Мажбурий ижро бюроси Пастдарғом тумани бўлими томонидан тегишли соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда “Жума” газ тақсимлаш станциясида жойлашган “Жасорат” маъсулияти чекланган жамиятига қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ўрнатилган электрон газ ҳисоблагич хотирасидаги маълумотлар ўрганилди.

Текширишларда электрон газ ҳисоблагичнин параметрларига ташқи таъсир кўрсатилгани натижасида 2019 йилнинг 1 апрелидан 10 апрелига қадар босимлар фарқи бўйича кам кўрсатаётгани аниқланди.

Шунингдек, бу ҳолат бўйича электрон газ ҳисоблагич хотирасидаги маълумотлар электрон архив маълумотларининг ўзгартиришларни қайд этиш журналидаги маълумотларда ҳам ташқи таъсир кўрсатилгани тасдиқланган.

“Жасорат” масъулияти чекланган жамиятига қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ўрнатилган электрон газ ҳисоблагич ускунасига ишлашига рухсатсиз ташқи аралашув бўлгани исботини топди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги 838-сон “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори ҳамда “Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига табиий газ етказиб бериш” шартномасининг тегишли банди бузилгани маълум бўлди. Бунинг оқибатида эса газ ҳажми нотўғри ҳисоб-китоб қилиниб, 156 минг 839 метр куб ҳажмдаги табиий газ ишлатилган.

Натижада давлат манфаатига 88 миллион 401 минг сўмлик зарар етказилган. Қилмишини англаб етган жамият раҳбарлари етказилган зарарни тўлиқ тўлаб беришди.

Дилшод АРИПОВ,

Мажбурий ижро бюроси

Самарқанд вилоят бошқармаси

катта инспектори.