Бир ақлли гап айтаман

У умрида жуда кўп “ақлли гаплар” айтди.

У бир умр одамларни кулдирди.

У бир мартагина – дунёдан ўтган куни одамларни йиғлатди.

Бугун ана шу инсон – кўзларининг тубида буюк қайғу яширинган комик роллар устаси, СССР халқ артисти Фрунзик Мкртчян ҳақида суҳбатлашамиз.

 

Нега Фрунзик?

Актёрнинг исми иккита. Паспорти ҳам. Бирида Фрунзе Мкртчян, иккинчисида Мгер Мкртчян ёзилган. Асли исми Мгер арманчада нурли, “Инжил” бўйича қуёш маъносини беради. Аммо ўттизинчи йилларда арманиларни миллатчиликда айблашгани учун ўша йиллари улар русларга садоқатларини кўрсатиш учун машҳур рус большевикларининг исми шарифларини қўя бошлаганлар. Шу боис арманларда ғалати-ғалати русча исмлар пайдо бўлган. Мгерни ҳам гражданлар уруши қаҳрамонларидан бўлган Михаил Фрунзенинг фамилияси билан аташган.

Мгер туркларнинг қирғинидан қочиб келган серфарзанд оилада, 1930 йилнинг 4 июлида Арманистоннинг Ленинакан, ҳозирги Гюмри шаҳрида туғилди. Отаси Мушег Мкртчян (1910-1961) табельчи, онаси Санам Мкртчян (1911-1970) завод ошхонасида идиш-товоқ ювувчи бўлган.

Мгер яхши сурат чизган Отаси унинг рассом бўлишини орзу қилган. Мгер эса “театр касаллиги”га учраган. Ҳали ёш болалигида қўшниларни тўплаб, томошалар кўрсатган. У болалигиданоқ Чарли Чаплинни қаттиқ севган ва бу муҳаббат уни тенгсиз комик актёрга айлантирди.

Қўғирчоқлар ясаган, этикдўзга шогирд тушган, бир мунча вақт кийим тикувчилик ҳам қилган Мгер 1945 йилда тўқимачилик комбинати киномеханигига ёрдамчи бўлиб иш бошлади, комбинат ҳаваскорлик театрига ҳам қатнади. Киномеханик уни шаҳардаги театр студиясига олиб борди. Уни олишди. 1951 йилда Ереванга келиб, театр институтини битирди. Талабалигиданоқ фильмларда суратга туша бошлади. Биринчи фильми 1955 йилда намойиш этилган “Манзилни излаб” бўлди.

Институтни битирган Мгерни Г.М.Сундукян номли Ереван театрига ишга олишди. Кейинчалик у театр режессёри сифатида Арманистондагина эмас, чет элларда ҳам спектакллар саҳналаштирди. Умри охирида эса ўз театрини яратиш билан банд бўлди. Ҳозир бу театр Фрунзе Мкртчян номли Ереван театри сифатида фаолият юритаяпти. Театрга Мгернинг акаси, таниқли режессёр ва сценарийчи Альберт Мкртчян умрининг охиригача раҳбарлик қилди...

Мкртчянни машҳур қилган роллари

Ўзбек томошабини Фрунзик Мкртчянни асосан “Мимино”даги Рубик Хачикян, “Кавказ асирасидаги Нинанинг тоғаси Жаброил ва, албатта, ўзбек ва ҳинд кино усталари томонидан олинган “Али бобо ва қирқ қароқчи” фильмидаги савдогар Мустафо, “Севги афсонасида”ги қароқчи роллари орқали яхши билишади.

Мхитрян

“”Кавказ асираси” 1966 йилда олинган. Мкртчян унгача “Орият учун”, Нелар ҳақда шовуллар дарё”, “01-99”, “Хўжайин ва хизматкор”, “Олов”, “Ўттиз уч” ва бошқа фильмларда ўн йил суратга тушган.

“Мимино” эса 1977 йил намойиш этилган. Орада ўтган ўн йилда эса Мкртчян “Камалак формуласи”, “26 Боку комиссари”, “Учбурчак”, “Оқ рояль”, “Ярим тундан кейинги портлаш”, “Кеча, бугун, эртага”, “Хатабала”, “Эркаклар” каби ўнлаб фильмларда суратга тушди. Бу вақт оралиғида унинг “Аскар ва фил” фильмидаги роли айниқса, машҳур бўлиб кетди. Бу роли Бутуниттифоқ кинофестивалда энг яхши роль деб топилди. “Учбурчак” фильми учун эса Мкртчян Арманистон Давлат мукофотига сазовор бўлди (1975).

