Мактаб энг улуғ даргоҳ. Билимлар  оламига илк қадам, ўзликни англаш, касб-ҳунарга интилиш, беғубор орзулар бошланадиган маскан.

Бугун юртимизнинг барча мактабларида "Биринчи қўнғироқ” тадбирлари бўлиб ўтди. Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги 2-сон умумий ўрта таълим мактабида ҳам бу тадбир юқори кайфиятда, мехнат фахрийлари, ота-оналар ва бир қатор ташкилотлардан келган меҳмонлар иштирокида ўтказилди.

photo_2019-09-04_18-49-42.jpg

Тадбирда туман ҳокими сўзга чиқиб, давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб вояга етказишга кўмаклашишдан иборат экани, бу борада юртимизда таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилаётгани, айниқса, ёшларнинг билим олиши ва касб танлаши борасидаги ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида олий ўқув юртлари, мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасалари, спорт иншоотлари замон талаблари даражасида бунёд этилиб, етарли шарт-шароитлар билан тўлиқ таъминланаётгани, шу қатори тумандаги мазкур 2-сон мактаб ҳам тўлиқ таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этгани хусусида мулоҳаза юритди.

photo_2019-09-04_18-49-40.jpg

Ҳақиқатдан ҳам "Обод марказ” дастури доирасида мактабда ўқувчиларнинг етарли шароитга эга бўлиши, уларнинг билим олиши учун барча имкониятлар яратилди. Янгидан жиҳозлар келтирилиб, мактаб тўлиқ, янги замонавий қиёфа касб этди.

Мазкур мактабнинг умумий қуввати бугунги кунда 640 ўринли. Унда 622 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Жорий ўқув йилида 60 нафар 1-синф ўқувчилар қабул қилиниб, уларга 12 номдаги ўқув қуроллари тақдим қилинди.

 Тадбирда ўқувчилар тайёрлаган чиройли куй-қўшиқларни ижро этиб, йиғилганлар кўнглини шод этди. Биринчи қўнғироқ садолари остида янги ўқув йилининг биринчи дарси бошлаб юборилди.

2-сон умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган тадбирдан сўнг, туман ҳокими Ў.Машарипов мактабнинг 11-синф ўқувчиларига дарс ўтди. Дарс давомида мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларнинг таълим-тарбияси, бунда оила, мактаб ва маҳалланинг ўрни тўғрисида сўзлади. Ҳаётидаги, ўқиш давридаги қийинчиликлар тўғрисида ўқувчилар билан ўртоқлашди. Шунингдек, ҳозирда ўқувчилардан талаб этиладиган ягона вазифа фақат ўқиш экани, бунинг учун қандай шароит ва имкониятлар зарур бўлса, яратиб берилишини таъкидлади. Дарс жараёнида ўқувчиларнинг келажакдаги орзулари, режалари билан танишди.

— Туман ҳокими томонидан мактабимизда ўтказган дарси бизда яхши таассурот қолдирди. Бу бизнинг янада интилиб, илдам қадам ташлаб, олдимизга қўйган муҳим вазифаларни уддалай олишимизда куч бўлди десам янглишмайман, — дейди мактаб ўқувчиларидан бири Давронбек.

Умида НУРМЕТОВА,

Янгибозор туман ҳокимлигининг

матбуот хизмати раҳмаби

Энг кўп ўқилган