Инсон учун яратилган энг улуғ неъматлардан бири — нон. Айрим неъматларни бир ҳафта ёки бир ой истеъмол қилмай юриш мумкин. Лекин нонсиз яшашни тасаввур этиш қийин. У халқимиз учун энг азиз ва дастурхонидан узилмайдиган маҳсулот. Мана шу азиз неъматнинг нархи кўтарилишига оид  ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамалар бўлмоқда.

— Халқимиз учун ноннинг қадри нақадар юксаклиги барчамизга маълум, — дей­ди Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси бош инспектори Зуҳрахон Муллажонова. — Шуни ҳисобга олган ҳолда  Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрда «Донни қайта ишловчи корхоналар ва қолипли нон ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Унга кўра, маҳаллий дондан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган ун асосида қолипли нонни тайёрлаш ва сотиш 2020 йилнинг 1 июлигача қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди. Аёнки, бундай имтиёз корхоналарнинг нонни ўзгармаган нархда сотишини кафолатлайди.

Демакки, ноннинг нархи кўтарилмайди. У шу пайтга қадар қандай қийматда сотилган бўлса, бундан кейин ҳам шундай давом этади, деганидир.  Аниқ мисолга ўтсак. Андижон шаҳридаги «Тошкент Премиум» масъулияти чекланган жамияти бугунги кунда 2 тоннага яқин маҳаллий унни қайта ишлаб, 5 мингтага яқин сифатли қолипли нонни шаҳардаги 30 дан ортиқ дўконга етказиб бераётир. Ҳар бир ноннинг оғирлиги 520 граммни ташкил этади.

— Янги қарор фақат бизни эмас, аҳоли манфаатлари ва эҳтиёжларини инобатга олиб, қабул қилингани билан  аҳамиятли, — дейди жамият раҳбари Ғуломжон Аҳмедов. — Биринчидан, қўшилган қиймат солиғидан озод этилишимиз туфайли корхонамиз ҳар ойда ўртача 8 миллион сўм маблағни тежаб қоларкан. Аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олиб, биргина бизнинг корхонамиздан давлат шунча маб­лағдан воз кечяпти. Шундай экан, ноннинг нархини кўтаришимизга ҳеч қандай асос йўқ. Қайтага, уни халқимиз учун энг қулай нархда тақдим этишимиз жоиз. Йил бошидан буён дўконларга қанчадан бераётган бўлсак, ҳамон ўша нархда — минг сўмдан  етказиб беряпмиз.

— Ҳар куни ишдан қайтишда дўконга кириб, албатта, нон сотиб оламан, — дейди Ойбек Қодиров. — Ноннинг нархи ўзгаргани йўқ. Ўтган, ундан аввалги ойларда ҳам шу нархда олардим. Ҳозир ҳам шундай.

«Нон қимматлашаркан», деганга ўхшаш гаплар асоссиз. Кўриниб турибдики, асосий исътемол маҳсулотининг нархида ҳеч қандай ўзгариш йўқ.  «Тириклик ва ризқу насиба» деб таърифланадиган нон ишлаб чиқарувчиларини ҳукуматимиз қўллаб-қувватлаб, уларга имтиёзлар тақдим этиб, нарх-наво ошиб кетишига чоралар кўраётган экан, биз ҳам азиз неъматнинг ушоғини-да қадрламоғимиз керак. 

Дилмурод ПАРПИЕВ,

Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси

жамоатчилик билан

алоқалар ва ҳуқуқий

ахборот шўъбаси катта

инспектори

Энг кўп ўқилган