“Али бобо ва қирқ қароқчи” 1979 йил олинган. Ундан кейин Мкртчян “Тарсаки”, “Катта ютуқ”, “Тифлис-Париж ва орқага”, “Камтар одам”, “Ёнғин”, “Ёлғизларга ётоқхона берилади”,  “Севги афсонаси” каби ўнлаб фильмларда суратга тушди. Кинодаги охирги ролини 1987 йилда “Уйлар қалай, ишлар қалай” фильмида ўйнаган.

Ўша йили “Тубанликда” спектакли ва фильм-спкектаклини режессёр сифатида саҳналаштирган.

Мкртчян жами 48 фильм ва ўнлаб спектаклларда роль ижро этган. Энг қизиғи, СССР халқ артисти бўлган актёр кўпгина фильмларда кичик эпизодик ролларни ижро этган. Аммо томошабин унинг ана шу эпизодик ролларини эслаб қолган, унинг айтган ибораларини айтиб юрган.

Фрунзик Мкртчяннинг мукофот ва унвонлари:

Арманистон халқ артисти (1971);

Доғистон халқ артисти (1972);

Арманистон Давлат мукофоти (1975, “Учбурчак” фильми учун);

СССР Давлат мукофоти (1978, “Мимино” фильми учун);

Бутуниттифоқ кинофестивалнинг энг яхши актёрлик иши учун мукофоти (1978, “Аскар ва фил” фильми учун);

СССР халқ артисти (1984);

“Авлиё Месроп Маштоц ордени” (2001).

Унинг кўзлари ҳеч қачон кулмаган

Болалигидан ҳаммани кулдирган Мгернинг кўзлари ҳеч қачон кулмаган. Кўзлари тубида доимо изтироб акс этиб турган. Болалигида бунга сабаб қийин кечган болалик бўлса, улғайганида эса бахтни топ олмаслик, устма-уст келган кулфатлар сабаб бўлган.

Фрунзик Мкртчяннинг ҳаётида аёллар оз бўлмаган, аммо уларнинг бирортаси унга бахт бера олмаган, аксинча...

Фрунзикнинг биринчи муҳаббати Жульетта эди. Аммо қизнинг оиласидагилар уни исташмади. Жульетта бошқага узатилди.

Фрунзик аччиқ устида курсдоши Кнарага уйланди. Аммо бу никоҳ бир йилгина давом этди, холос.

Фрунзикнинг иккинчи хотини ўн саккиз ёшли театр билим юрти талабаси гўзал Донара Пилосян эди. Унинг кўйида адо бўлганлар кўп эди, аммо унга ўттиздан ошган Фрунзик уйланди. Ўзбек томошабини Донарани “Кавказ асираси” фильмида, Жаброилнинг хотини ролида кўрган.

Улар машҳур бўлдилар. Ереванга кўчиб келишди, машина олишди. Оилада қизлари Нуна (Нина) туғилди.

Донара уйда ўтиришни истамас, у ҳам кинода тушишни хоҳлар, ҳар гал Фрунзикни ролга тасдиқлашганда уни ҳам ўзи билан қайсидир ролга олдиришини эридан талаб қиларди. Бора-бора Донаранинг инжиқликлари тажовузкорона тус ола бошлади. У Мкртчянни ҳар қандай аёл билан кўрса, тўполон қилар, уйда идиш-товоқларни синдирар, театрда унга ташланиб қолар, хуллас, унинг ўзини тутишига чидаб бўлмас эди. Мкртчян иккинчи фарзанд туғилиши уни яхши тарафга ўзгартирар, деб умид қилди. Афсуски, тескариси бўлди...

Мкртчян уйга келганда ўн иккига кириб қолган қизи ва иккига кирган ўғлини кир ва оч ҳолда кўрар, Донара эса ўзига ҳам қарамай қўйган эди. Дўстларининг таклифи билан хотинини малакали врачларга текширтирган Мкртчян хотинидаги тузалмас дард ташҳисини эшитиб карахт бўлиб қолди: шизофрения!

Мкртчян хотини учун пулини аямади. Уни Франциядаги энг яхши касалхонага жойлаштирди. Аммо Донара умрининг охирги 25 йилини жиннихонада ўтказиб, 2011 йил 60 ёшида вафот этди.

Мкртчян хотини тузалмаслигини билгач, яна уйланишга қарор қилди. Унинг учинчи хотини Арманистон ёзувчилар уюшмасининг раиси Грач Оганесяннинг қизи, ўзидан 25 ёш кичик Тамара бўлди.

