Ишдан кеч қайтаётиб ҳафтада бир тўхтаб ўтадиган жойим — уриниб қийшайиб қолган стол устида майда-чуйда нарсалар сотадиган болакайни кўриб, мошина тормозини босдим. Соатга қарадим: 00:42. Болани чақирдим. 5 ёки 6-синфда ўқиса керак деб ўйлардим. 2-синф экан.

Кўп кўраман бу болани. Сигарет олдим. Одатдаги нархдан минг сўм кўп айтди.

— Нега қиммат, доллар ошганигами?— сўрадим кулгандай бўлиб.

— Э, амаки, доллар нималигини билмайман, лекин сотадиган нарсаларимиз қимматлашди.

У бу гапни шундай оҳангда айтдики, саволим ўзимга майда, жуда-жуда майда туюлди.

Нега ярим кеч бўлсаям уйга кетмаётганлигини, ота-онаси нима иш қилишини сўрадим.

— Ҳов, ана ойим, — деди у сал нарироқда тескари қараб ўтирган жувонни кўрсатиб. — Мендан ташқари яна иккита укам бор. Бизни боқиш учун онам кун бўйи мардикорлик қилади, кечқурун эса мен нарса сотаман, у менга қарайди. Отам эса ҳар куни ичади. Онамни уради. Уйга боргандан кўра шу ер, шу кўча яхши.

Мен иккинчи синф боласнинг ҳали мурғак бўлишига қарамасдан эрта юкланган масъулият боис кексайиб қолганини англаб етдим. Ва яна бир нарсага амин бўлдимки, кўп кузатганмиз: амалдор, қовоғидан қурт ёғиладиган одамларнинг фарзандлари ҳар доим ҳам рисоладагидек камол топмайди. Аксинча, қийинчиликда ўсганлар асл фарзанд бўлади. Алкашнинг боласи ақлли-ҳушли, ақллининг боласи худо безори бўлганини кўп кўрганмиз.

Хуллас, ўша куни қаршимда саботсиз отасининг қилиқларидан уялиб улғаяётган БОЛА, одамларнинг иш билан таъминлаётгани борасидаги айрим сохта ва ёлғон кўрсаткичларни синдириб ташлаган ҲАҚИҚАТ турарди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