Самарқанд давлат университети  - 600 ёшда

 

Жамият тараққиётининг ҳар даврида дунё халқлари учун иқтисодий ҳамкорлик қанчалик зарурат бӯлса, маънавий-маърифий, маданий алоқаларга ҳам шунчалик эҳтиёж юқори бӯлиб келган. Ушбу эҳтиёж натижасида миллий ғурур-ифтихор, миллий қадриятларни умуминсоний қадриятлар билан уйғунлашиб боришига замин яратади. Шу боис мамлакатимизда Президентимиз таъбири билан айтганда: “адабий дӯстликни абадий дӯстликка айлантириш” борасида кенг кӯламли ишлар амалга оширилмоқда.

Куни-кеча Душанбе шаҳрида бӯлиб ӯган халқаро конференцияда ҳам ӯзбек-тожик халқларининг  ӯзаро ҳамкорлик истиқболлари кенг муҳокама қилинди, халқларимиз тарихи, маданиятидаги умумий жиҳатлар, аждодларимизнинг  жаҳон цивилизациясига қӯшган ҳиссаси, маънавий қадриятларимиз халқ дипломатиясини янада ривожлантириш омили эканлиги алоҳида таъкидланди.

Мирзо Турсунзода айтганидек, бир дуторнинг икки тори бўлган тожик ва ўзбек халқларининг дўстлиги ва ижодий ҳамкорлиги жуда қадимий ва умрбоқийдир. Шоирнинг “То тавони дўстонро гум макун...” (имкони борича дўстларни йўқотма)  мисраси эса халқларимиз учун ҳаётий дастурамалдир.

Давлатимизнинг икки халқ  ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш бобидаги саъй-ҳаракатини ўзининг 600 йиллик юбилейини тантаналар билан ўтказишга тайёргарлик кўраётган Самарқанд давлат университети мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Самарқанд давлат университети ҳам ушбу қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳар бағрида  Ғафур Ғулом таъбири билан айтганда: “Ватанга – жамоли жаҳон орони бергувчи фарзандлар бешиги, Шарққа маърифатнинг аниқ юзини бениқоб кўрсатган эшиги” сифатида донг таратган,  халқлар дўстлигининг аҳду вафоси тимсоли, рамзи бўлиб келган.

Бу даргоҳда таълим олган  зукко шоирлар Барот Бойқобилов ва Омон Матжон “Дорилфунун қасидаси”да ғурур ва ифтихор билан шундай дейишган:

                        Чун бу мулкни пойидор этти Улуғбек шавкати,

                        То бугун эл ёдида юлдуз севар Мирзоси бор.

                         Чорлади устоз Абуллайс Мир Алишерни буён,

                         Бундаким назм аҳлининг Жомий каби пешвоси бор…

Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида илм-фан, маданият, санъат Мовароуннаҳрда ўзининг энг юқори чўққисига етган. Самарқанд илм-фан маркази сифатидаги довруғ таратган. Темурийлар салтанати бой кутубхонаси, Улуғбек  яратган   мадрасаи олия ва расадхона  давр илми ва меъморчилигининг чинакам мўъжизаси сифатида кўпчиликни  ҳайратда қолдирган. Ҳазрат Навоий айтганидек:

                            Расадким боғламиш зеби жаҳондур,

                            Жаҳон ичра яна бир осмондур.

1420 йилдан ўз фаолиятини бошлаган Мирзо Улуғбек мадрасаи олиясида эса нафақат Мовароуннаҳр, балки Хуросон, Эрон, Афғонистон каби ўлкалардан келган кўплаб толиби илмлар ҳам таҳсил олишган, уларга ўз даврининг энг машҳур мударрислари дарс беришган. Улуғбек раҳнамолигида туркий,  форсий, арабий тилларда мутафаккир олимларнинг математика, физика, кимё, геодезия, астрономия, фиқҳ, фалсафа, адабиёт, тиббиёт, тарих, санъатшунослик каби фанларга оид нодир асарлари яратилган. Саккокий, Камолиддин Бадахший, Хожа Исмат Бухорий, Мавлоно Бисотий, Хаёлий, Қосим Анвор каби истеъдодли шоирлар қалам тебратишган.

Зайниддин Восифий “Бадоеъ ул-вақоеъ” асарида ёзишича, мадрасаи олиянинг дастлабки мударриси Шамсиддин Муҳаммад Хавофий бўлиб, у Мирзо Улуғбекнинг қутлуғ  назарига тушган эди. Шунингдек, бу ерда  Мирсаид Шариф Журжоний, Қозизода Румий, Жамшид Коший, Ҳусайн Биржандий, Али Қушчи,  Абулайс Фазлуллоҳ Самарқандий сингари олиму фузалолар толиби илмларга сабоқ беришган. Таниқли олим Аълохон Афсаҳзоднинг таъкидлашича, “Абдураҳмон Жомий ҳам умри давомида уч марта Самарқандга илм-маърифат олиш, Хўжа Аҳрори Вали суҳбатларидан баҳраманд бўлиш иштиёқида Самарқанд сафарини ихтиёр этган ва бир муддат Улуғбек мадрасаи олиясида таълим олиб, унда мударрислик қилган”.

