиш воқеасини эслаш оғир. Аммо айтмаса бўлмайди. 1999 йил, 16 февраль. Тошкент. Соат чамаси 10:30 Йўл-патруль хизмати ходими Икром Қулиев ҳам ўз хизмат вазифасини, яъни Шароф Рашидов ва Алишер Навоий кўчалари кесишган чорраҳада ўтарди. Чорраҳадан давлат аҳамиятидаги ёки кузатувдаги автоуловлар карвони мутлақо ўтмасди. Шундай бўлса-да, сал нарироқдаги Шароф Рашидов ва Матбуотчилар кўчаси чорраҳасида ҳаракат ёпиларди. Ўша куни ҳам кузатувдаги делегациянинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга тайёргарлик кўришга рация орқали топшириқ берилади. Шунда Икром Қулиев Алишер Навоий кўчасидан Шароф Рашидов кўчасига бурилаётган трамвайни ҳам ҳар эҳтимолга қарши тўхтатади. Безовталаниб, шошаётган йўловчиларга озгина сабр қилишини илтимос қилади. Аммо йўловчилар инспектордан норози бўлиб ҳар хил гапларни айтишади.

Гап-сўзлар оқими энди кучаяётган пайтда ИИВ томондан қаттиқ гумбирлаш овози эшитилади. Сал ўтмай ИИВ биноси томонидан Шароф Рашидов кўчаси бўйлаб келаётган транспорт воситаси ўша пайтдаги Нодирабегим кинотеатри қаршисида портлаб кетади. Оқибатда чамаси 200 метрлар узоқда тўхтатиб қўйил­ган трамвай портлаш зарби кучли бўлганидан турган жойида релсдан чиқиб кетади. Бу ҳақда ўша пайтлари матбуотда ҳам ёзишганди. «Халқ сўзи» газетасининг 2000 йил 27 январдаги сонида «Ўша милиционер қаерда экан?» сарлавҳали раҳматнома чоп этилиб, унда шундай дейилганди:

«Ўтган йилнинг энг мудҳиш воқеаси – 16 февраль даҳшатлари ҳануз эсимизда. Фожиалар шундоққина ёнимда содир бўлганиданми, у ҳақда эшитсам, қалтираб кетаман. Чунки мен ва бошқа йўловчилар ҳам фожиа қурбони бўлишимизга сал қолган.

16 февраль эди. Ўзимга тегишли 2711-трамвай вагонини техник кўрикдан ўтказдим. Кейин 8-йўналиш бўйича Бешқайрағочдан Юсуф Хос Ҳожиб бекати томон юрдим. Соат 11 лар чамаси Навоий кўчасидан Ш.Рашидов кўчасига бурилаётганимизда ДАН ходими трамвайни тўхтатди.

— Ҳозир нариги томондан делегация ўтади. Сабр қилиб туринглар, — деди у йўловчиларга эшиттириб. 

Бу, албатта, шошиб турган баъзи йўловчиларда норозилик уйғотди. Аммо асосан кўпчилик тўғри қабул қилди. Буни қарангки, орадан уч-тўрт дақиқа ўтгач, қулоқни қоматга келтирадиган тарзда кучли портлаш содир бўлди. Сўнг бу даҳшат Нодирабегим кинотеатри яқинида такрорланди. Йўловчилар бундан ваҳимага тушиб, ўзларини эшикка урди. Тартибсиз ҳаракатлар бошланди. Шунда ДАН ходими дуч келган томонга қочаётган кишиларни васвасага тушмасликка чақирди ва ҳаракатни тўхтатиб, йўловчиларни хавфсиз томон ўтказиб юборди.

Эсласам, қўрқиб кетаман. Ҳисоблаб кўрдим. Агар ДАН ходими тўхтатмаганда, ўтган фурсатда, мабодо «светофор»га тушиб қолсам, вагон айнан Нодирабегим кинотеатрининг ёнида бўларкан. Табиийки, трамвай ичидаги одамлар ҳам озмунча азият чекмасди.

