Кейинги йилларда мамлакатимизда чорвачилик соҳасини янада ривожлантириш, қорамол ва паррандалар бош сонини ошириш, шунингдек, улар учун озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида тизимли ишлар қилинмоқда. Соҳанинг ҳуқуқий асослари ҳам мустаҳкамлаб борилмоқда.

Айниқса, Президентимизнинг «Ветеринария ва чорвачиликни ривож­лантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ветеринария, чорвачилик, наслчилик-селекция ишларининг мазмун-моҳиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, халқаро тажриба ва андозалар даражасида чорвачиликни ривожлантириш учун янги шароитларни яратди, десак янг­лишмаймиз.

Маълумки, чорвачилик соҳасида, хусусан, наслчилик-селекция ишларини самарали ташкил этишда илғор халқаро тажрибани ҳаётга тат­биқ этиш, етакчи хорижий турдош соҳа ташилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш борасидаги ишлар талаб даражасида амалга оширилмаётган эди. Шунга кўра, чорва моллари наслини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчилик йўналишидаги чорвачилик хўжалик­лари фаолияти ҳамда чорвачилик маҳсулотларини етиштиришда йирик тадбиркорлик субъектларини кучайтиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш долзарб масалалардан бирига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорида белгиланган вазифаларни тўлиқ бажариш мақсадида «Ўзбекчорванасл» агентлиги, Самарқанд ветеринария медицина институтининг Тошкент филиали ташкил этилди. Ветеринария медицина инс­титути, Қоракўлчилик чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ва Балиқчилик илмий-тадқиқот институти Қўмита ташкилий тузилмаси таркибига киритилди.

Бундан ташқари, соҳада хизмат кўрсатиш даражасини сифат жиҳатдан ошириш ва такомиллаштириш, «Ўзбекчорванасл» агентлигининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда модернизация қилиш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш ишлари ҳам бошлаб юборилган. Шунингдек, 2019-2021 йилларда чорва моллари бош сони, гўшт ва сут ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда четдан наслли мол олиб келиш бўйича прогноз кўрсаткичлар тасдиқланди.

Мазкур ҳужжатда белгиланган муҳим жиҳатлардан яна бири Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик бошқармаси, Балиқчилик бошқармси ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ветеринария ва чорвачиликни ривож­лантириш давлат қўмитаси ҳузурида «Ўзбекчорванасл» агентлиги ташкил этилишидир.

Эътиборли жиҳатлардан яна бири бу Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳар йили наслчилик иши сунъий уруғлантиришни ташкил қилиш учун келгусида бир минг беш юз нафарга яқин ишчи Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси томонидан 12 ойлик шартнома асосида ишларга жалб этилади. Уларнинг иш ҳақи жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Айтиш керакки, агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан аҳоли, шахсий ёрдамчи, деҳқон ва чорвачилик йўналишидаги хўжалик юритувчи субъектларга кўрсатиладиган хизматлар ҳамда насл­ли чорва молларини республикага импорт қилиб сотишдан тушган маб­лағлар солиқ солинадиган базага киритилмайди.

Илмий-тадқиқот ишлари, қўмита ва тизим ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мутахассис кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш, шунингдек, ходимларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшимча иш ҳақларини молиялаштириш учун Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. 

Умуман олганда, бу қарор респуб­ликамизда ветеренария хизмати, чорвачиликда наслчилик-селекция ишларини самарали ташкил этиш, мамлакат иқтисодиётига том маънода муносиб ҳисса қўшиш, соҳада малакали кадрлар ва уларнинг салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Қуйидагилар қўмита таркибига ўтказилди:

Самарқанд ветеринария медицинаси институти ва унинг академик лицейи;

Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти;

Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти;

Балиқчилик илмий-тадқиқот институти;

Қўмита ҳузурида Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси ҳамда «Ўзбекчорванасл» агентлиги ташкил этилди.

2020 йил 1 январдан:

100 бошли чорва ва 100 минг парранда бўлган хўжаликларда ветеринария врачи ва зоотехник штати жорий этилади;

қорамолчилик йўналишидаги хўжалик­лардаги ҳамда аҳоли қарамоғидаги сигирлар селекция режасига асосан наслли буқалар уруғи билан сунъий уруғлантирилади;

туман ҳокимлари келгуси йилга озуқа экинларини жойлаштириш режасини «Ўзбекчорванасл» агентлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишади.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон ветеринария ва

чорвачиликни ривожлантириш

давлат қўмитаси раисининг

биринчи ўринбосари

Энг кўп ўқилган