“Замона зўрники, томоша кўрники...ми?”

User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

Хоҳиш бўлса пул йўқ, пул бўлса хоҳиш, деганларидек ахборот узатилиши тезлашгани сайин ҳеч нарса ёзгинг келмайди киши. Ёзганинг билан бошқаларнинг бир оғиз тутуриқсиз гапичалик муҳокама этилмаса, алам қилади-да кишига. Нима, биз ердан чиққан қўзиқоринми?

Аслида кўпчилик шундай дейди, фақат атрофдагилар эшитиб қолишидан қўрқади. Чунки, бундай “даҳриёна” фикр айтиб маломатга қолиш мумкин. Аммо ҳар куни бир “қовун” тайёр туриши одатий ҳолга айланиб бўлгани эса ҳеч кимни хавотирга солмайди.

Ишхонага келиб компьютерни ёқишинг билан кимнингдир “қовуни” муҳокама қилинаётган бўлади. Сен эса бефарқ ўтиб кетмайсан. Жуда ёзгинг келса, “густох” деб изоҳ қолдирасан ёки “ха-ха-ха” деган смайлк билан жазолайсан. Тўғрида, биз нотўғри гапирган вазир, бировнинг ҳаққини еган ҳоким, монополияни бизнес деб ўйлаган тадбиркорларни фақат турли-туман смайлклар билан жазолаймиз. Улар эса буни ё кўради ё кўрмайди. Вақти соати билан ҳаммаси унутилади.

Биз шундай кун кечиришга ўрганиб қолдик. Раҳматли момом айтарди: “Мен бобонгга турмушга чиқишни истамаганман. Аммо паранжининг остида кўзёши қилиб эшак аравада кетавердим. Онам “ўрганиб кетасан” деганди. Аввалига озроқ хархаша қилдиму, менинг кўнглимга қарайдиган бобонгдан бошқа йўқлигини тушунгач кўникдим, болам” деб. Энг қизиғи, биз ҳам муҳокамага сабаб бўлаётганларнинг асосий қисмига лавозимни “никоҳлаб” берганмиз. Яна куядиган жойи, бизнинг уларга ишимиз тушади. Ҳар қанақасига ялинамиз. Уларнинг қабулига “ёзилиш” ўрнига, ёзилиб, эшигини тагида сарғаямиз. Эртасига эса ўша “ақлли”нинг “Қуруқ гапда ўтган алломаларимиз билан керилиб, ғазалхонлигу баҳру байтлар қилиб, шеърлар тўқиб, ўзимизни юпатиб юрганимиз билан биримиз икки бўлмайди”, дегич даъвати чиқиб қолади. Ана томоша-ю мана машмаша. Ҳамма шоир “ақлли”га ташланади. “Ақлли” эса шоирнинг ариғида мироб. Унинг жаҳли чиқса сувдан қисади.

Бировнинг бобоси бўлса ҳам Бальзакнинг “Одамлар бачкана гаплари билан безовта қилавериб, даҳони ҳам гўрга тиқади” деган гапини келтириб ўтаман. Бу айнан бизнинг жараёнга қараб бичилгандек, лоппа-лойиқ келди.

Аммо поезд кетиб бўлди. Қанча чираниб эътироз билдирилмасин айтилган гап — отилган ўқ. 5600 сўмга кун кўрган халқ шеърсиз яшаса яшабди-да.

Энди гапнинг дангалига ўтамиз. Биз “Ватан” деган сўзни унутиб қўйдик. Уни обод қилиш керак, уни эҳтиёт қилиш керак, ёт ғоялардан сақлаб, урф одатлари-ю тарихини буст-бутун бўлғувси ватандош­ларимиз, меросхўрларимизга етказиб бериш лозим, деган сўзларни ҳам ахлат қутисига улоқтирдик. Энди фақат муҳокама қиламиз. “Нима деди? Нега ундай деди? Шундаймикан? Бир томондан тўғрига ўхшаяпти... йўғеее...” шунақа гап­ларга кўмилиб қолдик.

Бироқ мактабда саккизинчи синфга чиққан болангизга “Турон” десангиз “қаерда жойлашган дада?” дейишини муҳокама қилмайсиз. Аслида “қовун”чилар ҳам худди ўша боладек тарбия топган бўлса, эҳтимолдан холи эмас.

Яна бир гап: одамлар орасидаги ғийбатга ўхшаш шивир-шивирлардан маълум бўлишича, куракда турмайдиган гап сўзлар аслида ўзидан олдинги мавзудан чалғитиш учун қилинармиш. Тағин, буниси ҳам кўп чайнала бошласа, янгисини ўйлаб топишармишу сценарий бўйича кетаверармиш. Бунга ишониб, ишонмай Стендалнинг бир гапи ёдимга тушди: “Овчи ўз ўлжасига ўқ узади, — дейди у. — Ва чумолилар инини яксон қилиб ўтади. Чумолилар эса буни бизга қилинган душманлик деб ўйлайди”. Асл воқелик билан қанчалик ўхшашлик бор билмадиму, аммо одамларнинг шубҳа-гумонларини изоҳлаш учун яхши топилма.

Хуллас, сизнинг вақтингизни олмай. Тармоқдан хабардор бўлиб туринг. Янгиси чиқиб қолиши мумкин. Айтиб қўяй “биз кўп гўшт еяяпмиз” деган гап ҳам эскирди. Энди шундайини ўйлаб топиш керакки, аввалгиларидан ўтса ўтсин, аммо ортда қолмасин.

Яна бир гапни, бу охиргиси, “қовун” тушургач, эртасига ё индинига матбуот анжумани уюштириб, “мен аслида ундай эмас, бундай демоқчи эдим”, деган гаплар Эрнест Ҳемингуэй таъбири билан айтганда, тиш чўткаси билан виждон тозалашга ўхшайди.

Бегали ЭШОНҚУЛОВ,

“Жамият” мухбири