Сарҳисоб ҳар қандай соҳанинг ривожланишини таъминлаб берувчи омилдир. Ўзига хос бу таҳлил қилинган ишларнинг натижаси, шу билан бирга камчиликларни яққол кўрсатадиган кўзгу.

Парламент Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг сентябрь ойи якунлари бўйи­ча фаолияти муҳокамасида ҳам бир ойлик таҳлил, натижа ва камчиликлар муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, мазкур ойда қўмита учун энг муҳим бўлган қарорлар қабул қилинди. Қонун ижодкорлиги йўналишидаги айрим ҳужжатларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, қуйи палата ялпи мажлисларида муҳокама қилинган қонун лойиҳаларига қўмита томонидан 31 та таклиф киритилди.

Муҳокамалар давомида қўмита масъ­уллигида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларининг ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, айни пайтда қўмитада «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда депутатлар муҳокамасига тайёрланмоқда. Таъкидлаш лозим, лойиҳани такомиллаштириш юзасидан 100 дан ортиқ таклиф келиб тушган. Улар сиёсий партиялар фракциялари, шунинг­дек, қонун лойиҳасининг Андижон, Тошкент, Сирдарё вилоятларида ўтказилган жамоатчилик муҳокамалари давомида иштирок этган фаол фуқаролар томонидан билдирилган.

Уларнинг айримларида лойиҳадан 1 та моддани чиқариб ташлаш таклиф этилган бўлса, бошқаларида 5 та янги модда киритиш лозимлиги таъкидланган. Ҳар бир таклиф ортида эса одамлар ҳаёти, инсонлар тақдири турганини инобатга олиб, лойиҳада акс эттиришга ҳаракат қилмоқда.

Қўмитада ўтказилаётган муҳокамаларда бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашда одил судловнинг ўрни, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳисобга олиш масалаларини қонун лойиҳасида акс эттириш масалалари қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўляпти. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ногиронларни ҳисобга олиш тиббий йўсинда амалга оширилиб, ижтимоий мавқеи­дан келиб чиқмайди. Соддароқ қилиб айтганда, ногиронлиги бўлган шахс тиббиёт муассасаларига мурожаат қилсагина рўйхатга олинади. Бироқ кўпчиликда:  у юролмайдиган, аммо соғлом пенсионер бўлсачи, деган савол туғилиши табиий. У ногиронлиги бўлган шахслар қаторига киритилмайди. Баҳс-мунозараларнинг боиси ҳам шунда.

Қўмита аъзоси Адҳам Назирқуловнинг таъкидлашича, ногиронлиги бўлган шахсларни протез ортопедия буюмлари билан таъминлашда муаммолар мавжуд. Бироқ уларни ишлаб чиқариш бирон қонунда акс этмаган. Шу сабабли мазкур қонун лойиҳасига протез ортопедия буюмларини ишлаб чиқариш ва реализация қилишни тартибга солувчи нормаларни киритиш лозимлиги таъкидланди. Депутатнинг таклифи маъқул деб топилди ва керак бўлса, ана шундай корхоналарга бориб, уларнинг муаммоси ўрганиладиган бўлди.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларни санаторий курорт муассасаларида, оддий касалхоналарда даволаниши учун ордер бериш тартиби ҳам очиқ қолаётгани қўмита аъзоларида эътирозларга сабаб бўлмоқда. Ушбу масалани қонун ташаббускорлари билан муҳокама қилиб, имкон қадар лойиҳада акс эттиришга келишиб олинди.

Мазкур қонун лойиҳаси қўмитада кўриб чиқилаётган 2 та муҳим ҳужжатлардан биридир. Бундан ташқари, сентябрь ойида 3 та конференция, 2 та назорат таҳлил ишлари олиб борилди. Йиғилиш давомида октябрь ойида қўмита томонидан амалга ошириладиган ишлар режаси келишиб олинди.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Меҳнат ва ижтимоий масалалар

қўмитаси раиси ўринбосари

Энг кўп ўқилган