2019 йилнинг ўтган даврида мамлакатимиз ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб, жабрланувчига ёрдам кўрсатмай, воқеа жо­йидан қочиб кетган 18 та ҳолат қайд қилинди. Транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган ҳайдовчилар айби билан 18 та автоҳалокат аниқланган. Бу нохуш ҳодисалар 9 кишининг умрига зомин бўлди. 13 киши эса турли даражадаги тан жароҳатлари олган.

Айбдор ҳайдовчиларга-ку чора кўрилди, аммо жабрланган, бир умрга  ногиронлик азобига гирифтор бўлганларнинг қалб яраларига қандай чора кўрилади? Уларнинг дардига малҳам борми?

Айбдорларнинг аксарияти воқеа жойидан қочиб кетишига қаттиқ қўрққани, стрессга тушиб қолганини баҳона қилади. Бироқ бунга асосий сабаб — тезликни оширгани ва рулга маст ҳолда ўтирганини хаспўшлашга уринади.  Суд ҳолатга ҳақиқий баҳони берганида улар ер чизиб қолади. Бундай вазиятларда жабрланувчилар билан суҳбатлашиш жуда ҳам оғир. Айниқса, улар ногирон бўлиб қолган бўлса...

 Қуйидаги воқеа ҳам тўқиб чиқарилган эмас. У шу кунларда содир бўлган. Воқеа содир бўлганидан бироз вақт ўтиб, ногиронлик тўшагида ётган қизнинг дугонаси бизга мактуб келтирди. Уни кўпчиликка ўрнак бўлар, деган мақсадда эътиборингизга ҳавола этяпмиз.

— 16 ёшида бахтсиз ҳодиса туфайли ногирон бўлиб қолган дугонамнинг изтироблари, кўнгил кечинмаларини унинг тилидан ёздим, — дейди кўзларида ёш билан дугонаси. — Бунинг учун у мени кечирар. Чунки буларни фақатгина ягона ният билан қоғозга туширдим. Шоядки, бу сатрларни ўқиганларнинг ҳеч бўлмаганда биттаси тўшакка михланган бегуноҳ қиз ҳақи-ҳурмати спиртли ичимлик ичиб, машина бошқараётганларни тартибга чақирса. Шу сабабдан дугонамнинг ҳам, уйидагиларнинг ҳам исмларини ёзмадим.

Унинг сўзларини қоғозга туширяпман-у, кўзларимдан қуйилиб келаётган ёшни тўхтата олмаяпман. Бу оила йўл-транспорт ҳодисасига учраган кунни яна бир карра эслаяпман. Агар, ўша куни қимматбаҳо автомобиль эгаси маст бўлмаганида, маст ҳолда рулга ўтирмаганида бу каби нохуш ҳолат юз бермасмиди. Гувоҳларнинг айтишича, ҳайдовчи шу қадар маст бўлганки, ҳатто, йўл-транспорт ҳодисаси содир этганини ҳам билмаган. У катта тезликда келиб, светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турган машинани урган. Зарб кучидан дугонам оиласи билан ўтирган автомобиль ўттиз метрлар нарига сурилиб борган. Шифокорлар қанча ҳаракат қилишмасин, дугонамдан бошқа ҳеч кимнинг ҳаётини сақлаб қола олмаган. Айбдорку жазосини олар, лекин дугонам бутун оиласидан айрилганига чидай олармикан? Унинг ҳали мурғак қалбига сабр бер, Яратган эгам!

Соғинч азоби

«Ассалому алайкум, меҳрибон онажоним, азиз отажоним! Фаришта сингилларим, эркатойим, укам. Бу мактубни қалбимда минг алам, изтироб, соғинч ила дугонамга айтиб туриб ёздирдим. Дардим енгиллашармикин, деган ўйга бордим. Нега дейсизми? Ахир, ўша кунги машъум воқеадан сўнг сизлардан айрилганим камдек, бир умрга тўшакка михланиб қолдим. Йўл-транспорт ҳодисасида умуртқаларим қаттиқ шикастланган экан, шундан қўл-оёғим ишламай қолди. Сизларни соғинганда йиғласам, ҳатто, кўз ёшларимни ҳам арта олмайман. Чунки қўлларим кўзларимга етиб бормайди. Бувижоним ва дугоналарим бу ишда менга ёрдам беради. Юрагим тўлиб, қийналган пайтларим далда бўлишади. Баъзан кўп йиғлаганимдан кўзда ёш ҳам қолмаяпти. Кўз ёшлари ҳам ўлчовли эканини шундан билдим.