Фарзандларини ўйлаб, бу қарорга келган Мкртчяннинг оиласида айнан шу нарса келишмовчиликни келтириб чиқарди. Қизи отаси билан чиқиша олмади. Нуна эрга теккач, Аргентинага жўнаб кетди. У ёқда унинг автоҳалокатга учраб, ҳалок бўлганини эшитган Мкртчян тинимсиз ича бошлади.

Мкртчяннинг қайғусига қайғу қўшилди. Ҳаётидаги ёлғиз қувончи бўлган ўғли Вазгенда ҳам руҳий хасталик аниқланди. Мкртчян уни ҳам онаси ётган касалхонага олиб борди. Буни қарангки, касалхонада учрашган она-болалар бир-бирини танишмади...

Афсуски Тамаранинг ҳам Донарадан бир туки кам бўлмади. Бўлар-бўлмасга рашк қиладиган Тамара на Мкртчяннинг ичишларига тоқат қила олди, на унинг ўғли Вазгеннинг касалига. Ўз ёғида қовурила бошлаган Мкртчян кўп ўтмай, ўғлини олиб, алоҳида уйга чиқиб кетди. У тинимсиз ича бошлади...

Миллат қаҳрамони

Мкртчян шунча дард-қайғу билан ҳам кинода тушишни давом эттирди. У “Мимино”да ўйнагач, шуҳратнинг чўққисига кўтарилди. Уни ҳамма ерда танишар, самолётларга ҳеч қандай ҳужжатсиз, чипатсиз чиқариб юборишар, меҳмонхоналар текинга туриши учун талашишар, ресторанлар уни зиёфат қилишни ўзларига шараф деб билишар эди. Мкртчянни кўрган инсон ўз уйига таклиф қилар, у билан қўл олишиб, кўрган киши ўзини бахтли санар эди. У Арманистонда миллий қаҳрамон даражасига чиққан, кўчалар унинг портретларига тўлиб кетган, ҳатто ўйнаган ролларига ҳайкаллар қўйилган эди.

Унинг укаси Алберьт шундай эслайди: “У Сочига боришни истаса, шартта турар ва аэропортга чиқиб кетарди. Ўн-ўн беш кун Сочида дам олиб келган Мгернинг кармонида бир сўм ҳам пули камаймаган бўларди”.

Унинг ҳужжати катта бурни ва ғамгин кўзлари эди.

Энг қизиғи собиқ Иттифоқнинг юраги бўлган Кремлга ҳам Давлат мукофотини олишга Кикабидзе билан борган Мкртчяндан ҳеч қанақа ҳужжат талаб қилишмаган...

Бечора Санам момо Фрунзикни ҳамма боласидан ҳам яхши кўришини яшириб ўтирмасди. Кап-катта эркакни тоғорага ўтқизиб, чўмилтириб қўйишни яхши кўрарди. Аммо онаси ҳам уни ичкиликдан қайтара олмади. У хотини ва фарзандининг касалидан изтиробда эди ва яшашни истамай қолган эди. Фрунзик ҳатто юраги ишдан чиқаётганини ҳам, инфарк олди ҳолатида эканини ҳам билмади. Юраги эса 1993 йилнинг сўнгида, Фрунзик ухлаб ётганида уришдан тўхтади...

Арманистонда Озарбайжон билан уруш кетаётган, мамлакат қамал ҳолатини бошдан кечираётган пайт эди. Электр энергияси берилмас, уйлар қоронғу эди. Бунинг устига арманларнинг севимли “Қуёш”и ҳам сўнган эди. 31 декабрь куни минглаб одамлар шамларни кўтариб чиқдилар ва кўп километрли шамлар ёниб турган жонли йўлакдан Фрунзик Мкртчяннинг тобути машҳур арманлар дафн қилинадиган пантеонгача қўлма-қўл бўлиб борди...

Ўтган йили Россия телевидениеси Мкртчян сулоласининг сўнгги вакиласи, Нунанинг қизи Эрен Тертерянни Аргентинадан излаб топди ва у билан кўрсатув намойиш қилди. Сочи калта олинган, кўзлари катта-катта, ҳали эрга тегмаган  Эрен илк бор Россияга келди ва бобоси билан бўлган учрашуви ҳақида гапириб берди.

“Мгер Мкртчяннинг беш дақиқалик сукути”

Уни нафақат СССРда, балки бутун дунёда севишарди. Мана бу лавҳа «Нью-Йорк таймс» газетасидан олинган. Ундаги мақола “Мгер Мкртчяннинг беш дақиқалик сукути” деб номланади. Гап шундаки, Америкадаги бир учрашувда йиғилганлар на русчани, на арманчани билишар, аммо Мкртчянни кўришни исташар эди. Мкртчян саҳнага чиқди ва беш дақиқа бир сўз айтмасдан томошабинларга қараб тураверди. Томошабинлар кула-кула ҳатто ўриндиқларидан думалаб тушишди. Мкртчян уларга яна бир нигоҳ ташлаб, саҳнани тарк этди.

