27.04.2018

Панжарадан ташқарида бир туп тикан ўсади. Ҳар сафар ҳовлига чиққанимда нигоҳим шу ўсимликка қараб кетаверади. Ҳали энди кўкара бошлаганидан биламан. Ҳозир пушти  бўлиб гуллай бошлаган. Қизиқ, бирорта қуш қўна олармикин унга? Алам қиляпти, ўша тиканнинг ҳам ўз эрки қўлида. Жаҳл билан шарт юлиб ташлай дейману...

1.05.2018

Аслини олса, бу ер ёмонмас. Ҳарҳолда текин овқат. Лекин мен кимгадир бўйсунишни ёмон кўраман. Тартиб-қоида, бирхиллик асабимга тегади. Баъзида қандай чидаётганимга ҳам ҳайрон қоламан. Туриб-туриб қоним қайнаб кетади. Ўшандаям шунақа бўлганди... Ҳа, майли. Ҳозирча нималардир қилиб ўзимни овутаман. Уч-тўрт ой олдин бир психолог колоннамизга келиб, агар шунақа вазият бўлса, яъни ҳалигидақа... ўзларингни бошқаролмай қолсанглар, нимани ҳис қилаётганларингни ёзинглар, деб ҳаммамизга дафтар тарқатиб кетганди. Менимча, кўпчилик ўша куннинг ўзидаёқ дафтардан «қутулишди». Ҳа, нима, менми? Шунчаки чиройли дафтар экан, сақлаб қўяқолдим. Уфф, яна анави тикан эсимга тушиб кетди, юлиб ташласам...

3.05.2018

Ҳаммаси қанақа бошланганини билмайман. Ҳатто қачон дунёда пайдо бўлиб қолганим ҳақида ҳам ўйлаб кўрмаган эканман. Эсимни таниганимда торгина ҳужрадек бир хонали уйда мен, ойим ва ҳар куни оғзидан ёқимсиз ҳид бурқсиб уйга келадиган акам яшардик. Онамнинг “Жувонмарг бўлгур алкаш” деб нолийверишидан афтидан акам ароқхўр  бўлса керак деб ўйлардим, адашмасам, у ўн етти-ўн саккизма ёшларда бўлган ўшанда. Дадамни кўрмаганман. Мен туғилишимдан олдин Россияга ишлашга кетган. Кейинчалик бир-икки ёшлигимгача бир-икки келиб, кейин қорасини кўрсатмаган. Тўғриси, оилада “дада” деган аъзо бўлишини кейинчалик кўчадаги болалардан эшитганман. Уят-а? Лекин кимга уят?

7.05.2018

Ҳар куни саҳарлаб мажбуран уйғонардим. Эсимда қорга из тушмаган йўлакчалардан кичик калишимни судраб юриб, саҳардан бодроқ сотардим. Қизиқ, неча ёш эдим-а, ўша пайтлари? Ҳали пулнинг ҳам фарқига бормасдим. Мен учун ягона қоида: бир пакет бодроқ битта кулранг пул, битта қурут битта яшил пул ва одамларнинг раҳмини келтириш эди. Неччига кирган эканман? Ҳа, топдим, 5 ёшларда бўлсам керак. балки ундан ҳам кичик. Онамдан роса қўрқардим... “Пусмайиб бурчакларда турма. Одамларнинг кўзига кўринадиган, раҳмини келтирадиган гавжум жойларда тур” деявергани учун қор ёғсаям, ёмғирдаям бекатнинг қоқ марказида турардим.

11.05.2018

 “Пост”имни баҳор келиши биланоқ ўзгартиришди. Ҳар хил рангли ёзувлари бор қоғозлар осилган бино тагида сотадиган бўлдим. Одамлар ичкарига хурсанд бўлиб кириб кетишарди. Шунинг учунми ичкарига кираётганларга жуда ҳавас қилардим. Ўткинчиларнинг кўпи менинг ерда турган бодроқларимни олгиси келмасди, менинг эса машҳур иборамни тинмасдан такрорлайверардим: “Бодроқ олиииинг, амаки. Укам касал, даволатишга пул ишлашимиз керак...” аслида, укам ҳеч қачон бўлмаган. Доим маст юрадиган ўзимдан 15 ёш катта акамдан бошқа опа-укам бўлмаган.

