Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг айни кунларда, бизнинг замонамизда  шундай қурилишлар бор эканки, кўриб, ёқа ушлашингиз аниқ. Бундай боши бору охири йўқ, узундан-­узоқ қурилишни кўрганлар «Туя гўшти емаганми», деб қўя қолади. Ҳақиқатдан ҳам, қурилиш туя гўштини емаганда, 31 йилдан бери битмасмиди?

Гурлан туманидаги Хизир эли қиш­лоғига йўлимиз тушди. Ушбу қишлоқнинг «Навбирёп» маҳалласида жойлашган 32-сон умумтаълим мактабининг қўшимча биноси бундан роппа-роса 31 йил аввал қурилиб, фойдаланишга топширилиши мўлжалланган эди.

1985 йилда қурилиши бош­ланган мазкур мактабнинг учинчи қавати ҳам битай-битай деганда негадир тақа-тақ тўхтади, қолди. Одамлар: «Қурувчилар Хивадаги «Калта минор»ни битказа олмай осмонга учиб кетишган», деб ривоят қилишади. Булар ҳам худди шу қурувчилар каби учиб кетишдимикан?

31 йил давомида туманга қанча ҳоким, мактабга қанча директор келиб кетмади, дейсиз. Ушбу мактабнинг ҳуснига доғ бўлиб турган қўшимча бинони улар кўрмади, деб ўйлайсизми? Кўришган. Аммо уларда на ҳафсала, на бир иштиёқ бўлган. «Мен сенга тегмасам, сен менга тегма» қабилида иш юритишган бўлса керак!

Бу қурилиш мен армияга чақирилган йилим бошланган эди, — деб гап бош­лайди мактаб директори Ўктам Бобожонов. —  Армиядан ҳам келдим. Ҳатто, шу мактабга директор бўлдим. Аммо унинг туриши ҳамон шу. Ўзгариш йўқ. Унга айтдик, бунга айтдик. У ёққа, бу ёққа ёздик, фойдаси йўқ. Қурамиз ҳам де­йишмайди. Йиқитамиз ҳам де­йишмайди.

 

Бу қўшимча бино мактабга кираверишда жойлашган. Ким келса, шу ердан ўтади. Бугунги кунда «отам замони»дан қолган, «музей»га айланаётган мазкур уч қаватли чала иморатни кўриб, уларнинг ҳафсаласи пир бўлади. Аммо ҳар кун кўриб ўтаверсанг, кўзинг ҳам ўрганиб қоларкан.

Совет даврида қурилиши бош­ланган бино мустақиллигимизга 28 йил бўляптики, битмайди. Қанча-қанча эски иморатлар бузилиб, ўрнига янгилари қурилди. Лекин бу мактаб биноси кўргазмага қўйилган ҳайкалдай на у ёқли, на бу ёқли бўлди. 31 йилки, қиш-қировли, қуёшли кунларга дош беролмай, адо бўлиб, нурай бошлаган бинога ичингиз ачишади, холос. Эсиз, шунча маблағ, эсиз, шунча меҳнат.

— Шу қурилишда оддий қурувчи бўлиб ишлаганман, — дейди шу ерлик отахонлардан бири. — Ўша пайтлари  30 ёшда эдим. Энди бўлса, нафақа оляпман. Қаридик, болам. Бу бино ҳам қарибди. Тўкилиб қолибди. Вақт ўтишини қаранг. Элга нафинг тегмай қаришнинг ўзи даҳшат экан. Афсус, кимларнингдир беэътиборлиги сабаб шунча маблағ, меҳнат увол бўлди-я.

Мактабнинг ёндош блок­лари 1998-1999 йилларда ишга тушган. Агар мактаб тўлиқ қувват билан ишласа, 844 нафар ўқувчини ўз бағрига олади. Ҳозирда 320 ўрни ишлайди. Шунинг учун ҳам дарслар икки сменада олиб бориляпти. Уч қаватли бино бўлса, айтганимиздай 31 йилдан бери савлат тўкиб, қўёш қоқи бўлиб турибди.

Мактабда 600 нафарга яқин ўқувчи 21 та синф­да ўқимоқда. Кўп мактаблар бино тополмай қийналиб турган бир пайтда бизда жой ҳам, бино ҳам бор. Фақат қурилиши аро йўлда қолиб кетгани ачинарли.

Ушбу жараёнга мутасадди раҳбарлар эътибор қаратишини  истардик. Ҳурматли ҳоким ва сектор раҳбарлари! Бу масалага 31 йил панжа ортидан қаралгани етар?!

Болтабой Муҳаммад Қурбон,

журналист

Энг кўп ўқилган