Ҳар жиноятнинг жазоси бор

User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

Фаррух Зокиров оилали. Бир нафар фарзанди бор. “Янги Сергели” ЙПХ маскани ходимлари томонидан Тошкент вилоятидан пойтахтга кириб келаверишда тўхтатилди.

ЙПХ ходимларида шубҳа уйғотгани учун холислар иштирокида унинг ҳамёни кўздан кечирилганда шимининг чўнтагида қора рангли полиэтилен пакетга солинган қора рангли, ўткир ҳидли модда топилди. Ўтказилган суд-кимёвий экспертиза хулосасига кўра, Ф.Зокировдан олинган тўқ жигар рангли, мумсимон модда таркибида фаол гиёҳванд модда, тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, бу модда гашиш деб аталиши, гашишнинг оғирлиги 0.5 граммни ташкил этиши маълум бўлди.

Судланувчи Ф.Зокиров суд мажлисида ўз айбига иқрор бўлди. Айтишича, Ф.Зокиров Гумбаз қишлоғи ҳудудидан ўтувчи каналга балиқ овлашга боради. Ўша ерда ёввойи ҳолда ўсаётган нашани истеъмол қилиш учун олади ва чўнтагига солади. Шу пайтда Тошкент шаҳридаги таниши иш топгани, тезда етиб келиши кераклигини айтади. Шу билан Наманган — Тошкент йўналишида қатновчи автоуловга ўтиради...

Дастлабки тергов даврида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган А.Муҳитдинов назоратчилар барчани баравар текширганини айтиб ўтди. Шунда Ф.Зокировнинг чўнтагидан юқорида айтилган модда топилгани ростлигига гувоҳлик беради. 

Юқоридагилардан ташқари, судланувчи Ф.Зокировнинг айби қуйидагилар, яъни тинтув ўтказиш қарори ва баённома унга илова видео ёзув, нарсани олиб қўйиш баённомаси; судга оид кимёвий экспертиза хулосаси; тинтув баённомаси; юзлаштириш баённомаси; нарсани кўздан кечириш баённомаси; судга оид наркологик экспертизасининг хулосаси; нарсани далилий ашё деб эътироф этиш қарори ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа объектив далиллар билан тўлиқ тасдиғини топди.

Суд судланувчи Ф.Зокировнинг ҳаракатларини юридик квалификациясига баҳо бериб, унинг гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда сақлашда ифодаланган ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси ЖК 276-моддасининг 1-қисми билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблайди.

Ф.Зокировга нисбатан жазо тайинлашда Ўзбекис­тон Республикаси ЖКнинг 56-моддасида кўрсатилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб топиб, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, муқаддам судланмаганлигини, оилада ягона боқувчилигини, қарамоғида оиласи борлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 55-моддасида кўрсатилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар дея эътироф этиб, жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, хусусиятини инобатга олиб, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкин деган хулосага келинди.

Шунингдек, суд иш бў­йича ашёвий далил сифатида олинган “гашиш” моддасидан тадқиқот даврида бир қисми ишлатилганлигини инобатга олиб, 0018950-сонли квитанция асосида Ўзбекистон Рес­публикаси ДХХнинг МТТБ махсус гуруҳига топширилган 0,47 грамм “гашиш” моддасини йўқ қилишни белгилашни лозим топади.

Нима бўлганда ҳам жиноят жазосиз қолмайди. Ф.Зокиров Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 276-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилди. Тегишли жазо та­йинланди.

Ашёвий далил сифатида олинган ва сақлаш учун Ўзбекистон Республикаси ДХХнинг МТТБ махсус гуруҳига топширилган 0,47 грамм “гашиш” моддаси йўқ қилиниши хусусида ҳам қарор чиқарилди.

Б.ЮСУПОВ,

Тошкент шаҳар Сирғали туман суди судьяси