унда O‘zLiDePнинг ўрни

Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партия­сининг IX Съезди бўлиб ўтди. 

Биласиз, съезд партиянинг олий раҳбар органи ҳисобланади ва унда сиёсий куч фаолиятига дахлдор ниҳоятда долзарб масалалар кўриб чиқилади, ўта муҳим қарорлар қабул қилинади. Шу давргача амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар баробарида муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа — бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ишлар атрофлича муҳокама этилди ва кўрилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.

Тадбирда қайд этилганидек, респуб­ликамизнинг барча ҳудудида янги форматдаги тарғибот акциялари ташкил қилиняпти, шунингдек, PR-кампания давомида партия ўз ғоя ва мақсадларини кенг жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланяпти. Партия ташкилотлари ходимлари, фаолларнинг билим ва малакасини оширишга қаратилган ўқувлар тизимли равишда ўтказиляпти. Зеро, бу йилги сайловлар «Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» шиори остида бўлиб ўтади. Сайлов кодексининг қабул қилиниши, мамлакатимизда яна бир сиёсий партиянинг вужудга келиши ва бошқа бир қанча омиллар бўлажак сайловлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичда, очиқлик, ошкоралик тамойиллари ва кучли партиялараро рақобат, ғоялар ва дастурлар кураши остида бўлиб ўтишидан далолат беради.

— Кейинги йилларда юртимизда ишбилармонлик муҳитининг янада яхшиланиши, хусусий секторни  ҳимоя қилишга қаратилган қатор фармон ва қарорлар, кўплаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани тадбиркорларнинг эркин фаолият олиб бориши учун мустаҳкам замин яратди,  — дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов. — Соҳадаги муваффақиятлар мамлакатимизнинг халқаро майдонда ўз ўрнига эга бўлаётгани, ялпи ички маҳсулотдаги улуши йилдан-йилга ошиб бориши ва аҳоли турмуши фаровонлашувида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Партиямиз мулкдорлар синфи манфаатларини ифодалаш бўйича зиммасига олган вазифаларни тўлиқ бажаришга муваффақ бўляпти. Жумладан, партия хусусий бизнес вакилларининг хоҳиш-истаклари акс этган 40 га яқин қонуннинг қабул қилинишида фаол иштирок этди.

Ўтган беш йил давомида парламентдаги партия фракцияси аъзолари 90 га яқин қонун лойиҳалари ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатди. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига жами 427 та депутатлик сўрови юборилди. Шундан 340 тасига жавоб олинди. O‘zLiDeP фракцияси ташаббуси билан жами 6 марта «Ҳукумат соати» ўтказилди ва бир қатор вазирликлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Бу эса мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч нуқтасига айланган хусусий секторнинг янада жадал ривожланишига хизмат қилмоқда.

Ўтган йиллар давомида депутатлик гуруҳлари томонидан 11 057 маротаба эшитувлар, 44 035 та депутатлик сўрови,  2290 та назорат-таҳлил фаолияти амалга оширилди. Маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссияларига 5000 га яқин таклиф киритилди. Уларнинг 4730 тадан ортиғи сессияларда кўриб чиқилган бўлса, 2829 таси юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Бошланғич партия ташкилотлари ва партия аъзоларининг ўсиши, уларнинг сифат таркибини яхшилаш бўйича ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. 2015 йилда партиянинг бошланғич ташкилотлари 9329 тани ташкил этган бўлса, 2019 йил 1 октябрь ҳолатига кўра уларнинг сони 12 723 тага етди. Партия аъзоларининг сони 248 379 нафардан 754 820 нафардан ошди.

Тараққиётимизнинг янги даврида халқ билан мулоқот қилиш ҳар бир идора ва ташкилотнинг устувор вазифасига айланди. Шу боис, ўтган икки йил давомида партия ҳудудий кенгашлари ва депутатлик гуруҳларидан таркиб топган ишчи гуруҳлар шакллантирилиб, жойларда «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз», «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» каби ўта муҳим дастурлар ижросини ўрганиш юзасидан электорат вакиллари ва аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар олиб борилди. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мазкур жараёнда қарийб 180 мингта хонадонга кириб борилди ва юз минглаб инсонлар, тадбиркор ва фермерлар билан бевосита мулоқотга киришилди.

Партия қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳитни яратиш, хусусий мулк ҳуқуқ ва кафолатларининг ишончли ҳимояланишини таъминлаш, тадбиркорлик ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш, «Бизнесни юритиш», глобал рақобатбардошлик, инновациялар, саноатнинг рақобатбардошлиги индекслари бўйича дунёнинг етакчи 50 та мамлакати қаторидан Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш ва етакчи халқаро ҳамда хорижий молия институтлари билан алоқаларни кенгайтиришнинг истиқболларига қаратилган аниқ вазифаларни қамраб олган.

O‘zLiDeP сиёсий платформасида ўз аксини топаётган масалалардан бири 2020 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш (сервис) иқтисодиётини ривожлантириш Стратегиясини ишлаб чиқишдир.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилди.

Съезд якунида журналистлар, иштирокида брифинг ташкил этилди.

Нуриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

«Жамият» мухбири