Дарслар ким ошди савдосида бериладими?

User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

Бугун таълим соҳасини юқори сифат босқичга олиб чиқиш борасидаги саъй-­ҳаракатлар, меҳнатларини қадрлаймиз. Айниқса, ўқитувчи зиёлилар шаъни ва обрўсини, касбий мақомини ошириш борасидаги амалий ҳаракатлар ва ташаббуслар таҳсинга лойиқ.

Юртимиздаги барча мактаблар ҳам моддий-техник ва қулай шарт-шароит нуқтаи назаридан ҳозирча талаб даражасида эмаслигини тушунамиз. Албатта, бу етишмовчилик ҳамда камчиликлар босқичма-босқич ўз ечимини топиб боришига ишонамиз.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг Республикамиз  вилоятларига, жумладан, Қашқадарёга ташрифи давомида кўзга ташланадиган объектив муаммолардан ташқари, унинг ички субъектив жиҳатлари борлиги тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари айни ҳақиқат эканини эътироф этмоқчимиз.

Инсонлар, айниқса, ўзбек миллати ҳар қандай шароитга  чидаб, мослашиб яшаб келган ва яшамокда. Фақат адолатсизликка эмас. Адолатсизлик меъёр ва мезондан ошса, инсон севимли касбидан совийди, руҳан мағлуб бўлиб яшашдан ҳам  чарчайди. Инсон соғлом ижодий муҳитда ишлаб чарчамайди, билъакс носоғлом, адолатсиз муҳитдан эзилади. Инсоннинг кўнгил гавҳари мусаффо бўлсагина ишчанлик қобилияти ошади, қалбидаги эзгу мақсадига эришишда беқиёс куч топа олади. Шу сабабли аксарият таълим муассасалардаги, хусусан, мактаблардаги бундай ҳолатлар жамоани ижобий ҳаракатланишдан тўхтатиб кўяди ва оқибатда таълим-тарбия самарадорлигининг ошишига тўсқинлик қилади.

Субъектив жиҳатдан қараганда ҳа, деганда кўзга ташланмайдиган, лекин кўнгилни хижил қиладиган иллатлардан бири таълим муассасаларида коррупциянинг мавжудлигидир. Гарчи илғор фикрлар ва мотивацион ғоялар авж олаётган бир даврда яшасак-да, ҳали ҳануз эскича буюрократик муносабатлар, мансабпарастлик, қариндош-уруғчилик, мансаб вазифасини суиистеъмол қилиш, эгоистлик, босим ўтказиш, айниқса, ҳудудий маҳаллийчилик иллатлари қанчадан-қанча зиёлилар жамоасига чексиз заҳмат етказаётганлигини биламиз. Лекин бунга қарши таъсирчан усул ва механизмларимиз деярли йўқ.

Таълим-тарбия, маънавият ва маърифат, саводхонлик маркази бўлган бу қутлуғ мас­канда бундай иллатларнинг мавжудлиги мактаб ҳудуди ота-оналар ва ўқувчи ёшларда таълим сиёсатига нисбатан ишончсизлик кайфиятини шакллантиради. Тўғри, ҳозирда мактабларда кузатув кенгаши ташкил этилган. Аммо аксарият мактабларда кўп ҳолларда бу кенгаш расман рўйхатда мавжуд холос. Афсуски, уларнинг таъсири сезилаётганлиги ҳам йўқ.

Мактаб раҳбарларини та­йинлаш ҳалигача эски негатив услубда давом этаётгани, мактаб ҳудудий аҳолиси ўртасида шивир-шивир, нохолис фикрлар шаклланаётгани, аниқроғи пора эвазига номуносиб кадрлар раҳбар бўлаётгани киши энсасини қотиради. Директор тайинлаш жойлардаги халқ таълими бўлимлари раҳбарияти тавсиясига кўра, маҳаллий Кенгаш депутатларининг суҳбати хулосасига асосланиб белгилаш назарда тутилган. Номзодлар мактаб таълимини ривожлантириш борасидаги истиқбол режалари билан қатнашади. Лекин фақат шу билан чекланиш керак эмас, деб ўйлайман. Чунки номзодларнинг мактабда раҳбар бўлишгача бўлган даврини чуқурроқ, холислик ва шаффофлик мезонларига таяниб тавсия бериш керак. Бу борада мактаб ҳудуди аҳолиси, ота-оналарнинг тавсифини энг муҳим қарор сифатида эътиборга олиш лозим.

Ваҳоланки, маҳаллий депутатларни ҳудудий аҳоли сайлов кунигача исм-шарифини билишади холос. Умуман олганда, тайинлаш ва сайлаш ўртасидаги фарқли тушунчаларни таҳлил қилишнинг вақти келмадимикан? Пора эвазига раҳбар бўлган одам қўл остидаги ходимлар ишига ҳеч қачон холислик ва ҳалоллик билан ёндашмаслиги аниқ. У бу “анъана”ни жамоада давом эттиради. Жамоа аъзоларининг фикратида носоғлом муҳит шакллангани аён бўлса-да, улар бу тўғрида ҳеч нарса дея олмайди. Чунки ўз иш ўрнидан мосуво бўлишни хоҳламайди. Натижада бундай мактабда ўзининг холис маслагига, маълум бир мақсадига  эришиш, самарадорликка умид қилиш қийин бўлади.