Портлашдан ўн-ўн беш дақиқа ўтиб, тафтишчилар етиб келди. Вагон турган жойи­дан қўзғалмай қолди. Уч соат деганда ёрдамчи куч билан вагонни олиб кетдик. Ўша лаҳзада яна бир трамвай йўлдан чиқиб кетган, портлаш туфайли пешойнаси синган, ҳайдовчи эса ўзидан кетиб қолганди.

290 минг АҚШ доллари турадиган трамвайни олиб кетаётиб, мен ҳам, тафтишчимиз ҳам ДАН ходимига миннатдорчилик билдирдик. Ҳали тўхтатганига норози бўлган йўловчилар энди уни қучоқлар, бағрига босарди. Лекин ўшанда унинг исми-шарифини сўрамабмиз. Аммо бир далил аниқ. Икки юзга яқин одамнинг ҳаётини сақлаб қолган ўша халоскор сержант ўзбек фарзанди эди...

 

Тўлқин САИДОВ,

Тошкентдаги 2-трамвай депоси ҳайдовчиси,

йўналиш бригадири»

Ўша халоскор йигит Икром Қулиев эди. Одамлар раҳмат айтиш учун ўз ишига сергак бўлган сержантни қидираётган пайтда, афсуски, у ҳибсхонада айбсиз айбдор бўлиб, прокуратура терговчиси томонидан тергов қилинарди. Уни қилмаган ишини бўйнига олишга мажбур этаётган эдилар.

– 1999 йил 19 февраль куни мени республика прокуратурасига чақиришди, — дейди И.Қулиев. – Хизмат қилаётган пайтимда юкхонасини текширмасдан, Мустақиллик майдонига хавфли автоуловни ўтказиб юборганманми, йўқми, текшириш мақсадида, Жиноят кодексининг 208-моддаси билан жиноят иши қўзғатишди. Ўша заҳотиёқ ҳибсга олиндим.

Икром Қулиев шу бўйича беш ярим ойдан кўпроқ вақт Тошкент турмасида сақланди. Терговчилар томонидан барча ҳаракатлар ўрганиб чиқилди. Беш ойдан сўнг маълум бўлдики, инспекторнинг мудҳиш ишларга алоқаси йўқ экан. У хизматни олиб борган чорраҳада хавфсизлик ишлари жойида бўлиб, қайтанга икки юзлаб йўловчи ҳаётини сақлаб қолган экан.

Энди қандай йўл тутиш керак?

Бу ёқда И.Қулиев беш ярим ойдан зиёд ноҳақ ҳибсда сақланаётган бўлса. Бу учун кимдир жавоб бериши керак-да?! Моҳир терговчилар бунинг ҳам йўлини топишди.

– Айбингиз йўқ экан. Тез кунда уйингизга, ишингизга қайтасиз. Терговчи Шуҳрат Абдиевнинг гапидан Икром Қулиев енгил тортади. Бу ёғи озодлик. Ҳақ қарор топди. Хурсанд бўлади-да, ахир. Лекин маҳбус қараса, терговчи Абдиевнинг қўлида қоғоз.

—      Фақат мана шунга қўл қўйиб берсангиз бўлгани.

Икромнинг кўзи беихтиёр қоғоздаги ёзувга тушади. Унда Қулиевга нисбатан қўйилган ЖКнинг илгариги 208-моддаси олиб ташланиб, ўрнига Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми, яъни мансабига совуққонлик билан қараган деган тамға тиркаб қўйилганди. Ҳалигина ҳақсизлик домидан қутулдим, деб суюнган инспекторнинг бу «илтифот»дан сўнг тарвузи қўлтиғидан тушади. Адолатсиз таклифга рози бўлмайди. Лекин унинг додини ким ҳам эшитарди. Мажбурлаб қўл қўйдиришади. Оқибатда 1999 йил 27 июль куни унга нисбатан мавжуд деб топилган жиноят иши Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 30 апрелдаги Амнистия тўғрисидаги фармонига асосан ҳаракатдан тўхтатилади. Шу билан «дело» ёпилади.

