Бизга цензура керак!

User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

Бугунга келиб инсон онги, фикрлаши тараққиётга мутаносиб равишда ўсиб бораяпти. Энди оддий нарсалар билан одамларни ҳайрон қолдириш қийин, ҳар соҳада рақобат кучайган. Жумладан, санъат соҳасида ҳам...

Сўнгги пайтларда шунчаки оҳангга “аққани баққа” мослаб, жўн сўзларни бир-бирига мажбуран боғлаб, уни шеър, деб атайдиганлар кўпа­йиб кетди. Тутуриқсиз, қофияси тўмтоқ, бири боғдан, бири тоғдан келган шеър эмас, шунчаки сўз бирикмаларини ўқиб, бошингизни уришга тош тополмайсиз. Ўхшатмасдан учратмас деганларидек, бу "топилма"ларни дарров қўшиқ қилгувчилар ҳам бор. Дид деган неъматдан мосуво айрим “санъаткор”ларимиз ўзи каби хасталикка чалинган назмбоз­лар бозорини чаққон қилаётир. Мазмунан саёз шеърларни чет эл қўшиқларидан ўғирланган оҳанг билан қориштириб, техникалар ёрдамида сайқаллаяпти-да, овоз кучайтиргичлар билан фонограммада чунонам хониш қиладики, асти қўяверасиз.

Бахтга қарши бундайин "санъат асарлари" тез орада эфирни забт этади, бошинг­ни ўнгга бурсанг ҳам, чапга бурсанг ҳам, осмонга қарасанг ҳам, ерга қарасанг ҳам шу қўшиқ "хит"га айланади-ю, одамларни хит қилиб юборади. Биринчи марта эшитгандаёқ ғашимизга теккан, асаб толаларини тирнаган қўшиқ бир кунда тўқсон тўққиз марта қулоқ остида жаранглайверса, кўникиб ҳам қоларканмиз. Бугунги кунга келиб "Мушук дейди миёв-миёв, питпилдиғим қайдасан"лар ҳам энг сара қўшиқлар сирасига кириб боряпти. Телевизорни қўйинг, теледастурларни томоша қилинг, ишонч билан айта оламанки, кун давомида эфирга узатилаётган қўшиқларнинг 75-80 фоизи  юқорида айтилган таранг-турунглар... 

Мана, мусиқий дастур бош­ланди, биринчи қўшиқ: "Лабингда помада, пома-помада, ёнимда юрмада, юрма-юрмада". Оббо, шу ҳам қўшиқми, деб бошқа каналга ўтказсанг, у ерда ҳам шу авҳол: "Эркаланма, оббо, эзмаланма оббо, лаб­лари қулупнай мани гўзалим, бунчалар инжиқсан оббо".  Учинчиси ҳалол дедим-у, яна бошқасига ўтказдим: "Мани ёрим қўқонли, авлод-аждоди хонли". Тишимни тишимга қўйдим-да, қўшиқ тугашини кутдим, балки кейингиси яхшидир: "Ҳей-я, тўхта, етиволсам еб қўяман, юрагимни ёндирма, ҳазиллашмадим, еб қўяман"... Йўқ, асло чидаб бўлмайди, кундузи чироқ ёқиб ҳам бирорта маъно топиш имконсиз! Хуллас, телевизорни қулоғингга пахта тиқиб томоша қилмоқчи бўлсанг ҳам ўхшамайди.

Бу каби қўшиқларга қандай клип ишланишидан ўзингиз хабардорсиз. Санъатимиз намояндалари ўзининг замонавийликларини таъкидлаш учун хатти-ҳаракатларига эрк бериб, кийим, ташқи кўринишида ҳам одоб-ахлоқ, жамиятга эҳтиром туйғуларини рад этиб, ҳаммани лол қолдирдим, деб ўйлайди. Ваҳоланки, бундай жараёнлар фақат маънан қашшоқлик, инсоннинг ўзидан бегоналашувига, ахлоқий таназзулга хизмат қиляпти. Санъатни пул топишнинг осон йўлига айлантириб, соҳага адашиб кириб қолганлар шу каби муаммоларни урчитмоқда. Танқид қилмоқчи бўлсангиз, жавоб деярли бир хил: "Ҳар бир ижрочи ижод қилиш ҳуқуқига эга, бу менинг услубим, менинг йўналишим". Тўғри, улар ижод қилиш ҳуқуқига эгадир, лекин "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси, унинг қошидаги "Қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш бўйича Бадиий Кенгаш” бундай “қўшиқ”ларни тасдиқдан ўтказмаслик ҳуқуқига эга-ку!

Ким, қайси йўналишда ижод қилса, марҳамат, йўл очиқ. Ҳоҳ реп, хоҳ миллий эстрада, хоҳ рок йўналишида бўлсин, аввало, ижро этмоқчи бўлаётган қўшиқ матни ҳам маҳорат билан танлансин. Қўшиқ куйлаш масъулияти, халқ олдидаги масъулиятни тўла англасагина уларга лицензия берилсин. Нафақат давлат муассасалари, балки нодавлат хусусий каналлар ҳам фақат мўмайгина даромадни ўйламай, савиясиз, бачкана қўшиқ ва клипларни қайтарсин! Эфирга, кенг жамоатчиликка узатмасин! 

Ойнаи жаҳонда бу каби қўшиқлар такрор-такрор айланавериб, қулоғимизга сингиб бўлди. Онгимиз заҳарланиб, санъат билан саноатнинг фарқига боролмайдиган диди паст кимсаларга айланиб боряпмиз. Муаммо ечими эса шу:  бизга цензура керак, бу сўз эркинлигини бўғиш маъносида эмас, балки санъат соҳасида чеклаш механизми зарур! Ёшларни енгил-елпиликка кўниктириб бўлмайди, мукаммалликка интилиш учун  имкон қолиши керак.

Шаҳруза САТТОРОВА,

“Жамият” маҳорат мактаби тингловчиси