Мамлакатимизда кейинги пайтларда ОАВга кучли фуқаролик жамияти қуриш, ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтириш, инсон манфаатларини ҳимоялашнинг муҳим мезонларидан бири сифатида қаралмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев журналистлар фаолияти ҳақида гапириб: “Бугун биз дунёдаги узоқ-яқин давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, юртимиздаги демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштиришга интилар эканмиз, бошқа соҳалар қатори оммавий ахборот воситалари фаолияти бўйича ҳам ҳали кўп иш қилишимиз кераклигини яхши тушунамиз. Оммавий ахборот воситалари сўзда эмас, амалда “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши зарур. Бу – замон талаби, ислоҳотларимиз талаби”, – деб таъкидлаган эди.

Бугун журналистикада ахборот олиш имкониятлари мисли кўрилмаган даражада ривожланган даврда баландпарвоз гаплар ёки қуруқ сафсата ўтмайди. Ёлғонга, маддоҳликка, нохолисликка ва буюртмага асосланган журналистиканинг умри қисқа. Фикримизча, бугун журналистларимиз ҳам ўзининг ишига, касбга бўлган муносабатини ва умуман, ёндашувини ўзгартириши керак. Акс ҳолда одамлар бизнинг мақоламизни ўқимайди, радиомизни эшитмайди, кўрсатувимизни кўрмайди, сайтимизга кирмайди. Бу нарсалар ҳаммаси осмондан олиб ёзилгандай бўлади. Натижада одамларимизнинг онгида ахборот бўшлиғи пайдо бўлади. Бу бўшлиқни бошқа ёқдан тўлдиришга эҳтиёж туғилади. Оқибатда биз билиб билмай, ўз миллий ахборот маконимизни, ўз позициямизни турли мақсадларни кўзлаган чет эл ОАВгабериб қўямиз!

Бугунги кунда Президентимизнинг ўзи ҳам журналистларни очиқ бўлишга, рўй-рост гапиришга ундаяпти. Ўзлари ташаббус билан чиқаяптиБунақа имконият қачон бўлган? Шундай имкониятдан фойдаланмасликни ношукурлик деб аташ керакми ё журъатсизлик?

Аслида, бу ҳолат фақат бизнинг соҳага тааллуқли эмас. Жойимизда депсиниб тураверсак, ҳеч қачон олдинга силжимаймиз. Бир қадам ёки ярим қадам бўлса ҳам фақат олдинга ҳаракат қилиш керак. Айниқса, жамият кўзгуси вазифасини бажариши лозим бўлган матбуот соҳаси бошқалардан бир қадам олдинда юриши даркор. Чунки жамият ҳаёти тез илдамлаб кетяпти. Мен бир расмий газетанинг бош муҳаррири сифатида тўлиқ масъулият билан айта оламанки, бугун журналистларга ҳеч қандай чекловлар ёки тақиқлар йўқ. Ҳар қандай мавзу бўлса, уни қонун доирасида ва умумманфаат йўлида бемалол кўтариб чиқишимиз мумкин, фақат холислик ва ишончли фактларга асосланилган бўлса, бас!

Тан олиш керак, кейинги даврда босма ва электрон ОАВда танқидий, таҳлилий мақолалар кўлами кенгайди. Бундай мақолалар ва чиқишлар кенг жамоатчилик орасида, ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Баҳсларнинг аҳамияти жуда катта. Чунки кучли фуқаролик жамияти шундай баҳсларда, муҳокамаларда шаклланади ва ривожланади. Кучли фуқаролик жамиятисиз ислоҳотларни амалга ошириш қийин.

Оммавий ахборот воситалари том маънода эркин бўлиши жамиятнинг тараққиётига туртки бўлади. Бу инкор этиб бўлмайдиган қоида!Журналистлар, блогерлар ҳақиқий сўз эркинлигининг қарор топиши, жамиятдаги турли қонун бузилишларни, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари поймол этилиши, ислоҳотлар жараёнидаги турли камчиликлар ва кўзбўямачиликлар каби ҳолатларини фош қилиб, давлат органлари билан халқ ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаяпти. Журналистнинг вазифаси бирон бир танқидий, таҳлилий мақола орқали кимнидир тарбиялаш, яхши ва ёмонни ажратиб бериш ёки ҳукм чиқаришдан иборат эмас, аксинча, бўлаётган воқеликни холисона ёритиб унга кўзгудаги аксини кўрсатишдир.У бу муаммони кўтариб, ечимини топишни ва айбдорларга тегишли чора кўришни, хулоса чиқаришни масъул мутасаддилар ва жамоатчилик эътиборига ҳавола қилади. Шу боис амалдорлар ҳеч қачон журналистларни ўзларига хавф ёки душман сифатида кўрмаслиги керак. Ҳар ҳолда мазкур давлат хизматчиси ҳалол ишласа, у журналистлардан қўрқмаса ҳам бўлади.

Бироқ бугунги реаллик шуни кўрсатмоқдаки, оғриқли муаммолар ва камчиликлар журналист томонидан матбуотда кўтариб чиқилиши, бюрократия ботқоғига ғарқ бўлган, эскича фикрлашдан воз кечолмаган баъзи бир раҳбарларга ёқмаслиги тайин. Натижада танқид қилган ижодкорга нисбатан жамиятни “қайраш” журналистни яккалашга уриниш, унга турли йўллар билан тазйиқ ўтказиш ҳолатлари учрамоқда. Журналистнинг эркин фаолиятига тўсиқ қўйилмоқда. Энг ачинарлиси, бу жараёнда баъзи амалдорларнинг бундай жирканч ўйинларига айрим ҳолларда журналист ва блогерларимиз ҳам қўшилиб, ҳамкасблари устидан мағзава тўкишда иштирок этиш ҳоллари-да кўпаймоқда.

