«bong.uz» сайтида Бегали Эшонқуловнинг «Савобни сотманг» мақоласини ўқиб, менинг ҳаётимда ҳам бунга мисол бўладиган воқеа борлигини эсладим:

Кеча ишлаб ўтирсам, қизим қўнғироқ қилди. Кайфияти чоғ.

— Ассалому алайкум. Ойи, ойи, «Буюк ипак йўли» метроси яқинидан қаймоқ сотиб олдим! Бир банкасини ўн минг сўмга бериб юборди, яхши хола экан... Саҳарликка қаймоқ еймиз.

— Ваалайкум ассалом. Майли, совуткичга қўйиб қўй, – унга шундай дедиму бир пайтлар талабалигимда бир аёл менга ялина-ялина қаймоқ сотгани, у қаймоқ эмас, бўтқа бўлиб чиққани эсимга тушди. Онанг қишлоқдан келган содда қиз эди. Сен шаҳарда улғайсанг ҳам соддалик мендан ўтибди-да. Тушдан кейин кўчада қаймоқ айниб қолади-ку бунақа иссиқда. Кўнглимдан ўтган гапни унга билдиргим, кайфиятини туширгим келмади. Ишдан қайтишимга ифторлик дастурхони тайёрлаб қўйган қизларимни дуо қилиб, қаймоқ эсимга тушди. Совуткични очиб қарадим. «Қаймоқ»нинг идиши бўғзигача қора полиэтилин қопчиққа ўралган. Секин қопчиқни йиртиб олдим. Идишнинг тепасидан икки сантиметр жойида қаймоқ бор, пасти эса... Нималигини англаш қийин, сарғимтир зардобми бир нима бор эди. Қизим кайфиятимни кўриб, қўлимдан идишни олди:

— Ойи, соддагина аёл эди. Иссиқда чарчаб кетдим, рўзадорман, шуни олиб кетинг, тоза қаймоқ, дея ялинганига раҳмим келиб олгандим. Ойи, рамазонда ҳам одамлар алдайверишадими? Энди нима қиламиз?

— Майли, хафа бўлма. Саҳарликка бошқа нарса пиширамиз. Алдайдиган одамлар учун ойнинг, жойнинг аҳамияти йўқ. Мен ҳам сенга ўхшаб бир пайтлар раҳмдиллигимдан қаймоқчига алданганман. Демак, ўша аёл ёки унга ўхшаганлар ҳамон бор. Уларга Аллоҳ кифоя қилсин.

Уни овутяпману бир пайтлар онамдан эшитган насиҳат хаёлимда айланди. Бир куни уйимизга узоқроқ қўшни қатиқ сўраб чиқди. Мен қатиқ йўқ, дедим. Чунки эрталаб солган томизғи ҳали сутни қатиққа айлантирганми, йўқми, деган хавотирим бор эди. Онам қатиқ бор-ку, дея қўшнига янги, иссиқ қатиқдан қуйиб берди. У дуо қила-қила чиқиб кетди. Мен чала тайёр қатиққа ичим ачиб қолавердим. Идиш бир қўзғалдими, қатиқнинг мазаси бузилади. Онам шунда менга: «Уйда бор нарсани йўқ, деб бўлмайди. Жуда бергинг келмаса, ҳолатини айтишинг керак. Ахир, оқлик Аллоҳнинг берган ризқи-ку. Сен бугун қўшнидан қизғонсанг, эртага Худо биздан қизғониб, сигиримиз сут бермай қўйса нима бўлади? Кўрдингми, у чашмасига барака берсин, деб дуо қилди. Оқлик билан алдаб бўлмайди.»

Оқлик билан алдаб бўлмайди... Хаёлимда шу сўзлар айланади. Аслида, бугун бозорларимизда, супермаркетларда ва махсус сут-қатиқ дўконларида оқлик маҳсулотларини истаганча топиш мумкин. Куннинг иссиғида кўчадан бу маҳсулотларни олиш соғлиққа ҳам, гигиенага ҳам тўғри келмайди. Буни кўпчилигимиз яхши биламиз. Лекин ўзини ҳокисор тутиб, содда кўринган одамларни алдаб, ялиниб-ёлвориб, бир нималар сотиб юрган одамлар олган пулларига болаларига қайси юз билан нон едирар экан? Қизим айтганидек, рўзадор бўла туриб (агар рўзадор бўлса) алдагани виждони қандай йўл қўйди экан? Рамазон келиши билан шайтонлар кишанланади, дейилади муқаддас китобларда. Лекин одамлар ичидаги шайтондан қутула олмас экан, бошқаларни алдаши учун ҳамиша фурсат топишаверар экан-да.

Содда болам-а...

Манзура ШАМС

Энг кўп ўқилган