Онажон, қанчалик бахтли ва сурурли кунлар эди, ўшанда. Эслайсизми, ҳаммамиз биргаликда бобомни кўргани бордик. Дадам норинни яхши кўргани учун биргаликда шу таомни тайёрладик. Ўшанда қўлимни пичоқ тилиб юборганди, роса кулгандик. Сиз «ҳой қиз, пичоқ ушлашни ўрган, эртага бировнинг уйига борсанг, уят бўлади-я», деганингизда сингилларим пиқир-пиқир кулишганди. Мен эса уялиб, айни чоғда келажакни кўз олдимга келтириб, ич-ичимдан энтиккандим. Сизга сал қовоғимни солиб қараган эдим-у, аммо ичимда ўша кунлар келишини, бахтли бўлишни орзу қилгандим. Афсус, булар бари орзулигича қолиб кетди. Аниқроғи, орзуларим, ширин хаёлларим сизлар билан биргаликда қаро ер қаърига кирди.

Онажон, ношукрлик қилаяпти деманг, аммо мен учун зулматга айланган бу ёруғ дунёда сизларсиз яшаш жуда қийин бўляпти. Менга оғриқ, изтироб, ҳижрон ва биргаликда тушган суратлар ҳамроҳ. Бувим билан бобом ҳам кексайиб қолишди. Ғам-ташвиш уларнинг қаддини букди. Анави раҳмсиз инсон лоақал бир марта бўлса ҳам келиб кўнгил сўрамади. Чунки у аввал ҳам йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб, бир бегуноҳнинг ўлимига сабабчи бўлган экан. Бобом гапириб берди. Ҳаром пул қутуртирган, босар-тусарини билмай қолган кимса эмиш. Ўзига иккита адвокат ёллабди. Улар ҳар хил қоғозларни кўтариб келиб бобомнинг бошини қотирибди. Бобом бувимга жаҳл билан гапираётганида эшитиб қолдим. «Набирангизнинг дори-дармони учун ўттиз миллион пул берамиз», дейишибди. Бу гапларни эшитиб баттар эзилдим. Наҳотки, инсон қадри шунча бўлса. Наҳот, ҳамма нарса пул билан ўлчанса. Улар қандай одамлар ўзи? Одамгарчилик, инсоф, диёнат деган тушунчалар қаерга йўқолди? Ким йўқотяпти, уларни?

Шуларни ўйлар эканман, дадамнинг бир насиҳати ёдимга тушади. «Ўртоқларим интернетдан фойдаланишади. Менга ҳам компьютер олиб беринг», деганимда отам:  «Қизим, интернет яхшилик олиб келмайди. Бунинг ўрнига китоб  ўқи. Шундан фойда бор, интернетдан эмас», деганди. Ўшанда хафа бўлгандим. Аммо энди бу гапларнинг мағзини чақдим.

 

Эй, Яратган Эгам! Менга ҳеч нарса керак эмас. Жондан азиз ота-онамни, сингилларимни, эркатой укажонимни қайтариб бер, деб туну-кун нола қиламан. Биламан, кўп нолийвериш ҳам яхши эмас. Худога хуш келмайди. Аммо нима қилай, чидай олмаяпман, онажон. Соғинч азоби ич-этимни тирнаяпти. Сизлар билан ўтган ширин хотиралар тинчлик бермаяпти, соғиняпман...

 

Шуларни ўйлайману кўз олдимга уч қиздан кейин ота-онам тилаб олган кичкина укам келади. «Қазойи-қадарим битиб, бу дунёни тарк этсам, тобутимни кўтарадиган ўғлим бор», дея ўзини хотиржам ҳис этган дадам билан бирга қаро ер бағрига кирган жигарим ёди мени янада эзиб ташлайди. Эртами-индин қазо вақти етганида мени ким охирги манзилга кузатади? Буни бувимга билдирмасликка ҳаракат қиламан. Шундоқ ҳам адойи тамом бўлган меҳрибонимни яна қийнагим, қалбини баттар ўртагим келмайди.

Куни кеча тоғам пачоқланиб, машина дегулик номи қолмаган автомобилимизни уйларига олиб келибди. Машина ичида укамнинг  яхши кўрган ўйинчоғи, велосипед ҳам бор экан. Тоғамнинг қизлари шуни гапириб қолди. Мен уларга илтимос қилиб, велосипедни уйимизга олиб келтирдим. Ҳеч бўлмаса, кўрганимда укамни эслатиб турар, деган ниятда ётган уйимга киритиб беришини сўрадим. Баъзан велосипедга қараб укамни уни миниб юргандек тасаввур қиламан. Ёқимтой юзи, ширин сўзлари, отажонимга ўхшаб онда-сонда йўталиб қўйишлари кўз ўнгимдан кетмайди.

