Маҳалла — ҳуқуқ-тартибот маскани ёхуд жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг янги механизми

User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ижобий натижаларга ҳамда криминоген вазиятни сезиларли даражада яхшилашга эришилмоқда.

Бунда ички ишлар органларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этиладиган ҳамда қишлоқларда, овулларда ва маҳаллаларда жамоат тартиби сақланишини, фуқаролар хавфсизлигини, ҳуқуқ­бузарликлар профилактикасини, жиноятчиликка қарши курашишни бевосита таъминлайдиган асосий қуйи бўғини фаолиятини амалга оширувчи профилактика инс­пекторларининг ўрни беқиёс.

Қайд этиш жоизки, ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида ички ишлар органлари томонидан умумий жиноятларнинг 95,2 фоизи фош этилган. 20 994 та жиноят аниқланган. Ўтган давр мобайнида, тизим таркибидаги биргина профилактика инспекторлари томонидан 65 381 та ҳуқуқбузарлик фактлари аниқланган.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантириш, ички ишлар органларининг энг қуйи бўғинидан республика даражасигача самарали фаолиятни йўлга қў­йиш  ва замонавий иш услуб­ларини жорий этиш орқали мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мус­таҳкамлаш, аҳолининг тинч­лиги ва осойишталигини таъминлаш устувор аҳамият касб этади.

Бунинг ҳуқуқий кафолати сифатида давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 26 март куни “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармонда ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилиши белгиланди.

Фармонга кўра, маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани ҳудуддаги жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг асосий қуйи бўғини ҳисобланади.

Маҳалла ҳуқуқ-тартибот мас­кани негизида ҳудуддаги ички ишлар органларининг тегиш­ли соҳавий хизматлари ҳамда Миллий гвардия ва бошқа қатор давлат органларининг мувофиқлаштирилган фаолияти ташкил этилади.

Маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш ишларини тизимли ташкил этиш, мувофиқлаштириш вазифаси профилактика инспекторига юкланди.

Тизимга рақамли технологияларни қўллаш ва аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида профилактика инспекторларига масофадан мурожаат қилиш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, аҳоли билан ўзаро тезкор мулоқотни йўлга қўйиш имконини берувчи “Smart маҳалла” дастури ишлаб чиқилгани фармонда кўрсатиб ўтилди.

Жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқ­бузарликлар профилактикаси юзасидан маҳалла ҳуқуқ-­тартибот мас­кани профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини янада оширишда баъзи меъёрларга амал қилган маъқул. Хусусан, профилактика инспекторлари ваколатига кирмайдиган масалалар юзасидан ҳудудий давлат органлари томонидан уларга топшириқлар берилишини чек­ловчи ва бундай ҳолатлар юзасидан тегишли жавобларлик чораларини назарда тутувчи қонунчиликни такомиллаштириш зарур. Профилактика инспекторларида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этиш сабаблари ва шарт-шароитларини чуқур таҳлил қилиш, аниқлаш ва бартараф этиш бў­йича назарий ва амалий кўникмаларини янада ривожлантириш ва бу буйича ҳудудий ички ишлар тузилмаларида махсус ўқув курс­ларини жорий этиш ҳам муҳим масалалардан.

Айниқса, “маҳаллабай” ишлаш тизимидан келиб чиқиб, профилактика инс­пекторларининг аҳоли билан ишлашда қулай ва самарали кўринишларини жорий этиш, жумладан, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар ошиб бораётган маҳаллаларда уйма-уй юриб, профилактик ҳисобда турган шахслар, нотинч оилалар ва уюшмаган ёшлар билан профилактик ишларни тизимли амалга ошириш бугуннинг асосий талабларидан.

Умуман, мазкур фармон аҳоли билан яқин бўлиш, улар билан кўпроқ ишлаш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Дилдора БАЗАРОВА,

Тошкент давлат юридик

университети

профессори  вазифасини бажарувчиси,

юридик фанлар номзоди