“Пул — барча эшикларнинг калити!”

User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

Тараққиётни юксалтиришимиз учун нуқул “ундоқ қиворишимиз керак, бундоқ қиворишимиз керак”, деяверамиз. “Коррупция бизнинг кушандамиз”, эмиш, бе-э, ғирт бўлмаган гап-да! Ўзингиз ўйлаб кўринг. Чўнтагингиз тўла ақча бўлса, “любой” иш битиб кетаверадими, битаверади. Эшакчангиз лойдан эсон-омон ўтаверадими, ўтаверади. Бўлди-да, сизга яна нима керак?

Оддий боғчани олинг. Болачангизни олиб бордингиз. У ерда сиз билан гаплашган “бабуля” бир-икки йўталади. Сизнинг эса раҳм безларингиз ишлаб кетади – “бечора, касал бўлсачи?” Дарров унинг даволаниб олиши учун чўнтагига конверт жойлаб қўясиз. Кўряпсизки, иш ҳал. Арзандангиз навбатсиз боғча эшигини ҳатлаб ўтди, “бабуля” эса, томоқ оғриқдан қутилиб, кўрмагандай бўлиб кетди. Баҳонада савобли ҳам бўлиб олдингиз. Қил ҳам хамирдан бунчалик осон суғурилмайди.

Кечагина укангиз бир амаллаб ўқишни битириб келди. Энди у ишлаши керак, ўқитувчи бўлиб. Мактабга борасиз. Борасизки, бечора директор ҳам “бетоб” томоқчасини дарров “дорилаб” қўясиз. Бундан меҳри жўшиб кетган директор эса шундай зўр кадрни ишга олмасдан, мени олсинми?

Ўзингизча бу ишбилармонликдан ҳазар қиласиз. Бир пайт­лар туғилишингиз арафасида дадангиз бу дунёни кўришингиз учун олдиндан "билет" олиб бермаганмиди? Буни онангиздан жуда кўп эшитгансиз-ку.

Ўзингиз-чи, ўзингиз "Суюнчи-и-и!" деб қичқириб чиққан ҳамширанинг жовдираб турган кўзларига боқиб, "бўрими, тулки" деганингизда "бўрича"нгиз туғилганини эшитиб, ҳамширанинг чўнтагини "суюнчи" билан тўлдириб ташлаган сизмасми? Шундан сўнг суюнчдан завқланган ҳамшира аёлингиз ва болангизга меҳр кўзлари билан боқиб, бошқалардан бошқачароқ ғамхўрлик қиладиган бўлмабмиди? Сиз бўлсангиз, "тараққиёт учун коррупциядан воз кечиш керак", деб турибсиз. Уялмайсизми? Одамда озроқ бет бўлиши кераге-е-е! Ахир, шу билан одамлар бойимоқда! Шу билан одамлар ўқиб, диплом олмоқда! Шу билан ишли бўлмоқда! Шу билан одамларнинг қозони қайнамоқда! Бу "бахт-ку!" Одамларнинг бахтли яшаётганини кўриб кўзингиз қувонмайдими?! Ё шунчалик ичингиз қорами?

Эсингиздами, соҳангиз бўйича ўқиб юрганингизда кўп домлалар сизга яхши-яхши баҳо қўйишлари учун уларга атаб совға-саломлар-у, газета қоғозига ўралган ҳимматингизни ҳадя этардингиз. Шунда баҳоларингиз нуқул "беш" бўлаверарди. Ўқишни битириб, ишга жойлашмоқчи бўлганингизда синов қилишганди, сизга ўшанда ким ёрдам берганди, эсланг! Франклин тоға ўз суратини чизиб бермаганмиди ўша заҳоти?

Шунча харажатлар билан шу даражага келдингиз, энди сиз ҳам маошдан ташқари даромад қилгингиз келади. Кимнингдир битмаётган ишини амал-тақал қилиб битириб берасиз ва соққасини шарақлатиб санаб оласиз. Ў-ў-ў, мазза қилиб юборасизда, шундай пайтда! Бирин-кетин данғиллама уй соласиз, одамлар оғзи очилиб қоладиган даражада тўйлар қиласиз, ўзингиздан тепадагилар учун ажойиб дастурхонлар тайёрлайсиз, раққоса қизлар базмларига бориб, 200-300 доллардан улашиб чиқасиз. Энг сўнгги русумдаги машина, техник жиҳозлар, компьютер, телефонлар оласиз. Буларнинг ҳаммасига ойлик маошингиз билан эриша оласизми?!