Фрунзик Мкртчян хотираси

Туғилган шаҳри Гюмрида унга ҳайкал қўйилган.

2007 йилда Москвадаги санъат музейида “Минмино” қаҳрамонлари, хусусан, Мкртчянга ҳам ҳайкал ўрнатилди.

Худди шундай ҳайкал 2011 йилда Арманистоннинг Дилижан шаҳрида ўрнатилди.

2011 йилда Грузия пойтахти Тбилисида ҳам “Мимино”чиларнинг ҳайкали очилди.

«Россия» телеканали «Фрунзик Мкртчян. Ёлғизлик тарихи» номли ҳужжатли фильм ишлади.

Россиянинг “Биринчи канал”и унинг 80 йиллигига атаб «Фрунзик Мкртчян. Ён томонидан мағрур кўринадиган инсон» фильмини намойиш қилди.

2006 йилда Арманистонда Фрунзик Мкртчян сурати акс этган почта маркаси чиқарилди.

Гюмри шаҳрида Мкртчян номидаги музей очилган.

Ереванда Мгер Мкртчян номидаги театр фаолият юритади. Театр биносида Мкртчяннинг машҳур ён томонидан ишланган сурати ишланган ёдгорлик лавҳаси ўрнатилган.

Интернетда Фрунзик Мкртчян хотираси сайти ва унинг номидаги музей сайти мавжуд.

Мкртчяннинг машҳур иборалари

“Мимино”дан:

“Валикжан, сенга бир ақлли нарса айтаман, сен фақат хафа бўлма!”

“Сиз нега қатиқ емаяпсиз? Ёқтирмайсизми?”

“Бу “Жигули”лар қандай ўйлайди, билмайман, оёқ остида ўралашгани ўралашган”.

“Мен шундай ўйлайман”.

“Жабрланувчига нисбатан шунчалик шахсий адоватим борки, овқат ея олмаяпман”.

“Шундай саволлар берасизки, ҳатто жавоб бериш ноқулай”.

“Кавказ асираси”дан:

“Агар йўқ десангиз, сизни сўйишармиш”.

“Сизлар ўзингизга билдирилган юксак ишончни оқламадингизлар”.

“Сен ўзингнинг шахсий жунинг билан давлатнинг жунини аралаштирма!”

Ўнгсўз ўрнида

Бугун ҳам Мгер Мкртчян Арманистоннинг миллий қаҳрамони ҳисобланади. Ҳали ҳам Ереван ва Гюмри кўчаларида унинг улкан суратлари осилиб турибди.

Арман миллати ер юзида бор экан, дунёнинг энг машҳур арманиси Фрунзик Мкртчян уларнинг севимли қаҳрамони бўлиб қолаверади.

“МЕН ШУНДАЙ ЎЙЛАЙМАН!”

Тўра Мурод

 

 

Альберт Мкртчян хотираларидан:

«Фрунзик ўлимни истади. Ўлимни соғинди. Ўлимга талпинди. Ўз ҳаёт чироқларини ўчириб, ўлим сари борди. Уни давр, вино ё тамаки ўлдирмади.У буюк қайғуни енгишга, хотини ва ўғлининг касаллиги олдида ожиз эркак сифатида ўзида яшашга куч топа олмади”.

“Янги газета” хабаридан:

“Арманистон бугун бутун дунёга дунёдаги энг ғамгин армани – Фрунзик Мкртчян табассуми билан табассум қилмоқда”.

Георгий Данелия:

“Унинг истеъдодини англаш учун фильмларидан ташқари спектакллардаги ролларини ҳам кўриш керак. Мен учун у Сирано де Бержерак ролининг энг зўр ижрочисидир”.

    Хорен Абрамян:

“Биз ҳар гал кулис ортида Фрунзик бугун қанақа импровизация қилар экан, деб пойлаб турардик ва у албатта бир нима қиларди. У бутун зални кулдира оларди. У кунни қўшиқ айтиб бошлар ва бахтли кўринарди, аммо унда ҳамиша қандайдир фожеавий нарса ҳам борлиги сезилиб турарди”.

Алла Сурикова:

“Ҳақиқий комик актёрлар, иккинчи планда фожеавий бўлишади. Евгений Леонов, Андрей Миронов, Юрий Никулин ва, албатта, Фрунзик Мкртчян ана шундай комиклардан эди. Арманларда бир гап бор: “Дардингни олай”. Бу инсонийликнинг олий мақоми. Бу ибора Фрунзикка мос эди...”