Шу янглиғ зўри беандоза бирла...

User Rating: 0 / 5

Star InactiveStar InactiveStar InactiveStar InactiveStar Inactive
 

Бугунги ёшлар кекса муаллимнинг гапига ишонинқирамай “Уларнинг гапи шу-да, ёшлик қанақа бўлишини гўёки биз билмайдигандай...” қабилида кулибгина қўя қолишса-да, барибир ўша севимли сўзларимни такрорлайвераман: “Уларнинг тенгдоши бўлган вақтларимизда бадиий китоблар ўқиш энг севимли ва имкониятимиз бўлиши биланоқ шуғулланадиган асосий машғулотимиз эди.”

...Еттинчи ёки саккизинчи синфларда ўқийдиган вақтим бир киши “Жуда зўр китоб, ўқисанг, қойил қолмасдан иложинг йўқ”, деб каттагина асарни қўлимга тутқазди: Александр Дюма “Граф Монте Кристо”. Уйга олиб келиб, ўқий бошладим. Лекин бу негадир қийин кечди. Ўрнида бошқа китобларни қўлга олиб, уни ташлаб қўйдим. Кейинроқ эса эгасига элтиб бердим...

Ҳарбий хизматдан қайтганимдан сўнг, бир сабаб билан ўша китоб яна қўлимга тушиб қолди: икки жилддан иборат, русча. Варақлай бошладим. Ўқишга киришиб кетдим. Икки кунда иккала жилдини ҳам ўқиб чиқдим. “Қойил-э! Шу вақтгача ўқиган китобларим ичида энг зўри − шу”.

Ўшандан бирор йил ўтиб, устоз Ғафур Ғулом асарларини ўқиш давомида Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонининг насрий баёнини учратиб қолдим. Берилиб ўқидим. Хулосам шундай эди: “Граф Монте Кристо!” Кишт! Зўрлик навбатинг ўтди! Воқеаларга бой, ўта қизиқарли китоблар шоҳлик тахтингдан ағдарилдинг. Эндиги ҳукмдор эса: АЛИШЕР НАВОИЙ: “ФАРҲОД ВА ШИРИН!”

Бир вақтлар “Саёҳат, саргузашт, фантастика” туркумида китоблар нашр этиш кенг йўлга қўйилганди. Ҳар бирини, албатта, топиб, ўқишга интилардик. (Ҳозирги ёшлар, биламан, бугун биринчи апрель эмас... Лекин одат бўлиб қолган-да, айбга буюрмайсизлар!) Ўша туркумда ҳам нашр этилганми, йўқми, билмадим, аммо улар жумласидан ҳам энг зўрлик даражаси таниш бўлган китоб­лар орасида “Фарҳод ва Ширин”га тегишли.

Ҳа, илмий фантастикага жуда қизиқиб кетиш ҳолатларимиз бўлган. Ўзимиздан Ҳожиакбар Шайхов, Тоҳир Малик, бошқа халқлардан эса Вильям Александров, Александр Беляев, Станислав Лемм, Айзек Азимов... Аммо Навоий бобомизнинг биргина “Фарҳод ва Ширин”идаги, бугунги тил билан айтганда, илмий фантастиканинг кенг миқёс ва кўламини бошқа бирор асарда учратолмаганман. Албатта, ҳар бир асарнинг, айниқса, ҳар бир маънавият дурдонасининг ўз ўрни ва мақоми бор.

Мазкур икки китобга ўзимча шундай баҳо беришим: юқорида айтганимдек,  ўта қизиқарлилик, кескин ва шиддатли воқеаларга бойлиги, бениҳоя ибратли ва фойдали хулосалар бера олиш даражаларига кўра эди. Кейин­ги йилларда ҳам кўплаб асарлар билан танишдим. Аммо ўша андозаларга кўра ўша китоб, яъни “Фарҳод ва Ширин” китоблар орасида юқори ўрнида қилт этмай турибди!

Маънавиятдан узоқлашиб кетяпмиз. Китоб ўқиш керак, деб тинимсиз бонг уриляпти. Аммо ҳар ким бугунги ўта мўл-кўлчилик уқёнус (океан)ларидан ўз ёқимли эрмагини топиб олиб, кеча-кундуз ўша билан овора.

Биз, кексалик гаштини суриш ёшига яқиндагина етган кишиларнинг ёшлигимиз замон янгиликларидан кинонинг ўта оммалашув даврларига тўғри келган эди. Тафсилотларига берилиб ўтирмайман. Катта-катта кинотеатрларда айрим фильмлар қўйилаётганда ур-тўполон навбатларда туришлар!..