Куну тун ётавергач одамнинг хаёлига кўп фикрлар келар экан. Ўзимга ўзим савол бериб, жавоб излайман. Яна бир овунчоғим радио. Кеча эшитдим. Маст ҳолда машина бошқараётганлар кўпа­йиб бораяётган экан. Узоқ ўйга толдим. Нега одамлар бундай? Нима учун бераҳм, масъулиятсизлар кўпайиб кетяпти? Уларнинг кўпайгани етмагандек мен каби бахти қароларни ҳам кўпайтираётганини, наҳотки, билишмайди? Танаси бошқа дард билмас, деганлари шу бўлса керакда. Маст ҳолда машина бошқарганларнинг касрига қанчадан-қанча оилалар энг яқин кишисини йўқотишдек, изтироб исканжасида қоляпти. Қанчадан-қанча оилаларда бевақт аза очиляпти. Ёш умрлар хазон бўляпти. Мендек юраги шижоатга тўла, эндигина барқ уриб гуллаётган навниҳол ёшлар пешонасига бир умр ногирон деган тамға босиляпти. Улар тўшакка михланиб, кимнингдир кўмагига, меҳрига, тафтига муҳтож.

Яқинда бобомнинг уч-тўртта  тенгдош­и уйимизга йиғилди. Улар мени ҳам кириб кўришди. Бир паст гаплашиб ўтиришди. Яхши гапларни айтиб, кўнглимни анча кўтаришди. Айниқса, Ҳожи буванинг айтган гаплари юрагимга бироз бўлса-да тасалли берди. У кишининг айтишича, шаҳид кетганлар тўғри жаннатга борар экан. Илоҳим, ота-онам, сингилларим, укажоним жаннат боғларида, биргаликда юрган бўлишсин, дея мен ҳам дуо қилдим.

Биласизми, ойижон, шундай деб дуо қиляпман-у, ўзим ҳам тезроқ ёнларинг­га борсам дейман. Лекин бу гапимни бошқаларга айтмадим. Битта дугонамга айтдим. У эса уришиб берди. «Одам ниятни яхши ва тўғри қилиши керак», деди. Бу дунёда қолганлар ўтганларни қанчалик хотирлаб, дуо қилиб туришса, уларга шунчалик савоби борар экан. Майли, қўл-оёқларим ишламаса ҳам, ўрнимдан тура олмасам ҳам дуо қилишдан чарчамайман.

Онажон, мен машинамизни маст ҳолда келиб урган одамни ҳам қарғамадим. Ҳожи бувам: «Қарғаш яхшиликка олиб келмайди. Қарғиш кимга уришини ҳам Яратгандан ўзга ҳеч ким билмайди. Ёмон нарсаларни ўйламагин, қизим, Қодир Эгам  ҳар кимга қилмишига яраша жазо ҳам беради», деди. Шунинг учун ётган жойимда бўлса ҳам ҳақларингга тиловат қиляпман. Сизларга жаннат боғларини раво кўрувчи, доимо дуода бўлгувчи, Сизларни соғинган қизингиз ...»

Жаноза куни йиғламаган, ачинмаган одам қолмади. Бир уйдан бир вақтда бешта тобутнинг чиқиши унча-мунча қаҳри қаттиқ одамни ҳам кўз ёш тўкишга мажбур қилади. Шуларни ўйлар эканман, ўзимдан-ўзим одамлар нима учун шундоқ ҳам қисқа бўлган умрни фойдали ишларга сарфлаш ўрнига беъмани ишларга сарфлашади, деб сўрайман. Кейин ўзимча, ақлим етганича бу саволга жавоб ҳам бераман. Бундай кимсалар имони заиф кишилар. Улар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ. Улар бу дунёда энг қадрли нарсаларни ҳам пул билан сотиб олмоқчи бўлишади. Бойлик, мансаб уларнинг қалб кўзини кўр қилиб бўлган. Мана шундай кимсалардан сизу бизни Яратганнинг ўзи асрасин...

Бундан қандай хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола. Аммо ҳурматли ҳайдовчилар, рулга ўтираётганингизда ҳушёр бўлиб, инсонийлик, диёнат, меҳр-шафқат каби эзгу тушунчаларни ўзингиздан бегона қилманг!

 

Азизхон МУРОДОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Матбуот хизмати

инспектори, майор

Энг кўп ўқилган