“Махсустранс” билан келган “маданият”

User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

Мол боқишга чиқсам, чиқиндилар оралаб юрардим. Бунга анча бўлди. Оддий гаплар, керакли жавоблар. Туғилиб ўсган жойим Даҳбеддан Шахоб канали оқиб ўтади. Турли чиқиндилар, ўлган мол-қўйлар, гоҳида одамларни ҳам оқизиб ўтарди. Агар чиқинди оқмай қолса, “хавотирланган” мол боқувчилар йўл четидаги майда-чуйдаларни отиб ўтиришарди.

Бир соатлик одам йўлида чиқинди барханлари дўппа­йиб турган пайтлар чорва ҳайдаб, қўлимиздаги кўтаргунимизча олган нарсамизни канал ёқасига ташлаб кетардик. Қани маданият демоқчимисиз? Дея­веринг, фойдаси йўқ. Бу ҳамманинг қиладиган иши. Нима бўлганда ҳам уйни тоза сақлаш керак. Маҳалла раислари қанақадир тушунтириш ишларини олиб боради, кимдир қаергадир нималардир деб ёзади, қанақадир корхонадан камазлар келади-ю, канал ёқасини тозалаб кетади. Чиқиб ўҳ-ҳў деймиз, эҳ-ҳе деймиз. Ўша пайти қўлимизда битта катта целлофан пакет бўлади…

Бу бир бўлади, ҳа майли икки бўлар лекин кейин мавзу ёпилади. Кимдир ҳовлисига сигарет чекишга чиқади, сувнинг оқиши билан бирга кимларнингдир энди қаерга ташлаб кетамиз деган муҳокамалари эшитилади. Сигаретни отиб юборади, сўкади, бақиради.  Уларни ҳайдагандан кейин жаҳл баҳонасида уйидан тўлган халтасини кўтариб узоқроқ жойга олиб бориб ташлаб келади. Инсофлилар ҳам бўлган. Уларнинг қиладиган иши тўп­ланиб қолганларни ёқишдан иборат. Кўпинча тандирларда. У тандирдан нон ейиш эса бироз ғалати. Қанчадан-қанча сигирлар, буқалар, қўйлар чиқинди йўлдан латта чайнаб думалаб қолган, сўйилган ёки сўйилишга улгурмаган. Шахоб неччи тонналаб шунақа “ўғит”ларга тўйинган. Жуда майдалашиб кетдим-а.

Одамлар шундай эди, одатлар шундай эди. Агарда буни ахлоқчилар танқид қилишса, қандай қилишарди: қани мусулмончилик, экологик тарбия, ерни қадрлаш, инсоф… қулоққа ёқмайдиган гаплар. Ундан кўра ҳовлида мусор уюлиб қолди шуни олиб кет. Қаерга ташлашни ўзинг биласан. Ҳа, шундай бўлди. Даҳбедга тараққиёт келди. Унинг тўрт оёғи ва басавлат кўриниши бор. Унинг овозини ким эшитса, қадри баландлигидан олдига чиқади. Бояги халталар энди уйнинг ёнбошида туради. “Ободонлаштириш” уларни олиб кетади. Бир қарашда катта муаммо. Экологиянинг бузилиши ва бало баттар… маънавият ҳақидаги лекциялар. Нима кераги бор. Одамлар чиқиндиларни ютиб йўқотишсинми. Қанча муҳокама бўлса, шунча каттариб кетаверади. Ҳозир канал бўйи тоза ва содда. Унда ҳар хил алламбалолар йўқ. Йўқ-йўқ, онда-сонда жойи­да, баъзи бефаросат, калланг­қурғурлар эски одатларини қилиб туришади. Бўлмасам ҳафтада “ободонлаштириш” келиб-кетади. Айланади, айланади, йиғади кетади. Унинг ҳам “лекин”ини бор. Одам бошига фалон пул тўлаш керак. Оббо шунга ҳам пул тўлаймизми. Арзимас хизмат учун бу катта тўлов. Бу пулни беришга оғринганлар бояги бефаросатларга қўшилиб кетишди. Ўрганмаган маҳалла, кўникмаган жамоа.

“Чиқиндийўл”ни-ку бир амалладик. Шаҳарчамизнинг марказига яқинлашсак “чиқиндилаток”ларни кўриб, кўрмасликка оламиз. Худди гўзал бир қизни кўрсанг-у, юзи лой бўлса, бўялган бўлса. Ҳа нимани кутяпсиз панд-насиҳатларними? Тасаввурингиз учун мисол келтираман. Бир одам қўлидаги қадоқ қутисини отиб юборади-да, йўлида давом этади. Шу пайт маҳалла нозири чиқиб унга “кўппала” жарима солинишини айтади. Қоидабузар нозирга нима дейди биласизми? “Сени иситманг йўқми, таниш-билишчилигимиз нима бўлади? Оддий бир иш учун-а, ўйлаб гапиряпсанми?!” Кейин яна бир фуқаро келадию нозирни “одамгарчилик”ка чақира бошлайди.

Оддий бир жаримани олиб бўлмайди, барча буни одатий турмушнинг ажралмас қисми деб билади. Лицейда ҳуқуқ устозимиз айтганди: “жазолашдан мақсад — тарбиялаш”. Бу инсонларга кучли таъсир қилади. Тўғри, мактаб ё оиладаги тарбия дерсиз, лекин назария амалиёт билан мос келиши керак. Жазони айланиб ўтиш мумкин экан нима қиламиз ўргатилган нарсаларга амал қилиб. Бошқа йўли ҳам бор — шунчаки ивирсиб, ботиб яшайвериш. Ғирт “етим” ва “одамови” давлат хизматчилари бўлмас экан, оддий халқ тозаликни ҳеч бўмаса, бир тийинга илиниб, эътибор қаратмас экан, иккинчи вариант маъқул бўлиб қолаверади. Ҳа, айтганча, бугун чиқиндиларни олиб кетишадиган кун…

 Ҳар гал қўрғонимга бораётиб, асфальт, тош, тупроқ кўчалардан юриб уйимга кирар эканман, ўша чиқинди машина сабаб бизда ўсиш ва шаҳарга ўхшаш бўлгани ҳақида ўйлаб, кулиб қўяман. Ҳамманинг уйида сув бўлса ҳам маҳалламизга совуқ сув тортилган. Ишламаса ҳам, сув келмаса ҳам ҳарна-да ҳарна. Бу биз учун “вид”, обрў ва алланарса… Бу ҳақда келаси сафар.

Бобур ШАВКАТОВ,

“Жамият” маҳорат мактаби тингловчиси