Бироқ, туялар нимани ёқтиради, уларнинг яшаш тарзи қандай, ўзига хос хислатлари бўлиши ҳақида ҳаммамиз ҳам ўйлаб кўравермаймиз. Булар ҳақида адоқсиз яйловларда от чоптириб, туя соғиб юрган конимехлик Нурсифат Пашшаева сўзлаб берди.

– Туяларнинг ўзига хос айрим жиҳатлари борки, бошқа чорва молларига сира ҳам ўхшамайди, – дейди Нурсифат. – Мисол учун, туялар тозаликни ва тартибни ёқтиради. Соғиш учун борганимизда, албатта, таҳорат қилиб, ювиниб борамиз, бўлмаса, яқинига йўлатмайди. Туялар ҳам буталоқлар ҳам соғиш вақтимизни яхши билади. Шу боис соат миллари аниқлигида кетма-кетликда соғиш жойига келиб туради. Соғиб бўлганимиздан кейин онаси ўз жойига, боласи ҳам белгиланган жойга боради. Агарда тартибни бузиб, кечикиб боргудай бўлсак, соғдирмайди. Сут бермай қўйиши ҳам мумкин. Туялар агар истаган вақтида озуқланмаса, сутига таъсир қилади. Зеро, туя сутининг мазаси қандай озуқа билан озиқлангани ва ичган сувининг сифатига қараб ўзгаради.

Туялар саҳрода бўлса, кунига уч маҳал соғиш мумкин. Бироқ, Конимех туманидаги “Конимех Қизилқум шубат” масъулияти чекланган жамияти яқинда ташкил этилгани, туялар кўпроқ бир жойда тургани боис икки маҳал соғилади. Бир тарафда буталоқлар, бир тарафда соғувчилар... Одатда сигирлар соғилганда бузоқларни боғлаб қўйса бўлади.

– Туяларни бўйни узун, ип билан боғлаб бўлмайди, – дейди Нурсифат. – Бўйни эгри бўлгани билан кўнгли нозик. Шунинг учун соғувчи чаққон ҳаракат қилиши керак, йўқса, боласи эмиб қўяди. Энг қизиғи, улар кайфиятингизни билади. Яхши кайфиятда борсангиз, яхши кутиб олади. Бўлмаса, жаҳл қилиши мумкин. Яна бир тарафи – туялар ўзи ўрганган одамга ва унинг либосига ўрганиб қолади. Бошқа одамни яқинлаштирмайди. Либос ўзгарса ҳам тихирлик қилишни бошлайди. Ҳидлаб кўради.

photo5251591581406964688.jpg

Айтишларича, туялар ёзда 10 литргача сут берар экан. Аммо, бошқа мавсумда икки-уч литрга тушиб кетар экан. Айни вақтда корхонада кунига 17 туя соғилиб, 30 литр сут олинмоқда.

– Оч қоринга қатиғини, тўқ қоринга сутни ичиб бўлмайди, – дейди Нурсифат. – Агар организмнинг касалликларга қарши чидамлилиги паст бўлса, жигар, саратон каби касалликларда ҳам даво сифатида қўлланилади. Ҳар куни туяларни соғишимизни кутиб турадиган мижозларимиз бор. Сотувдан қолган сут бир кун ўтиб шубат, яъни қатиқ қилинади. Шубатни етти кун сақлаш мумкин. Турган сари фойдаси ортади.

Маълумотларга кўра, туя сути табиий, тоза асал билан ичилса, гижжаларни йўқотиб, меъда-ичак тизимидаги яраларни тузатар экан. Янги соғилган туя сути гастритга даво ҳисобланади. 

Шунингдек, сил касаллиги ва пневмония (зотилжам)да ҳам табиблар туя сутини ичишни тавсия этишади. Шакар билан аралаштириб ичилган туя сути тери рангини тиниқ ва чиройли қилади, ажинларни текислайди.

Атрофда юрган ранг-баранг, катта-кичик йигирмага яқин туяларни кузатамиз. Улар ҳар куни 100 гектардаги яйловда ўтлатиб келинар экан. Шунингдек, улар парваришланаётган жойда сомон ва йўнғичқа каби ўтлардан захира ғамлаб қўйилган. 

Одатда бошқа чорва моллари ёнига озуқаси уюб қўйилмайди. Улар бўкиб қолиши мумкин. Туяларда эса бундай бўлмайди. Бу ақлли жониворлар меъёрни яхши билади.
 


Сайёра ШОЕВА,
 
Манба:ЎзА