Педагог мутахассисларни ишга қабул қилишни директор якка тартибда ҳал қилиши, метод бирлашма раҳбари ва аъзолари фик­рини сўрамасдан, қарор қабул қилиш ҳоллари жуда кўп норозилик­ларга сабаб бўлади. Қайси таълим муассасасида бўлмасин, техник ходим, яъни, фаррошдан тортиб, педагог мутахассисгача арзимаган иш ва ойлик маош учун ишлаб юрибдими, бу ерда ортиқча кадрни ишга қабул қилиш, яъни, пора олиш бўй кўрсатиб турибди. Тан олишимиз керак бу халқ таълими бўлимлари ва мактаб бошқарувига хос иллат. Ҳудудий халқ таълими мутасаддилари директорнинг ишга қабул қилиш ваколатига ҳуқуқий чегара қўйиш у ёқда турсин, ҳатто, холис муносабат ҳам билдирмайди.

Бу кўп ҳолларда коррупция­нинг исботсиз ҳақиқати бўлиб, оқибатда аламзадаликни ва ишдан совишни келтириб чиқаради. Масалан, навқирон ёшлик шижоатини шогирдлар камолига бахш этган, тажрибали, фақат биргина айби — шароит тақозосига кўра олий маълумот олмаган ёки ололмаётган, пенсия ёшига яқинлашаётган, оилада фарзандларини ўқитиш, уйли-жойли қилиш ташвиши билан яшаётган бошланғич синф ўқитувчисининг дарс соатини қисқартириб, олий маълумотли эмас, балки ўрта-махсус маълумотли кадрларни меъёрдан ортиқ ишга қабул қилиш носоғлом, адолатсиз муҳитни келтириб чиқаради. Дард устига чипқондек, айрим директор ва заучлар бу ҳолатни суиистеъмол қилиш пайига тушади. Натижада дарс соати “ким ошди савдога” қўйилаётгани ҳам ҳақиқат.

Тажрибали ўрта-махсус бош­ланғич синф ўқитувчининг натижадорлиги юқори экани исботлангани боис уларнинг 15 йил ва ундан юқори стажга эга бўлганларига ёш хусусияти ва оиладаги моддий-маиший шароитидан келиб чиққан ҳолда олий маълумот олиш учун енгилликлар яратилгани мақсадга мувофиқ бўлди.

Мактабда ишга қабул қилишнинг марказлашган тизими йўлга қўйилиб, қонун ва ҳуқуқ меъёрлари билан кафолатланган ҳолда таълимнинг юқори ташкилотлари назорати остидаги механизм билан мустаҳкамланиши ҳамда зарур ҳолларда бу тизимнинг такомиллашиши учун  янги ички қонунлар тасарруфига олиб боришнинг давомийлиги аҳамиятли, деб ўйлайман.

Республикамиз вилоятларининг айрим ҳудудларида муайян фан мутахассисликлари бўйича кадрлар етишмовчилиги кузатилса-да, аксарият  ҳолларда баъзи манзилларда  ёш кадрларнинг иш қидириб, овораи-сарсон юргани маълум. Менимча, ўз мутахассислик­лари бўйича иш танқислиги сабабли иш қидириб юрганлар фоизи кўпчиликни ташкил этади. Мана шу иккала фарқли жиҳатни ҳисобга олган ҳолда нафақа ёшига етган мутахассис кадрни пенсияга кузатишни ҳудудий тафовутга нисбатан кўллаш ва бу ҳолатни конун ва ҳуқуқ меъёрлари билан мус­таҳкамлаш долзарб масаладир.

Кадрлар тиғизлиги ёки етишмовчилиги тўғрисида гап кетганда биринчи навбатда фанлар кесимида таҳлил қилиш ва зарурий чоралар қўллаш мақсадга мувофиқ. Республикамиздаги жуда кўп жойларда қарийб 70, 80 фоиз мактабларда она тили ва адабиёти фани мутахассислари тиғизлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Айрим мактабларда эса нафақага чиққан она тили ва адабиёти ўқитувчилари белгиланган ставкадан ҳам ортиқ даражада дарс соати билан ишлаётгани маълум. Уларнинг кўпчилиги мактаб раҳбарлари таркибига алоқадор бўлиши билан бирга, ортиқча дарсни бошқа бир ҳаммутахассисига расмийлаштирган ҳолда дарс ўтаётганининг гувоҳи бўламиз. Ваҳоланки, олий таълим даргоҳини битириб келаётган, ўз шахсий ҳаётини йўлга қўйиш учун ўз мутахассислиги бўйича иш қидириб қийналиб юрган ёш мутахассислар чет элларга иш қидириб кетаётганлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Бирор жиддий қонунбузарликлар ёки камчилик жиҳатлар тўғрисида мурожаат қилинганда  фақат далил ва исбот сўрашга, агар бўлмаса масалани оқибатсиз қолдиришга одатланиб қолганмиз. Жамоа аъзолари эса қонунбузарликлар сабабчисини ошкор қилишга ботинолмайди. “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида иш юритиш давом этаверса, бундай муаммо ва қонунбузарликлар илдиз отаверади. Натижада бундай жамоада ижобий ва ижодий самарадорлик тўғрисида гапириш ҳам бефойда.

Таълим-тарбия биз учун асосий масала эканини ҳар доим ёдда тутишимиз, мактаблардаги соғлом муҳитни қарор топтиришимиз юқоридаги масалалар ечимининг гарови эканини унутмаслигимиз лозим.

Шуҳрат БОБОЕВ,

педагог, журналист