14.05.2018        

Анови ярамас тикан ҳалиям мазза қилиб ўсиб ётибди. Қанийди қўлим етса. Тикан бўлсаям, қўлларим билан ғижимлаб ташлардим. Ўшанда бир болакай “Бодрочқи, бодроқчи, биз томонга бир боқ-чи,” деб устимдан кулгандаям бориб ғижимлаб ташлагим келганди. Лекин кучим етмасди. У мендан катта ва ўртоқлариям бор эди. Қўлимдан ҳеч нарса келмаслигини билганимда онамдан ҳам, ўша боладан ҳам, ҳаммадан нафратланганман.

3.07.2018

Кимдир ёзаётганимни кўрибди шекилли. Устимдан кулмоқчи бўлишди. Яхшилаб адабини берардим-у... лаънати тартиблар. Нега менга энди ўргатишяпти. Бизга имкон беришармиш. Пишириб ейишсин. Кичкиналигимда ўзим бодроқ сотадиган бинонинг ичкарисида бошқа болалар каби мен ҳам ажойиб мултфильмларни кўришни орзу қилганимда, сеҳрли кўзойнагини тақиб кўришни ўйлайвериб тушларимга кириб чиққанида ҳеч ким имкон бермаганди-ку ичкарига киришга. Энди эса мени яхши одам қилишаркан.

15.07.2018

Бугун туғилган куним экан. Ошхонадан чиқишдаги доскага мен билан яна уч кишининг расмини илиб қўйишибди. Йигирма бирга кирибман. Нима фарқи бор?

 

28.07.2018

Охирги марта қачон нарса сотгандим. Мактаб ўқувчиси эдим-а? Иккинчи ёки учинчи синфмидим? “Пост”им кичкина кафеда эди. Турли салфеткалар сотардим унда. Ҳар битта столда ўтирган одамга бориб ялиниб кўришни тасаввур қилоласизми?

Сўнгги “савдогарлик” куним. Сўнгги стол. Сўнгги салфеткам. “Жон амаки, охирги салфеткам қолди. Ўтинииииб сўрайман, олақолинг! ” Одамлар бўлса овқатдан бошиниям кўтаришмаган. Ярамаслар... ҳамма- ҳамма. Жаҳл билан қўлимни мушт қилиб, деразани урдим. Чил-чил синганда қанақа роҳатланганим эсимда. Шундан кейин биринчи марта мелисалар мени олиб кетган. Уёғи эҳҳе... Улар ҳам мени тез-тез олиб кетадиган бўлишди. Ўзимам кўникиб кетдим. Аламим чиқса, бўлди-да.

29.07.2018

Бир куни отам келибди. Мен ҳатто танимайман ҳам, фақат қаеридир ичкиликка берилган акамга ўхшаб кетади. Қанча дўппослаганимни, юз-кўзини қонга бўяганимни эсласам, ҳечам афсусланмайман. Баттар бўлсин. Бошқачасини тасаввур қилолмайман ҳам.

2.08.2018

Яхшиям амал-тақал қилиб қатнаган мактабимда ўқиш-ёзишни ўрганиб олган эканман. Шу кундаликка нимадир ёзсам, ич-ичимдан нимадир ёмон нарсалар йўқолаётганини ҳис қиляпман. Яна кичкина кутубхонага кириб туришни бошладим. Эртак китоблар ўқияпман. Нима бўпти, шу пайтгача эртак ҳам ўқимаган бўлсам... Анови психологга раҳмат. Қизиқ, бугун биринчи марта кимгадир раҳмат айтгим келяптими?

7.08.2018

Энди атрофимдагилар нима ёзяпсан, деб кулмай қўйишди. Ҳатто баъзилар қизиқсиниб, баъзилар ҳурмат билан қараганини сезяпман.

10.08.2018

 Панжара орқасидаги мен ёмон кўрган тиканнинг ўрнида ёввойи гул очилибди. Оппоқ-оппоқ, майда гуллари бор экан. Капалак ҳам кўриняпти... ҳидлагим келяпти...

Номаълум кундаликдан

Зилола ҒАЙБУЛЛАЕВА оққа кўчирди.

Давоми бор.

Энг кўп ўқилган