– Айбим бўлмаса-да, беш ярим ой қамоқда сақлаб, ишимни судга оширмай, хаёлимга ҳам келмаган ясама айбни тиркашиб, ҳибсхонадан чиқариб юборишди, — дейди у ғамгин.

Дарвоқе, Икром Қулиев уйига қайтади. Лекин ишига эмас. У ички ишлар ходимлари формасини қайта киймоқ ниятида қанча югуриб елмасин, фойдаси бўлмайди. Чунки унинг келажагига аллақачон ИИВ шахсий таркиб билан ишлаш хизмати томонидан нуқта қўйилган эди. Бу шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бошлиғининг ўша пайтдаги ўринбосари А.Юнусходжаевнинг жавоб хатида аниқ-тиниқ қилиб ёзилган. Мана, ўша жавоб:

«Жиноят кодексининг 207-моддаси, 1-қисми билан айб­ланиб, жиноят иши қўзғатилган. Ҳаракатларингиз қонунсиз ҳисобланса-да, жиноятнинг ижтимоий хавфи катта эмаслиги, ёшлигингиз, муқаддам судланмаганлигингизни инобатга олиб, 1999 йил 30 апрель кунидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «9 май – Хотира ва Қадрлаш куни» байрами муносабати билан Амнис­тия тўғрисидаги фармонининг 8-бандига асосан Жиноят процесцуал кодексининг 84-модда, 2-қисми қўлланилиб, жиноят иши ҳаракатдан ётқизилган ва тугатилган.

Юқоридагиларга асосланиб, сизларни ички ишлар идоралари тизими хизматига қайта қабул қилишлик мақсадга мувофиқ эмаслигини маълум қиламиз.»

Бу ерда гап 16 февраль воқеаси бўлишига эътиборсизлик қилган, айби исботланган бир гуруҳ йўл-патрул хизмати ходимлари ва улар қатори айбсиз Икром Қулиев ҳақида кетяпти. Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади, деганларида бу. Ёки...

Бўлди, тамом!

Шундан кейин Икром Қулиевни ҳеч ким эшитмади. Бош прокуратурага ёзган аризаларига «ишга тиклаш масаласида ИИВга мурожаат этишингиз мумкин, ИИВдан эса прокуратура ёки суд томонидан оқланганингиздан кейин ишингизга қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилиши мумкин», деган жавобдан нарига ўтилмади. Мурожаатлари самара бермади. Прокуратура ва ички ишлар идорасининг инсон тақдирини ўйламайдиган айрим ходимлари туфайли изланувчан, ҳаракатчан бир кадрнинг орзу ниятларига шу тарзда нуқта қўйилди. Ўзи жиғибийрон бўлиб айтганидек, на қамалди, на оқланди. Фақатгина ишидан айрилиб, энди 31 ёшга кирганида «аросатда» қолди.

– Қийнала-қийнала йўлимни топдим. Тадбиркорлик билан шуғулландим. Яхши яшаяпмиз. Машинам, данғиллама ҳовлим бор. Рўзғоримизда камчилик йўқ. Дастурхоним тўкин. Лекин ички ишлар ходими бўлиб ишлагим, ишимга тиклангим келади. Бу менинг 20 йиллик армоним. Ҳали-ҳануз ишимни қўмсайман. Офицерлик погонимни тақишимга ярим қадам қолганида, ҳаммаси барбод бўлган эди.

Икром Қулиевнинг куйганича бор. У хизматни қўриқлаш батальонида оддий милиционерликдан бошлаганди. Кейин Тошкент Автомобиль ва йўллар институтини битиргач, йўл-патруль хизмати инспекторлигига қабул қилинган. Жамоат ишидаги фидойилиги учун 1999 йил январь ойида уни раҳбарият офицерликка тақдим қилганди. Бу фахрли тавсия охирига етмай қолди. Офицер бўлишликка ёзилган тақдимнома амалга ошмади. Қоғозда қолиб кетди. Ўша машъум 16 февралда 200 нафарга яқин одамнинг ҳаётини асраган инспекторни мукофотлаш, рағбатлантириб, бошини силаш ўрнига қамашди. Чунки инсоннинг қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқи топталиши чек-чегарасиз бўлган кезлар эди у пайт.

