2019 йил 20 май куни вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир жараёнида, Бухоро шаҳар Фатхобод кўчасида яшовчи, 1996 йилда туғилган, оиласидан ажрашган, 1 нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз фуқаро З.Ж. жиноий шериклари Ромитан туман Х.Азизон кўчасида яшовчи, 1984 йилда туғилган Б.Қ. ва Ромитан туман Шўробод маҳалласида яшовчи, 1985 йилда туғилган Н.Ғ. лар билан ўзаро олдиндан жиноий тил бириктиргани аниқланди. Бу ҳақида жаҳон.уз сайти хабар бермоқда.


Йигитлар бир гуруҳ бўлиб, Ромитан туман С.Айний кўчасида яшовчи, 1991 йилда туғилган фуқаро Ш.С.ни 2019 йил апрел ойининг охирларида у билан жинсий алоқада бўлганлигини тасдиқловчи видеоёзувларни унинг оиласига кўрсатиб, шарманда қилишини айтиб, жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, бунинг эвазига ундан “Ласетти Жентра” русумли автомашина олиб беришини талаб қилишган.

Улар жабрланувчини Бухоро шаҳридаги “Ситора-Автосавдо” МЧЖнинг филиалидан З.Ж номига “Ласетти Жентра” русумли автомашина сотиб олиш тўғрисидаги шартномани расмийлаштиришга ва автомашина учун 128.679.875 сўмлик жуда кўп миқдордаги пулларни Бухоро шаҳридаги “Асака банк” АТга топширтираётган вақтида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан З.Ж, Б.Қ ва Н.Ғ.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Б.Қ ва Н.Ғ.ларга нисбатан “гаров”, З.Ж.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Бухоро вилояти ИИБ Матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Энг кўп ўқилган