Америка ёзувчиси Жеймс Фенимор Купернинг “Кўн пайпоқ” “Хамса” (“Ие!” деманг, мазкур асар − пенталогия, яъни беш романдан иборат яхлит катта маж­муа)си асосида немисларнинг “Дэфа” киностудияси олган қатор-қатор саргузашт фильмлар ўз даври киносанъатининг шоҳ асарлари бўлганди. Буюк рус адиби Александр Пушкиннинг жуда кўп асарлари экранлаштирилганидан ҳам кўпчилигимиз хабардормиз.

Бир неча вароқда жо бўлган кичкинагина араб эртаги “Али бобо ва қирқ қароқчи”нинг кинода эришган обрў ва шуҳратини эса, ўйлайманки, кўплар инкор этмайди. “Минг бир кеча” эртаклари асосида америкалик­лар суратга олган “Синдбоднинг олтин саёҳати”, “Синдбоднинг еттинчи саёҳати” ва бошқа шу мавзудаги бир қатор фильмларни-чи?

Муддаога эса тобора яқинлашмоқдамиз. “Фарҳод ва Ширин” ҳақида ҳам кино борми? Бор. Озарбайжонлар Низомий “Хамса”си асосида суратга олган “Севгим менинг − андуҳим менинг!” бадиий фильми.

Ёшлигимизда ҳам имкониятимиз бўлгандагина киноларга кирганмиз. Қариётганимиз сари бу одатимиз ҳам тобора камайишга юз тутиб, ҳозирда бошқа воситалардан уларни кўриш ҳам бутунлай йўқ ҳисоби. Аммо она тили ва адабиёт ўқитувчиси сифатида ўзимга, тааллуқли масалаларга эътибор қилишга, мавжуд янгиликлардан хабардор бўлишга интиламан.

Энди эса эҳтиётгина бўлиб, (Ахир мен бехабар бўлишим ҳам мумкин-ку. Шундай эса, узр!) бир саволни ўртага ташламоқчиман: Улуғ Алишер Навоий бобомиз асарлари асосида ишланган бирор тузукроқ бадиий фильм борми? 

Фирдавсий “Шоҳнома”си асосида ўз вақтида “Тожикфильм” томонидан “Рустам ҳақида Достон”, “Рустам ва Сиёвуш”, “Сиёвуш қиссаси” каби жиддий бадиий фильмлар тасвирга туширилди. Рус­там тимсолининг тўлақонли, мумкин қадар мақсадларга мувофиқ тарзда ижро этилиши учун Кавказ халқларига мансуб актёр таклиф этилди. Уларда бош қаҳрамон Рустам ролининг ижрочиси, Шимолий Осетия фарзанди Бимболат Ватаев кўп йиллар давомида “Тожик­фильм”да ҳам моҳир актёр, ҳам режиссёр сифатида ибратли фаолият кўрсатди. Алп келбатли, ҳақиқий паҳлавон йигит!

Шунингдек, мазкур шоҳ асар, Фирдавсий “Шоҳномаси” билан бугунги авлод вакилларини яхшироқ таништириш мақсадида тожик ёзувчиси Сотим Улуғзода томонидан “Дос­тонҳон “Шоҳнома” насрий асари яратилганки, унда шу жумладаги кўплаб достонларнинг қисқача мазмуни қизиқарли, жонли ва энг муҳими, замон ёшлари, тушунарли тилда қайта сўзлаб берилган. Моҳир рассомлар томонидан чизилган қизиқарли, ранг-тусларга бой суратлар ҳам кенг ўрин олган.

Албатта, бугунги даврда мамлакатимизда Алишер Навоий ижодий меросини кенг ўрганиш учун кўпгина ишлар қилинмоқда. Бунга эътибор сусайган эмас. Бироқ шунинг баробарида буларнинг амалий натижалари менимча, унчалик кўзга ташланмаётгандек.

Бизга маълум бўлишича, бир вақтлар анча гуллаб-яшнаб, салмоқли натижалари билан кўзга ташланган “Ўзбекфильм”имиз ҳозирда айрим муаммоларга дучор бўлиб, имкониятлари бироз чекланиб қолган, шекилли. Шу боис бу мавзуни айнан шу вақтда кўтаришимиз ҳам балки маъқул эмасдир? Барибир шуни унутмаслигимиз лозим: агар керакли даражада эътибор қаратсак, меҳнатидан қочмасак, Алишер Навоий асарлари асосида ўша “Али бобо...” ёки “Синдбод...”лардан анча зўр фильмлар ишлаш мумкин.

Сценарийсини эса улуғ мутафаккир адибимиз бундан беш ярим аср муқаддам ёзган. Режиссёрларимиз ўз тажриба, имконият ва иқтидорларини ҳисобга олиб, керакли жойларини танлаб ола билиши лозим бўлади, холос. 

Ҳусниддин ФАЁЗОВ