21-май куни Осиё Чемпионлар Лигаси “Б“ гуруҳи 6-туридан ўрин олган ўйинда “Локомотив“ ўз уйида Қатарнинг “Ал Райян СК“ клубини қабул қилди.

Бу учрашув олдидан гуруҳдаги барча масалаларга ойдинлик киритиб олинганди. Баҳс натижаси қандай бўлишидан қатъи назар улардан ҳеч бири кейинги босқичга чиқолмасди.

Шундай экан ё мухлислар учун чиройли ўйин кўрсатиш ёки шунчаки 90 дақиқа майдонда расмиятчилик учун майдонга тушиши керак эди.

“Локомотив“ бош мураббийи Андрей Фёдоров мавсум олдидан таркибдаги футболчиларни клубнинг энг яхшиси деб атаган эди. Ўтган йилгига қараганда, кўпгина асосий футболчиларини қўйиб юборган “темирйўлчилар“дан кўпчилик бундай суст стартни кутмаган эди.

 Миллий терма жамоамизнинг энг яхши таркиби (!) тақдири қандай бўлгани ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилганича йўқ. Уч йиллик чемпионликдан сўнг ниҳоят “Локо“ тин олмоқчи эканини “Cоcа Cола” Суперлиганинг 9 тури кўрсатиб қўйди.

 Собиқ чемпион ўйинига яраша натижа кўрсатди. “Тўрт инглиз кемаси“ коинотни забт этаман деб турган бир пайтда Локомотив 1-дақиқадаёқ тўп ўтказиб юборди. Маъмур Икромовнинг дарвозага яна яқин келиши жуда хосиятсиз келди. Спортнинг ушбу турида билан шуғулланувчилардек “иримчилар“ни дунё кўрмаган. Ўйиннинг рақамли таблосида бу гол 2-дақиқага ёзилди. Родриго Табата шунчаки бир рақибини алдаб ўтди ва дарвозани ишғол этди.

Бу вазиятда дарвозабон нима билан машғул эди - бу бошқа масала.Тайм бошидан Локо ҳужумларини чап қанотдан кўпроқ амалга оширишини сездириб қўйди. 5-дақиқада Диёржон Туропов уриниш ижро этди. 6-дақиқада Ҳусниддин Ғофуров чап қанотдан ҳужумга ўтиб якунда фақат илк бурчак зарбасига эриша олди холос. Бир дақиқа ўтар-ўтмас Ислом Тўхтахўжаев боши билан дарвозани нишонга олди.

11 дақиқа ичида “темирйўлчилар“ 4 марта бурчакдан тўпни ўйинга киритдилар. 22-дақиқада Гонсало Веира стандарддан етказилган тўпни эгаллаб биргина ҳаракат билан бир вақтнинг уч ҳимоячини чалғитиб, қарама-қарши томонга зарба берди 0:2. Локомотив иккита гол ўтказгани йўқ, Шунчаки, Райян иккита ҳужумда худди шунча гол уриб кетди. Фойдали иш коэффициенти жуда юқори бўлди.

25-дақиқада Анзур Исмоилов узоқ масофадан дарвозани ишғол қилишга уруниб кўрди. Бироқ бу зарба аниқлиги билан мақтана олмасди. 29 ва 30-дақиқаларда туркманистонлик Амонов ва 10 рақамли ҳужумчимиз Сардор Мирзаев дарвозабонни ожиз қолдиришга уриниб кўришди. 34-дақиқада қатарлик футболчи 6 та зич ҳимоя чизиғидан тўпни ўтказа олди. 35-дақиқада ниҳоят стадионга йиғилган кам сонли мухлислар сал бўлсада эҳтиросларини босиб олди.

 Ғофуров чап қанотдан тўпни ичкарироқдаги Мирзаевга етказди, Сардор ҳисобни қисқартирди 1:2. 39-дақиқада Себастиан сариқ карточка билан огоҳлантирилди. Қўшиб берилган икки дақиқа охирида сал қолса ҳакамлар кўзини шамғалат қилиб Ал Райян вакилларидан бири тўпни қўл билан дарвозага киритиб қўярди. 47-дақиқада ҳисоб тенглашди 2:2. Гол муаллифи майдондаги ягона марказий ҳужумчи Темурхўжа Абдуҳолиқов бўлди. Кейинги дақиқаларда Амонов, Абдуҳолиқов, Туропов ижросида хавфли вазиятлар юзага келди. 61-дақиқада Темурхўжа ўйиндаги голларини иккитага етказди 3:2.

Учрашув охиригача шу ҳисоб сақланиб қолди. Бу ғалаба билан “Локомотив“ 10 очко билан “Б“ гуруҳидаги ўйинларига якун ясади. Кейинги босқич йўлланмасини бу тўртликдан “Ал Ваҳда“ ва “Ал Иттиҳод“ қўлга киритди. Бу сафар 3-ўрин билан чекланишга мажбур бўлдик. Энди “темирйўлчилар“ бор эътиборини Cоcа Cола Суперлигаси баҳсларига қаратади.

Мансурбек Неъматов, ЎзЖОКУ талабаси

Энг кўп ўқилган