Никоҳ ҳуқуқни чеклашми?

User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

Оила қадимдан халқимиз учун муқаддас даргоҳ ҳисобланган. Ўз жуфтига садоқатли бўлиш, фарзандлар тарбиясига эътибор ҳамда уларга ибрат бўлиш учун турли иллатлардан ўзини тия олиш эса азалий одатларимиздан.

Биз мана шундай муҳитда улғайганмиз, кўникканмиз. Келгусида оила қуришимизда ҳам ўзимиздек фикрлайдиган, албатта, ўзбекона турмушда муносиб ҳаёт кечирадиган инсон билан тақдиримизни боғлаш мақсади туради. Негаки, биз мана шундай оила фарзандларимиз. Шундай ибратли оилаларга доимо ҳавас кўзи билан боққанмиз. Бироқ бугунги кунда содир бўлаётган ажримлар, турли оилавий парокандаликларни кўриб, ниманинг таъсирида бундай аҳволга келганлиги ҳақида ўйлаймиз. Ачинамиз.

Тошкентга келганимдан буён бир танишимнинг бўшаб қолган ҳовлисида тураман. У қишлоқдаги қўшнимиз. Пойтахтда ишлагани туфайли оиласи билан кўчиб келганди. Бироқ қишлоқ ҳаётига кўниккан болалари, аёли бу ерга мослаша олмагач, Фарғонага қайтишди. Табиийки, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, оила бош­лиғи ҳам ўз ишини вилоятга кўчирди. Мен бу ерга келганимда ҳовлининг бир хонасида бир оила, яна бирида турмушдан ажраган ёши каттароқ аёл икки фарзанди билан ижарада турар экан. Уларнинг болалари мендан хабар олиб, суҳбатлашгани чиқиб туришарди.

Улар билан анча яқин бўлиб қолдик. Билишимча, турмушидан ажраган аёл асли Жиззах вилоятидан экан. Турмуш ўртоғи билан бир-бирига мос келмаганмиш. Орада икки нафар фарзанд туғилиб, мактабни битирай деб қолган. Келинойимиз очиқроқ гапиришни истамаса-да, менинг кўпроқ билгим келарди. Бироз вақт ўтгач барибир ҳаммасини билиб олдим. Жиззахдан Тошкентга бир неча йиллар илгари ишлаш учун келган қиз бир йигит билан танишиб, ишқий муносабатда бўлади. Ҳаммамиз англаб турганимиздек алданади. Вилоятига ота-онаси олдига қайтишга юзи чидамай, оила қуриш учун ҳеч қандай шароит ва имконияти йўқ йигит билан шаръий никоҳдан ўтишади.

Кўряпмизки, “муҳаббат устунлари“га қурилган оила узоққа бормади. Натижада икки фарзанд тирик етимга айланиб, айни ўйнаб-куладиган, орзулар оғушида яшайдиган вақтида бировларга сиғинди бўлиб, дарбадар ҳаёт кечиряпти. Буни қўйиб турайлик. Мени кўзимга бахтлидек кўринган кейинги хонадаги оила ҳақидаги ҳикояни давом эттирсак:

Бу оиланинг ҳам икки нафар фарзанди бор. Катта фарзанди қиз, 20 ёш. Кейингиси ўғил, 18 ёш экан. Бу оила аввал қаерда яшаганини билмадим, лекин бу ерга келганларига беш ой бўлибди. Қизини турмушга узатган, бироқ у ҳам бир фарзанди билан ажрашиб келган экан. Онаси эса икки марта турмуш қурган. Иккиси билан ҳам узоқ яшамай ажрашган, ҳозиргиси эса учинчи турмуш ўртоғи, ўзидан олти ёш кичик экан. Менга бу гапларни айтиб бераётган 10-синфда ўқийдиган ўғлининг ҳеч бир ҳиссиётсиз сўзлаётганини кўриб, раҳмим келишини ҳам, эътибор бермасликни ҳам билмай қолдим.

Юртдошларимизнинг орасида ҳам қайсидир миллат кишиларидек оилани ўйин қиладиганлар кўпа­йиб қолгани сир эмас. Аммо ўз кўзим билан кўриб турганим учун эссиз умр дейман. Онасини кўриб, қизини ол деганлари ҳақ гап эканига эрдан ажраб онасининг учинчи эри олдида яшаётган қизни кўриб янада амин бўляпман. Бу оиланинг қолган фарзандларидан жамиятимиз учун қандай кишилар етишиб чиқади? Ота-­онасининг хатосини тушуниб, кечирган қийинчиликларидан тўғри хулоса чиқарса бошқа гап. Бунга кўпчилик умид қилади.

Тасодифан интернетда ўқиб қолдим. Европаликлар ёзишяпти. Никоҳ қуриш инсон манфаатларини чеклаш эмиш. Уларнинг бу гапидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, одамлар никоҳ қурмай, хоҳлаган кишиси билан эркин ҳар қандай муносабатда юраверса... Ахир бунда ҳайвондан нима фарқимиз қолади? Биз ўта маданиятли, деб биладиган ва ёшларимиз айрим телеюлдузларига тақлид қиладиган Европада шу каби иллатларга эркинлик деб қаралса, ўртамизда бузилмас девор бўлгани маъқулроқ.

Шу сўзларни ёзяп­ману хаёлимга янги келин тушган оиладаги нонушта манзаралари келяпти. Ўзимизнинг миллий ўзбек оилаларига нима етсин?! Кеч бўлса-да, олийгоҳларни тугатиб, ишларга жойлашиб, оилавий ҳаётнинг қадрига етадиган, ота-онамизнинг хизматини қиладиган оқила қиз билан тақдиримизни боғлашимиз тўғри эмасми? Юқоридаги оилалар ҳаёти менга ибрат бўлди.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ,

ЎзЖОКУ талабаси