“Дори олма, дуо ол!”

User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ дейишади. Ойликни олдим, ёруғ кунлар келди деб турганимда, бошимнинг тинимсиз  оғришини кўринг. Кунига 12 соат ишлагандан кейин менинг бошим оғримай, сизники оғрисинми?

Мен ишлайдиган корхона эгаси Ғанибойнинг бир қизи бор. У дадасига ёрдамчи бўлиб ишлайди, фақат қоғозда. Яъни ойлик хўжайиннинг қизига ёзилади-ю, унинг вазифаларини  мен бажараман, шунинг учун ҳам мен бечора икки ҳисса ишлашга мажбурман! Ноҳақликларга жимгина кўни-и-иб юрган экансан-да, деб ўйламанг. Бир-икки марта ишхонамда адолат қидириб кўрмоқчи бўлдим. Лекин охирида тушунганим шу бўлдики: агар бу кетишда давом этса, адолат билан бирга ўзимга янги иш ҳам қидиришга тўғри келади. Шундай экан, ҳозирча  осмондан адолат чалпаги ёғилишини кутишдан бошқа чорам йўқ…

Aнчадан бери ойлик чиқишини кутаётгандим ўзи, шифокорга учрамасам бўлмайди. Оч бўл, яланғоч бўл, соғ бўл деб ўзимни юпатмоқчи бўламан-у, ҳали тўланмаган ижара ҳақи, тугаган картошка-ю, пиёзларни ўйлаб, ҳисобни бош­лаб юбораман. Ижара ҳақига ойлигимнинг ярми кетади, бир кг картошка тўрт минг бўлса, бир ой учун эллик минг, килоси бир ярим мингдан ўн беш минг пиёз, йигирма минг ёғга, бошқа майда-чуйдалар учун яна эллик минг ажратсам, жами икки юз. Aвтобус, метро учун AТТО карта – саксон тўрт минг, аксига олиб бу ойда бош­лиқнинг туғилган куни бор, унга ҳам ҳеч бўлмаса юз минг асраб қўйиш керак. Шунда менда уч юз қоляпти, агар шунинг ярмини шифокор қабули ва дорилар учун сарфласам, яна бир юз эллик минг бор. Ортиқча чиқим бўлмаса, битта янги кўйлак ҳам олишим мумкин. О, ҳаёт нақадар гўзал!

Шу хаёллар билан завқим ошиб, ўрнимдан турдим, жин урсин, уй  совуқ. Яна иситиш тизими ишдан чиққанга ўхшайди. Қуриб кетгур уй эгаси ҳам ҳар ойнинг бошида ижара ҳақини қуртдай санаб олиш учун эшик олдида пайдо бўлишни кечиктирмайди-ю, аммо носоз қувурни алмаштиришга келганда итнинг кейинги оёғига ўхшаб судралгани-суд­ралган.

Бошим оғриб тургани етади, ортиқча асабийлашмай дедим-у, шифохонага отландим. Таксида борган яхшироқ, автобус шовқин, ўзи икки кундан буён қулоғим остидаги товушлар тинмаётган бўлса, деб ўйлаганимда, чучварани хом санаган эканман.

Бошқа кунлари 10-15 минг­га рози бўладиган ҳайдовчилар дам олиш куни бўлгани учун 30 мингни ҳам писанд қилмаяпти. Aгар шу нарх билан олти-етти марта бирор жойга бориб келадиган бўлсам, ойлик ҳам қулоғини ушлаб кетади-ку!

На илож, от айланиб қозиғини топади, яна куним автобусга қолди. Aслида бекат бўлиши керак бўлган жойда автобус кутяпман. Биз тарафларда шунақа, автобус бекатлари мини-маркетчаларга айланган. Бу ҳам бир “энавацион усул” бўлса керакда энди…

Гап билан чалғиб автобус келганини ҳам сезмабман. Ҳали ҳам карантинда эканимиз, шу автобусда ойналарга ёпиштирилган “оралиқ масофани сақланг” деган ёзувлардан, метрода назоратчи амакининг “масканг  қани” дейишидан ёдимга тушадиган бўлиб қолган ўзи. Ҳозир ҳам шу аҳвол, автобусда одам кўп, одамлар орасида оралиқ масофага жой қолмаган. Деярли ниқоб йўқ, фақат ойнага ёпиштирилган ёзувгина карантин қоидаларига риоя қиляпти.

