Бугун Ўзбекис­тонга дунёнинг қатор мамлакатларидан кўп сонли сайёҳларнинг келиши ижобий ҳол, албатта. Бироқ масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Биз хорижий сайёҳларни муносиб кутиб олиш ва сифатли хизмат кўрсатишга тайёрмизми? Улар ўз саёҳатлари давомида қайси жиҳатларга эътибор қаратишмоқда? 

Мун Чжэ,

хитойлик тадбиркор:

 

– Хитой билан Ўзбекистон ўртасида савдо алоқалари жадал ривожланиб бормоқда. Шунга қарамай, Хитойнинг Ўзбекистондаги консуллигидан виза олиш муддати узоқ давом этади. Айрим вақтларда бир ойгача чўзилиб кетади. Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатларда энг узоғи бир ҳафтада чиқишига гувоҳ бўлганман. Ўзим тадбиркор бўлганим учун дақиқанинг қадрига етаман. Бир ойда мавсум ўтиб кетиши ёки бизнес режа ўзгариб кетиши ҳеч гап эмас. Туризм соҳаси вакилларига бир илтимосим бор: шу муаммони ҳал қилиб берса, инвесторлар ва тадбиркорлар учун мақсадга мувофиқ бўларди. 

Михаил Казаков,

тадбиркор: 

– Ҳамма сайёҳ ҳам Ўзбекис­тонга самолётда келади, деганлар адашади. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара ҳудудларида ўтиш жойлари аянчли ҳолатда. Қоплонбек, Сариағач ва бошқа ўтиш жойлари чиқиндига тўлиб кетган. Ана шу жойларнинг ободлигига эътибор қаратишни маслаҳат берган бўлардим. Элликдан ортиқ давлатга бемалол кириб-чиқиш имконига эгаман. Инвестиция киритиш учун бир йилда Ўзбекистонга бир неча марта келиб-кетганим ҳисобидан паспортим штампга тўлиб кетди. Бошқа давлатларда рўйхатга қайд қилиш алоҳида карточкалар орқали амалга оширилади. Майли, паспортга штамп босиш ўзига хос тартиб бўлсин, бунга ҳам розимиз. Бироқ у штамплардаги ёзувларни ўқиш муаммо?! Агарда қайсидир давлатга борганингизда паспортингизни бошқа тилга таржима қилдиришга тўғри келса, бу штамп­лардаги ҳарфларни ўқиш ва тушуниш қийин бўлади. 

Азизбек Султонов,

 тадбиркор: 

 

– Хориждан юртимизга келган меҳмонлар меҳмонхона ёки ижарага олинган манзилдаги милиция бўлимига бориб рўйхатдан ўтиши керак. Бу ҳақда кичик қоғоз берилади. Уни ёнингизда олиб юришингиз керак. Яқинда келган хитойлик сайёҳ дўстларим бу қоғозни йўқотиб қўйсак, жазоланамизми, уни нима қилиш керак, деган мазмунда турли саволлар бериб, қоғозни йўқотиб қўйишдан хавотирга тушди. Бу жараён ҳам туристларни юртимизга келмаслиги учун битта сабаб бўлиб қолиши, оддий эътиборсизлик юртимиз шаънига доғ тушириши мумкин. Яқинда ўтказилган Зиёрат туризми форумига хорижлик ҳамкорларимизни олиб бордим. Табиийки,  уларнинг ҳаммаси мусулмон давлатлардан келган, намоз ўқийди. Ташкилотчилар келган меҳмонларга жойнамоз етказиб бера олмаганига гувоҳ бўлдим.

Олимжон Шарипов,

 тадбиркор: 

 

– Туризм бўйича энг катта масала – бу божхона ходимларининг чет элликларни баъзи қонун-қоидаларни бузганида огоҳлантиришсиз жазолаши. Яқинда Ўзбекистонга инвестиция киритиш учун келган чет эллик ишбилармон Хитойга жўнаб кетишига тўғри келди. Унинг ёнида 8 600 доллар бўлган экан. Юртимизга биринчи марта келгани сабабли декларация тўлдиришни ҳам, чеклов борлигини ҳам билмаган. Божхона ходимлари уни ушлаб, рейсдан қолдириб, бир хонага киритиб қўйган. Мен бориб, агар ёнида кўп пул бўлса, бир қисмини олиб қолишим мумкинлигини тушунтиришимга қарамай, 5 минг долларни мусодара қилишди. Хуллас, инвестор ва турист сифатида Ўзбекистонга биринчи марта келган филиппинлик аёл яхши  таассуротлар билан чиқиб кетди, деб айта олмаймиз. Агар, хорижий давлатларга эътибор қиладиган бўлсак, Европа давлатлари ва Америкада ҳеч қандай чеклов йўқ. Осиё мамлакатлари – Хитой, Кореядаги баъзи бир чекловларни сайёҳлар билмасдан бузса, бағрикенглик ва инсонийлик тамо­йиллари асосида бир мартага кечирилади. 

Гурсел Туркуран,

 тадбиркор: 

 

– Биз қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳамкорлик қилиш мақсадида келган эдик. Иқлими иссиқ бўлгани учун Термизни бориб ўрганмоқчи бўлдик. Чунки эртапишар сабзавот экинларининг уруғларини етказиб бериш билан бирга иссиқхоналар ҳам қурмоқчимиз. Биз вақтни тежаш учун енгил автомобилда йўлга чиқдик. Очиғи,  жуда қийналдик, йўлларда юриш азоб, ҳожатхоналарнинг йўқлиги ёки борлари ҳам киши дилини хира қиллади. Бу каби муаммолар кўпчиликда норози кайфият уйғотиши аниқ.

Абдурасул Қодиров,

 тадбиркор: 

– Ўзбекистонда сайёҳликни ривож­лантириш борасидаги кўплаб ўзгариш­лар таҳсинга лойиқ. Лекин негадир, туризм инфратузилмаси билан шуғулланиш истагидаги ишбилармонларга имтиёзли кредитлар бериш йўлга қў­йилмаган. Фақатгина, меҳмонхона қурсангиз бундай имкониятга эга бўласиз. Агарда сайёҳларга хизмат кўрсатишнинг бошқа объектларини ишлатмоқчи бўлганларга ҳам бу борада енгилликлар берилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Тўғри, ҳожатхона қуриш ёки текин «wifi» ўрнатишдаги имтиёзлар бундан мустасно.

Биз сайёҳлар ва тадбиркорларнинг фикрларини холис ёритишга ҳаракат қилдик. Танқид келажак меваси эканини кўпчилик яхши билади. Шундай экан, муаммоларга ўз вақтида эътибор қаратиш ва уни бартараф этиш ҳам бугуннинг долзарб вазифасидир. Ахир, юртимизга келадиган сайёҳлар оқими ортишидан ҳаммамиз манфаатдормиз. 

Сайёра Шоева,

ЎзА

Энг кўп ўқилган