Ипотека кредити асосида уй-жой ҳарид қилиб, уни тўлай олмаяпсизми? Кредитингизни  тезроқ тўланг, ой ниҳоясига етяпти, дея банк ходимларининг қўнғироқ қилишидан чўчияпсизми? Бу муаммони ечиш учун кимдандир яна қарз олишингиз шарт эмас. Чунки «Адолат» социал-демократик партияси халқимизни қийнаётган мазкур муаммони бартараф этиш бўйича амалий ташаббусга қўл урди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонун ташаббускорлиги ҳуқуқларидан фойдаланиб, «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси тайёрланмоқда.

Мазкур қонун ло­йиҳаси уй-жой харид қилиш учун жалб этиладиган ипотека кредитлари фуқароларнинг кўп йиллик меҳнат фаолиятини қамраб оладиган, узоқ муддатли ва қатъий мажбурият эканини инобатга олиб ишлаб чиқилмоқда.

Бугунги кунда фуқароларга ипотека кредитларини бериш билан деярли барча тижорат банклари шуғулланмоқда. Хусусан, тижорат банклари томонидан 2017 йилда 2 триллион 826 миллиард сўмлик 25 970 та, 2018 йилнинг 1 август ҳолатига кўра 1 триллион  250 миллиард сўм миқдорида 13 930 та ипотека кредитлари ажратилган.

Депутатлар таҳлилига қараганда қонун ҳужжатлари ва амалиётни ўрганиш мазкур соҳа мамлакатимизда ҳали талаб даражасида ривожланмаганини кўрсатмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири ипотека кредитларини бериш тартиби ва шартлари фуқароларга бир қанча қийинчиликларни юклаётганидир. Масалан, ипотека кредитини олишдан олдин сотиб олинаётган уй-жой нархининг 10 фоиздан 25 фоизгача олдиндан тўлаб бериш мажбурияти қўйилгани кредит олингандан сўнг уни олган шахснинг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар моддий аҳволининг маълум сабабларга кўра ўзгаргани муносабати билан кредит шартларини қайта кўриб чиқиш (реструктуризация қилиш) имконияти мавжуд эмас. Бу эса фуқаролар манфаатлари талаб даражасида таъминланмаётганидан далолат.

Ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасида ипотека олувчи мажбуриятларини бажаришига касаллиги ёки ишдан бўшагани ёхуд фарзанд кўргани учун таътилдалиги сабабли имконияти чекланган ҳолатларда тўловлар учун таътиллар (ипотека таътиллари) берилиши кўзда тутилган. Бунда  таътиллар миқдори уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга, лекин ипотека даврида уч мартагача берилиши, бироқ бир йилда бир марта кечиктириш ҳуқуқи шартноманинг шартида кўрсатилиши белгиланмоқда.

«Адолат» СДП депутатлари томонидан таклиф этилаётган мазкур қонун лойиҳаси ипотека кредити олган истеъмолчилар, халқимиз иқтисодиётини ва фаровонлигини барқарорлаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

 «Адолат» СДП

Матбуот хизмати.

Энг кўп ўқилган