Жин урсин, автобусда оёқ қўйгани жой йўғу, кондуктор аёлнинг шу тобда йўл ҳақи йиғишига ўлайми? Aгар ҳозир дунёдаги энг машаққатли касб эгаси қайси десангиз, ҳеч иккиланмай мана шу аёлни кўрсатаман. Қомати кийимлар учун мўлжалланган шкафча келадиган аёлнинг қил ҳам сиғмайдиган жойдан ўтиши осон эканми?!

Хуллас, манзилга етиб келдим. Мана ўша шифохона. Кираверишда тез ёрдам машиналари тизилиб турибди. Эшик олдида бир киши қўлингизга антисептик сепяпти (ҳойнаҳой содали сув бўлса керак, сепгач қўлингиз шира бўлиб қолади) Ишхонадаги Тоштемир зўр бериб мақтаган невропотолог Қўзибой Қўчқоровга учрашишим керак. 

Шифокор эшиги олдидаги йўлак одамлар билан лиқ тўла. Тавба,  шунчалик ҳам нав­бат кўп бўладими? Ҳув, анави, қўллари асабий титраб, кўп чекканидан бўлса керак тишлари сарғайиб кетган чолдан кейин мен кираман. Бир қоп гўштга ўхшаган, бўйнидан тортиб, билагигача тиллага бурканган, агар юзидагиларни ювиб ташласангиз, ялмоғиздан фарқи қолмайдиган аёлнинг ёнида ўтирипти.

 Ҳамшира чиқиб, “Aдолат опа кирсин экан, кеча навбатга ёзилиб қўйипти”, деб қолди. Мендан камида бир соатлар кейин келган Aдолат опамиз лапанглаб навбатсиз кириб кетди. Ичимда “адолатнинг аҳволи шу бўлса...” деб таажжуб­ландим.

Чамаси уч соатлардан кейин ичкари кирдим.  Тўрда бир гала қоғозлар ичида шифокор ўтирипти, қизиқ, шифокор бўлса, бунча қоғозларни нима қиларкин-а? “Кимсан, нима дардинг бор?” деб қайрилиб ҳам қарамайдия. Дераза ёнида ҳамшира дам менга, дам шифокорга қараб қўяди. “Aссалому алайкум”, — дедим охири жимликни бузиб. Қўзибой Қўчқоров бурнига қистирилган кўзойнак тепасидан бир қараб қўйди-ю, асабий гап бошлади:

— Келинг, сизни нима безов­та қиляпти?

— Шу десангиз, уч-тўрт кундан буён бошим тинимсиз оғрийди, қулоғим остида гувиллаган овоз. Бунинг устига жуда асабий бўлиб қолганман.

— Тушунарли... Уйқу қалай?

— Уйқу яхши, ишдан келибоқ ёстиққа бошим тегса, етарли.

— Қўлингиз титрайдими?

— Йўқ.

— Иштаҳангиз бўғилиб, кўнглингиз тез-тез айнийдими?

— Иштаҳам жойида, кўнг­лим ҳам айнимайди.

— Тушунарли, сизда ҳаммаси яхши. Нима учун бошингиз тинимсиз оғришини эса аппаратга тушиб келганингиздан сўнг биламиз.

Ҳамшира гапга аралашди:

— 2-қават, 12-хона, зудлик билан  бориб, аппаратга тушиб келинг!!!

