Адлия вазирлиги давлат ҳокимияти аъзолари, жумладан Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам МЧЖларда ўз улушига эга бўлишга қонунан ҳақлилигини билдирган. Бу ҳақда минбар.уз хабар бермоқда.

16 май куни "Hook.report"да ҳокимнинг Кирилл Алтман билан интервюси юзасидан мақола чиққан эди. Интервюдаги муҳим гаплардан бири унинг Akfa компаниялар гуруҳидан манфаатдор эмаслигини айтгани эди. Бунинг устига давлат реестрида Ортиқхўжаев ҳамон «J-united group» МЧЖ ва «Techno profil» МЧЖ асосчиси сифатида турибди. Бу МЧЖлар эса Akfa, Discover invest ва "Crafers"га алоқадор.

Ушбу ҳолат юзасидан "Hook.report"га изоҳ берган Адлия вазирлиги ўз позициясини маълум қилган:

Давлат ҳокимияти ва бошқармалар ходимларига тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳақиқатан мумкин эмас.

Қонунга кўра тадбиркорлик таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган фаолиятдир. Бунинг устига барча тадбиркорлик субъектлари (жисмоний ва юридик шахслар) рўйхатга олиниши керак.

МЧЖ қатнашчилари МЧЖ мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди. Фақат ўз улушларини йўқотишлари мумкин.

Агар кимдир МЧЖда улушга эга бўлса, ҳатто 100 фоиз улуши бўлса ҳам, тадбиркорлик субъектига айланиб қолмайди, қонунни бузмайди.

Адлия вазирлиги, шунингдек, қонунга фақат Конституциявий суд шарҳ бериши мумкинлигини таъкидлаган.

Шундай қилиб, давлат органлари ходимлари, жумладан ҳокимлар фақат алоҳида тадбиркор бўла олмайди, холос. Хусусий корхона ёки МЧЖ очиш жисмоний шахсни тадбиркорлик фаолияти субъектига айлантирмайди. Демак, тақиқланмаган.

Аммо бу ҳолат бизнес эгаси ва масъул мансабдорлик ўртасидаги манфаатлар тўқнашувининг олдини олмайди. Амалдорлар ва уларнинг оила аъзоларининг даромадларини декларация қилиш кўзда тутилган "Давлат хизмати ҳақида"ги қонун бу ҳолатга ижобий таъсир қилиши мумкин.

Энг кўп ўқилган