Яқинда шундай ҳолат газетамиз мухбири Давлатназар Рўзметов водий вилоятларига хизмат сафарида бўлганда Наманганда ҳам содир бўлди. Мухбиримиз Наманган шаҳрида бир нечта муаммоларни кўтариб чиқди. Жумладан, ҳозирги кунда кам таъминланган ва ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар яшаётган Педагогика коллежи эски ётоқхонасининг хароба ҳолини, Наманган шаҳри “Гулбоғ” маҳалласидаги қабристоннинг муҳофаза ҳудудидаги ноқонуний қурилишни, “Саховат” уйида яшовчиларнинг интернатни ёпмаслик хусусидаги мурожаатларини, шунингдек, “Ёғоч маҳсулотлари савдоси” МЧЖ тегишли суд қарорлари мавжудлигига қарамай, Наманган шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари томонидан ҳуқуқлари поймол этилаётгани билан боғлиқ қатор камчилик ва муаммоларни кўтариб чиққан эди. Мухбиримиз томонидан муаммолар ёритилганидан сўнг ётоқхонада таъмирлаш ишлари ўтказилди.Ётоқхонада яшаётганларнинг муаммолари мутасаддилар томонидан ўрганила бошланди.Таҳририятимизга ётоқхонада яшовчи бир нечта фуқаро миннатдорчилик билдириб, қўнғироқ қилди. Қабристон ёнидаги қурилиш тўхтатилди. Бироқ юқоридаги муаммоларнинг кўтарилиши кимларгадир ёқмаган шекилли, ижтимоий тармоқларда ва вилоятдаги айрим расмий ОАВда мухбиримиз Давлатназар Рўзметовни обрўсизлантириш мақсадида унга қарши турли бўҳтон ва иғволар тарқатиш кампанияси бошланди. Энг қизиғи, журналистни қоралаш кампаниясида фаол иштирокэтиб, ўзи бош муҳаррирлик қилувчи vodiymedia.uz сайтида тасдиқланмаган, миш-мишларга асосланган бешта мақола эълон қилган журналист Дилмурод Жумабоев вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати раҳбарлиги лавозими билан сийланди. Бизда мухбиримиз ўрганган мавзулар юзасидан барча аудио ёзувлар бор. Аммо журналистика этикаси нуқтаи назаридан эълон қилмадик.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шу пайтгача Давлатназар Рўзметов турли вилоятлардан тайёрлаган танқидий-таҳлилий мақолаларда кўтарган муаммоларнинг барчаси ўз тасдиғини топган. Бу эса журналистнинг эҳтиросга берилмасдан, муаммони ҳар томонлама батафсил ва холисона ўрганганидан далолат беради. Мухбиримизга Наманганда амалга оширилган ахборот ҳужумларида жуда кўплаб танқидий мақолаларида тилга олинган Хоразм вилоятидаги баъзи журналистлар ҳам “жонбозлик” кўрсатиб, Рўзметовни қоралаш билан шуғулланиши пасткашлик эмасми?Наманганда мухбиримиз ёритган муаммоларни қайта ўрганиш учун ўринбосаримни жўнатишимизга тўғри келди. Натижада мухбиримиз кўтарган барча фактлар ўз тасдиғини топди. Шундан кейин “Жамият” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Н.Убайдуллаев Д.Рўзметов билан вилоят ҳокими қабулига кириш учун борганда юқорида номи тилга олинган Дилмурод Жумабоев ўзини вилоят ҳокимининг матбуот хизмати раҳбариман, дея таништириб, биринчи раҳбар билан учрашишга тўсқинлик қилади. Боз устига, ўша ерга уч-тўртта аёлни чақиртириб Давлатназар Рўзметовга қарши провокация уюштиришга ҳаракат қилади. Буни қандай тушуниш мумкин?

Беихтиёр бир ҳикмат ёдга тушади. Ўрмонда болта ҳамма дарахтларни чопа бошлабди. Дарахтлар бунга қарши қандай чора кўриш ҳақида ўйлашаркан, кекса бир чинор тилга кириб: “Қаршилик қилолмаймиз, ахир, болтанинг сопи ўзимиздан” деган экан...

Намангандаги ҳолатлар бўйича биз турли бўҳтонларни тарқатаётган, маддоҳликни касб қилган журналистларни судга беришимиз мумкин эди.Бироқ Наманган вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Раҳимжон Турдиалиевич Ирисовнинг мухбиримизнинг журналистик фаолиятига эътирози йўқлиги ва унга нисбатан уюштирилган ахборот хуружидан афсусдалигини билдириб, узр сўрагани боис бу ишни қилмадик. Қолаверса, ўз ҳамкасбларимиз билан судлашишни эп кўрмадик.

Ушбу мавзуга биз тўхталиш ёки қайтиш ниятимиз йўқ эди, бироқ мухбиримиз ҳозирда яна водий вилоятларида хизмат сафарида. Унга турли тазйиқ ва таъқиблар қилинмоқда. Шу боис ходимимиз хавфсизлиги учун мамлакатимизнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари мутасаддиларининг Наманган вилоятида журналистни танқид учун таъқиб қилиш ҳолатларини ўрганиб чиқишини расмий равишда сўраймиз.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

“Жамият” газетаси ва “bong.uz” сайти бош муҳаррири

 

Манба: ЎзА

Энг кўп ўқилган