Чет элда келажагингиз учун сотиб олган кўчмас мулкларингиз қаердан келди? Бизнесингиз-чи? Бизнесингиз қандай ривожланиб кетяпти? Тўғри, сиз мансабдор шахс (айниқса, давлат амалдори) сифатида бизнес қилишингиз мумкинмас. Сиз нима қиласиз, ўзингиздан бошқа шахс номидан фаолият олиб бораверасиз. Бу ишларингиздан хабардор бўлганларнинг кўзини Франклин тоғангизга айтсангиз, беркитиб туради. Қарабсизки, ҳаммаси сиз ўйлагандек осон бўлиб кетаверади. Биров мушугингизни пишт, деб ҳайдаб кўрсин-чи, кўрадиганини кўрсатиб қўясиз.

Қонун доим сизнинг тарафдорингиз бўлаверади. Хоҳлаган одамингизни калтаклашингиз ва сўкишингиз мумкин. Иш сал чигаллашса, нари борса, битта узр билан қутуласиз. Бу ишни бош­қа одам қилсин-чи, камида 15 суткага кесиб юбориш мумкин. Ўша киши сизга ёқмаса, соққа қўшсангиз унинг ўтириш муддатини ҳам чўзиб беришади. Хуллас, сиз буюк одамсиз, қўлингиздан нималар келади, ҳаммага кўрсатиб қўйгансиз. Оддий пули йўқ одам шундай қилоладими? Йўқ! Унга ҳеч ким, ҳатто, совға ҳам бермайди, "ишимни битириб беринг, брат, манов совға сизга", демайди ҳам. Ундан фақат ақча ололасиз. Бунақаларда пул кам бўлади-ю, ҳа, майли, ҳарна-да, ҳарна!

Соққангиз қанча кўп бўлса, мазза-да, нимаики қилсангиз, ҳаммаси мумкин сизга. Ҳатто, фарзандларингизга ҳам. Ўғлингиз сиз олиб берган "Тесла"ни 70 км/с тезликда ҳайдаладиган ерда 200 км/с тезликка чиқарса ҳам ҳеч ким индамайди. Йўлингиз доим очиқ бўлади. "Йўл патруль" машинангизни рақамидан таниб олади, тўхтатмайди. Вақтида томоғини ҳўллаб қўйгансиз-да, "еган оғиз уялар", дегандай, улар ҳам доим уятда туради. Сиз ҳам ўтаётганингизда кўнгил учун "чест" бериб ўтасиз, патрулчи акаларнинг ҳам димоғи чоғ. Мана сизга, ишбилармонлик бунақа бўлади.

Айрим мамлакатлар халқига ҳеч тушунмайман-да. Коррупция қилган одамни ҳатто энг оғир жазо — ўлимга ҳам ҳукм қилишадими-е, мансаби қанча баланд бўлса, жазони ҳам шунга яраша мураккаброқ қилиб қўйишадими-е. Тавба, энди шу нарса одам ҳаётидан, жонидан устун бўлоладими? Ахир, бу адолатсизлик эмасми? Қайтага уларни қўллаб-қувватлаш керак-ку! Шу йўл билан барча тўсиқларни осон четлаб ўтиш мумкин-ку. Балки, давлат рейтингини ҳам юксакларга кўрсатса бўлар. Масалан, коррупцияни қабул қилиш рейтингидаги ҳисоблаб ўтирганларга оз-моз чўтал берилса, тепароқ поғонадан жой қилиб беришар. Уларнинг ҳам ошқозони бор-ку, қай йўл билан бўлса ҳам имкони топилса керак. Озроқ бош қотирилса кифоя! Шундай эмасми?! Шу ҳам муаммо бўлди-ю...

Пул барча эшикларнинг калити, мен сизга айтсам! Ҳеч нарсага иқтидорингиз етмадими? Пул сарфланг — иқтидор сиз билан. Ишингиз юришмай қолдими? Пул сарфлаб "катта оға"ларга илтимос қилсангиз, изига тушиб кетади. Ҳар қандай одамнинг кўнглини олиш учун пул энг самарали восита ролини ўйнайди. Жононларнинг гул билан эмас пул билан меҳрини қозонинг! Қонун устуворлиги нима билан, албатта, пул билан! Омад кимга кулиб боқади, пули бор жентелменларга.

Хуллас, пулингиз борми, давр сизники! Ҳеч нимадан қўрқманг, фақат олға қадам босинг, босаверинг! "Ётиб қолгунча, отиб қол", деб бекорга айтиб кетмаган ота-боболарингиз. Бу нақлга ҳамиша амал қилинг. Қайтманг!

Достонбек БАХТИЁРЗОДА,

“Жамият” маҳорат мактаби тингловчиси