Шукрки, бугун ҳаётга янгича қарашга, соғлом фикрлашга йўл очилди. Ғоя ўзгарди. Ҳатто, судланган одамни ишга олмаслик хато эканлиги, инсон тақдири ўйинчоқ эмаслиги, унинг ҳам меҳнат қилиш ҳуқуқи борлигини тушуниб, бу иллатдан қутула бошладик. Инсонни улуғлайдиган, унинг ҳақ-ҳуқуқини қадрлайдиган давр келди. Бу ҳол ички ишлар органлари ходимлари фаолиятида ҳам намоён бўлгандир, деган мақсадда Ички ишлар вазирлигига бордик. У ерда Икром Қулиевнинг аризасидаги ҳасратини ўқиб чиқишди. Афсусланиб, бош чайқашди. Сўнг қўлимизга ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги Низомни тутқазишди. Унда қуйидаги талаблар муҳрланган эди.

«Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, ички ишлар органларида хизматни ўташга тўсқинлик қиладиган касаллиги ёки жисмоний нуқсонлари бўлган, бошқа давлат органларидан салбий сабабларга кўра бўшатилган, шунингдек, содир этган жинояти учун муқаддам судланган (қўлланилган жазо туридан, судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган ва амнистия акти қўлланилгандан қатъи назар) фуқаролар хизматга қабул қилиниши мумкин эмас».

Низом ҳақида гап йўқ. Мутахассислар, ҳуқуқшунослар унинг устида қунт билан, мукаммал ишлагани билиниб турибди. Аммо Икром Қулиев машъум кунгача 5 йил ишлаб қўйган эди. Демак, бир пайтлари хизматдаги одам саналган. Бугунги кунда эса ҳуқуқлари тикланиб, қадрдон ишига қайтмоқчи, ишига тикланмоқчи. Хизматга қабул қилиш билан ишига тикланишнинг фарқи борку. Яна бир томони Икром Қулиевнинг ёши ўтиб қолгани баҳона қилиниши ҳам мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги «Ички ишлар органлари кадрлари билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида таъкидлаб ўтилган. Яъни ички ишлар органларида хизматда бўлишнинг чегара ёши сафдор ва сержантлар таркиби ходимлари, шунингдек, аёллар учун (мавжуд махсус унвонидан қатъий назар) – эллик ёш, офицерлар таркиби учун эллик беш ёш, генераллар таркиби учун олтмиш ёш этиб белгиланган. Демак, И.Қулиев ўзи ният қилганидек, мундирини қайта кийиб, офицерлик погонини тақишга умид қилса бўлармикин?!

Сўнгги сўз

Воқеалар тафсилотини ёза туриб, ўйланиб қолади киши. Жамиятимиз вакили бўлган бу инсоннинг қисмати оғир кечгани аниқ. Ўша маҳал талаб ва давр шунақа бўлганини биламиз. И.Қулиевга атайлаб, ёмон мақсадни кўзлаб, ҳаётига туб бурилиш ясашни ҳеч ким хаёлига келтирмаган, албатта. Айб қабиҳликда. Тинч ва сокин ҳаётни кўролмасликда. Лекин масалага бугунги соғлом ақл ва равшан кўз билан қараб, янгичасига ёндашадиган бўлсак, хизмат чоғида ҳушёрлик қилиб икки юзга яқин одамнинг ҳаётини сақлаб қолиш жасорат! Модомики, шундай экан, ички ишлар тизими ходимлари сафида юртини, халқини севадиган жон фидо Икромлар янада кўпроқ бўлиши керак эмасми?!

Қурбон ЭШМАТОВ,

«Жамият» мухбири