Сарлавҳани ўқибоқ, муаллиф бу орқали нима демоқчи, деган савол кўнгилдан ўтгандир. Хулоса қилишга шошилманг. Агар ёдингизда бўлса, бундан икки-уч йил аввал (эҳтимол ҳозир ҳам) пойтахтимиздаги кўчалар, бекатларда «Шаҳримизни бирга безайлик», деган сўзлар битилган баннерлар кўзга ташланарди. Афсуски, ҳозирда бу жумлаларнинг мазмуни ўзгарган кўринади.

Сир эмаски, бугун Ўзбекистон, айниқса, Тошкент чин маънода улкан бунёдкорликлар шаҳрига айланиб улгурди. Қай бир гўшага борманг, бир-биридан баланд, бир-биридан чиройли иншоотларнинг барпо этилаётганига гувоҳ бўласиз. Кўча ва хиёбонлар ранг-баранг тарзда безалган. Йўллар атрофида турфа гуллар қишин-ёз­ин кўзни қувнатиб туради. Сайилгоҳларда одамларнинг маданий ҳордиқ чиқариши учун ноанъанавий, бежирим ўриндиқлар ўрнатилган. Умуман, нафақат маҳаллий, балки хорижлик сайёҳлар сонини кўпайтириш, айниқса, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳия­тини юксалтириш, туризм соҳасини янада ривожлантириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Бу эса ўзининг амалий натижасини бермай қолмаяпти. Хусусан, бетакрор юртимизга ташриф буюриб, унинг тарихий обидалари, гўзал манзараларини ўз кўзи билан кўриш истагида бўлганлар сони кун сайин ортиб бормоқда.

Эътиборлиси, бундан сал аввал футбол бўйича Англия чемпионатидан ўрин олган учрашувларнинг бирида Ўзбекистонга саёҳат қилишни тарғиб этувчи ёзувлар бевосита стадионнинг ўзида намойиш этилди. «Ўзбекистонни тўлиқ кўриш учун бутун умр ҳам камлик қилади». Қандай чиройли ва ноодатий жумлалар кўча2тўғри эмасми? Агар майдондаги мухлислар сони ўртача 40 минг нафар деб ҳисобласак, учрашувни телевизор орқали 20 миллиондан ортиқ одам томоша қилган. Энди ижтимоий тармоқларда бу каби чорловга кўзи тушганлар сонини ҳисоблайверинг.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг маълумотларига кўра, 2018 йилда юртимизга 5 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюрган.  2019 йилнинг январь ва февраль ойларида Ўзбекистонга 831 мингга яқин меҳмон келган. Олдинда ҳали 10 ой борлигини инобатга олсак, ташрифчилар сони янада ортиб боришини изоҳлаш шарт эмас.

«Шаҳримизни бирга безайлик». Юқорида айтиб ўтганимдек, бу сўзларнинг маъно ва мазмуни бироз ўзгариб кетмоқда, назаримда. Боиси яқинда Тошкент кўчаларини айланиб, нохуш бир «анъана»га гувоҳ бўлдим. Ҳа, у марказий бўлсин, хоҳ чеккароқдаги кўчами, деярли барида бир хил манзара. Йўл юзида ўрнатилган ўриндиқларнинг барчаси ёшларнинг «санъат асари»га айланган. Турфа шакллар, турли исм ва сўзлар. Уларнинг орасида севги мактублари-ю, беҳаё сўзларни ҳам учратасиз.

 

Бундан ташқари, йирик чорраҳаларда бунёд этилган кўприклар ёнида пиёдалар учун қурилган ер усти ўтиш жойларида ҳам аҳвол аянчли. Ўтиш йўлакларининг атрофи ойна билан ўралгани ўз номини тарихга «муҳрловчилар» учун жуда қўл келган. Ҳеч бир ойна йўқки, аслидагидек қолган бўлса. Шунингдек, айрим маҳаллаларда ҳудуд ҳақида маълумот берадиган темир устунларга турли реклама ва эълонлар ёпиштириб ташланган бўлса, айримлари оёғидан шикаст егандай бир четга мунғайиб қолган.

Ўтган йили юртимизга қўшни респуб­ликадан ўз машинасида келган меҳмон билан суҳбатлашганимда, у пойтахтдаги йўллар жуда кенглиги ҳақида айтган эди. Бироқ йўл ўртасидан ўтган қувур қопқоқларининг баъзан паст, баъзида йўлдан жуда баланд экани ҳаракат учун ноқулайлик туғдирганини ҳам қўшимча қилганди. Чиндан ҳам сайёҳнинг сўзларида жон бор. Айниқса, машиналар қатнови гавжум кўчаларда қувурлар тузатилгач, ковланган жой текисланмай шу ҳолича қолдирилиши ҳам кўпчилик ҳайдовчиларнинг кўнглини хира қилади.

Масалан, пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Фарҳод ва Ширин чорраҳалари орасидаги йўл 3-4 ой аввал ковланиб, номигагина бекитиб қўйилди. Вақт ўтиши билан бу ерда каттагина чуқур пайдо бўлд. Шу ердан ўтган ҳар ўнта машинанинг 8 таси ана шу чуқурга тушмай қолмайди. Натижада кимдир ғилдирак алмаштирган, бошқаси ҳушёрликни йўқотган.

Дарвоқе, кўчаларда ўрнатилган чиқинди қутилари сонини ҳам анча кўпайтириш керакка ўхшайди. Биргина пойтахтнинг Сайилгоҳ кўчаси бўйлаб айлансангиз, ҳар ерда турли идишлар, қоғоз бўлакларига кўзингиз тушади. Чиқинди қутилари тўлиб тошганидан одамлар қўлидаги чиқиндини дуч келган ерга ташлаб кетмоқда.

Эҳтимол, бу фикрларга кимдир арзимас ва майда камчилик сифатида баҳо берар. Балки шундайдир. Аммо унутмаслик керакки, ҳар қандай кичик муаммонинг олди олинмас экан, у йириклашиб бораверади. Охир-оқибат катта бир доғга айланади.

Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар сонини оширмоқчи эканмиз, аввало, ишни мана шундай кичик муаммоларга барҳам беришдан бошлаш керак. Улар қачонгача шаҳарнинг «юзи» бўлиб қолаверади?

Юрт ободлиги учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиши шарт. Шундай экан, айримларга қарата қўлингиздан бирор иш келмаса, ҳеч бўлмаганда борини ҳам йўқ қилманг, дегинг келади.

Хайрулло АСТАНАҚУЛОВ,

«Жамият» мухбири

Энг кўп ўқилган