Бугун Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур институционал база яратилди.

Айни пайтда фаолият кўрсатаётган 9 200 дан зиёд нодав­лат нотижорат ташкилоти жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришишда муҳим рол ўйнамоқда.

Шу билан бирга ушбу соҳадаги ишларнинг бугунги ҳолати амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фуқароларнинг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, уларнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қондиришда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаол иштирок этишига тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат бермоқда.

Мамлакатнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини тубдан ошириш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси билан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси ўртасида  ҳамкорлик битими имзоланди.

Ушбу битимда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, мазкур институтларнинг жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш учун қулай шароитлар яратиш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқиш назарда тутилган. Шунингдек, мамлакатни модернизациялаш ва жамиятдаги демократик янгиланишлар жараёнида, очиқ демократик давлат қурилиши, «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилини ҳаётга татбиқ этишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг партия билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳам киритилган. Фуқаролик жамияти институтларининг ривожланиши ва уларни ҳимоя қилишга йўналтирилган социал-иқтисодий, ташкилий-сиёсий чораларни амалга оширишга қаратилган дастурларни тайёрлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳам шулар жумласидан

— Ўсиб келаётган ёш авлоднинг баркамол ривожланишига, мустақил фикрлайдиган, жамиятимиз ҳаётида муносиб ўрин эгаллайдиган, мамлакатни янгилаш ва ислоҳ қилишда ҳақиқий ҳал қилувчи куч ва таянч бўладиган, ўз ҳаётий позицияси ҳамда мустақил эътиқодига эга ёшларни тарбиялашга қаратилган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини тизимли таҳлил қилишни ҳам ҳамкорлигимизда акс эттирдик, — дейди «Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров. — Бунда  қонунларни қабул қилиш жараёнида аҳоли, айниқса, ННТ вакиллари ўртасида ҳар томонлама муҳокама қилиш катта самара беради. Оила институтини қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар, ижтимоий шароити оғир бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида уларни иш билан таъминлаш масалаларида ўзаро ҳамкорлик қилиш каби муҳим вазифалар кўзда тутилган.

Ушбу ҳамкорлик меморандуми келажакда иккала ташкилотнинг мақсад ва вазифаларини биргаликда амалга оширишда ватанимиз тараққиёти, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги, миллий тикланишдан миллий  юксалишга ўтаётган жадал даврда жонажон Ўзбекистонимизни ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллашига ишонамиз.

Лутфия МИРЗАЕВА,

«Умрбоқий мерос» Ўзбекистон маданияти ва

санъати тарғибот маркази раҳбари