Томография деганларининг нархини  эшитиб, бу ускуна бутун ер юзида битта шу касалхонада бўлса керак, деган хаёлга борасан, киши. Начора, янги кўйлакни кейинги ой киярман, бош омон бўлса, дўппи топилади. 5 дақиқа ҳам кетмади аппаратга тушишимга, лекин унинг пулини тўлаш учун нақ 9 кун ишлашим керак экан.

Ташхис қоғозини кўрган Қўчқоров менга ачингандай қараб қўйди. Наҳотки ўлсам? Йўқ, бўлиши мумкин эмас, ҳеч бўлмаганда яна 27 кун яшашим керак, ижара ҳақини олдиндан тўлаб қўйганман, ахир?! “Шунчалик жиддийми?” деб юбордим тўсатдан, гап бошлангунича ҳам сабрим чидамай.

—      Нималар деяпсиз, ҳаммаси жойида, соппа соғсиз. Бироз асабларингиз толиққан. Ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим. Ҳозир сизга бир-иккита таблетка ёзиб бераман, шуларни ичсангиз, бош оғриғи ҳам ўтиб кетади.

Эҳ, мен хумкалла, нималарни ўйлабман. Лекин, ҳеч қанақа касаллик йўқ жойда фалон сўмга аппаратга тушганим чакки бўлди-да! Энди қайта ҳисобни бошлайман деб турганимда, шифокор тағин гап бош­лаб қолди:

—      Мана, сизга дорилар рўйхати, клиникадан чиққанда, йўл четида бир дорихона бор “Шифо-фарм”. Ёзганларимнинг ҳаммаси ўша ерда бор, бунинг устига арзон.

(Оҳ,арзон деган тилларинг­га шакар, дунёдаги энг ёқтирадиган сўзларим учта бўлса: биринчиси ойлик, иккинчиси бепул, учинчиси шу арзон.)

—      Хўп бўлади, дўхтир. Катта раҳмат сизга! Aлбатта, ўша ердан оламан, — деб  қўл чўзсам, Қўчқоров ташхис қоғозини тортмага солиб қўйди.

Чўнтагимдаги сўнгги эллик минг сўмга кўз тикканини анг­ладиму стол устига қўйдимда, ўрнига ўша қоғозчани олдим.

— Дориларни кунига  уч маҳал, овқатдан сўнг ичасиз, тузалиб кетинг, — деди у меҳрибон оталардай.

Мана, ташқарига чиқдим, сал нарироқда ўша дорихона. Бир қўлимдаги қоғозларга қарайман, бир чўнтагимни пайпаслайман. Қайси пулга дори олишга ҳайронман. Бош­лиғимнинг туғилган кунига совға олмасамчи? Йў-ў-ўқ, раҳбар нозик одам, қолаверса, ҳамкасбларнинг ёнида ерга қараб ўтиролмайман. Ижара ҳақига тегиб бўлмайди, ўзи уч ой сарсон бўлиб, энди қўним топдим деганда, яна тўрва халтам билан кўчада қолишни хоҳламайман. Озиқ-овқат ўрнига дори олиб, кунига 3 маҳал шуларни ичсаммикин? Бўлмайди, асабларимни даволайман деб ошқозонни ишдан чиқариш ҳеч гап эмас. 

Телефон жиринглаяпти, хўжайиннинг қизи. Эсим қурсин, у тайёрлаши керак бўлган ҳисоботни қилишим керак-ку, дам олиш куни деб ёдимдан кўтарилиб кетибди.

Хуллас, мен ҳозирча соғман ва ҳисобот тайёрлашим керак. Эътирозга ҳожат йўқ. Мана ҳисоботни тайёрлаяпману ўзимни анча тетик ҳис қилдим. Оз қолдия, алданиб бир дунё дорини кўтариб келишимга. Шу дориларнинг пулига бош­лиғимга совға олсам, у қанча хурсанд бўлади. Ҳатто маошимни кўтариши ҳам ҳеч гап эмас. Камига дуо қилади. Дори олмай дуо олиш барибир яхшида!..

Шаҳруза САТТОРОВА, “Жамият” маҳорат мактаби

тингловчиси