Буни ҳаёт дейдилар

 

Талабалик даврим. Ёзги таътил тугади. Қишлоқдан Тошкент шаҳрига йўлга чиқдим. Одатда, отам (охиратлари обод бўлсин) мени вокзалгача олиб чиқиб, автобусга миндирардилар ва кузатиб қолардилар (мен ўзини эплайдиган йигит бўлиб қолувдиму, лекин отамга суяниш, унинг ўғли бўлиш менга ёқарди).

Уйимиздан вокзалгача 20-25 км. Келгунча иккита таксига чиқамиз. Хуллас, вокзалга етиб келдик. Мен автобусга жойлашдим. Отам йўл кирани тўладилар. Автобус тўлишини бир-бир ярим соатча кутиб турдик. Отам автобус юрмагунча кетмасдилар. Бу орада менга сомса, сув, писта ва ҳоказоларни олиб чиқиб бердилар. Инсонлар, айниқса болаларга меҳрибонлик қилиш отамнинг хоббиси эди. Ниҳоят автобус қўзғала бошлади. Отам мен билан хайрлашдилар ва ортга қайтдилар.

Автобус вокзалдан йўлга чиқди-ю, яна тўхтади. Автобус ойнасидан ташқарига қарадим. Келган йўлимиздан отам пиёда кетиб борардилар. Шунда хаёлимга бир фикр келди-ю, қотиб қолдим. Менинг тахминим бўйича отам чўнтакларидаги бор пулни менга харажат қилганлару, қайтиш учун таксига пуллари қолмаган. Кўзларимга ўшанда келган ёш ҳалигача кетмайди. Бу воқеани қариндош-уруғлар даврасида айтиб қолсам, “шунақа одам эди худо рахмат қилсин” дейишади ва отамнинг яхшилиги ҳақидаги ўз ҳикоясини бошлашади.

Худога минг шукр қиламан, мени шундай танти, мард ва элпарвар одамнинг фарзанди қилиб яратганига.

БУ МЕНИНГ ОТАМ...

 

Ахтам РЎЗИМУРОДОВ

Энг кўп ўқилган