500 йилдан ортиқ вақт фаолият олиб борган ушбу мадрасаи олия 1927 йилдан Педагогика билим юрти, 1930 йилдан эса Педакадемия ва 1933 йилдан 1962 йилгача Ўзбекистон давлат университети номи билан узлуксиз фаолият кўрсатган. Самарқанд давлат университети  тамал тошини қўйган бу масканда эзгу анъаналар давом этди.

1927 йили Самарқанд давлат университетига таклиф қилинган профессор Абдурауф Фитрат ҳам “Аруз ҳақида”, “Адабиёт қоидалари” рисолаларини, “Шоири форс Умари Хайём”, “Луғат”-и Ҳофиз Ўбаҳий”, “Сайфи Исфаранги”, “Фирдавсий” номли илмий мақолаларини яратди, талабаларга икки тилда сабоқ берди. Унинг анъаналарини Садриддин Айний, Воҳид Абдуллаев, Раҳим Муқимов, Саида Нарзуллоева сингари  олим ва  тадқиқотчилар давом эттиришди.

Самарқанд давлат университетида ўтган асрнинг 20-30 йилларида таниқли тожик адиблари Ғани Абдулло, Рашид Абдулло, Фотеҳ Ниёзий, Боқи Раҳимзода, Ҳабиб Юсуфий, Муҳиддин Аминзодалар ўзбек адабиётининг  Ҳамид Олимжон, Усмон Носир, Амин Умарий, Шароф Рашидов, Асқад Мухтор сингари вакиллари билан бирга таҳсил олишган.

Садриддин Айний ва Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ижодий анъаналарини  изчил давом эттирган  тожик адиби Фотеҳ Ниёзий ижодида ҳам Самарқанд муҳити катта таъсир кшўрсатган.

«Билим юртида ўқиб юрган кезларимда «Бинафша» деган шеър ёзиб, деворий газетада чиқариш ниятида Ҳамид Олимжонга кўрсатдим, - ёзади Фотеҳ ниёзий ўз хотираларида, -  Ҳамид ака сен форс тилини биласанми, деб сўради. Шундан сўнг шеърим билан танишган Ҳамид Олимжон «Тотли» деб шеъримнинг тагига хаёлимга келмаган, ўйлаб кўрмаган тахаллусни ёзиб қўйди. Илк шеърим ана шу тахаллус билан эълон  қилинган эди... Ҳамид Олимжонни ҳамиша  устоз сифатида қайд этаман» .

Самарқанд давлат университети филология факультети нуфузли илм-маърифат маркази сифатида Тожикистон республикаси учун кўпгина олимларни ҳам етиштириб берган. Айниқса, устозлар В.Абдуллоев, Р.Муқимов, Б.Валихўжаевнинг маънавий кўмаги ва беминнат хизматлари туфайли университет Илмий кенгашида бу қардош республиканинг 20 дан ортиқ  филолог олимлари номзодлик диссертацияларини ёқлаб, илмий даражаларга мушарраф бўлишган.

Самарқанд давлат университетини турли йилларда филолог-тожик тили ва адабиёти ўқитувчиси мутахассислиги бўйича битирганлар орасида таниқли олимлар, давлат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, журналистлар ва мураббийлар анчагина. Истеъдодли олимлар Саъди Маҳдиев, Атохон Аҳроров, Ҳасан Қудратуллаев, Ҳамроқул Шодиқулов, Жўрахон Бақозода,  Аскарали Ражабов, Рустам Шодиев, Рамазон Абдуллоев, Юнус Азимов,  Баҳор Хуррамзод, Анзурати Маликзод, адиблар Салим Кенжа, Норқул Остонзода, Аслам Адҳам, Насим Ражаб, Сафияи Носир, Наримон Бақозода, Адаш Истад, Ҳадя Ражабова, журналистлар Маъруф Отахонзода, Муайяна Хўжаева, Шерпўлод Вакилов, Зоҳир Ҳасанзода шулар жумласидандир.

Бугунги кунда Самарқанд давлат университети шак-шубҳасиз Мирзо Улуғбек асос солган мадрасайи олиянинг ҳуқуқий вориси сифатида ўзининг муқаддас ва мушарраф масъулиятли вазифаларини кўтаринки руҳда давом эттириб келмоқда. Унинг 900 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилари 18.000 нафардан ортиқ толиби илмга замон талаблари асосида сабоқ беришмоқда.  Яъни, шеър аҳли таъбири билан айтганда:

                     Дорилфунун комил бугун – даврон билан илдам қадам,

                     Бу ватаннинг ҳар еринда дўсти бор, ошноси бор!

                   Самарқанд давлат университетининг 9 та факультетида ҳам давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан  ташриф буюрган йигит-қизлар тожик тилида таълим олишмоқда. Таълим тожик тилида олиб борилаётган филология, физика, математика, тарих, биология, бошланғич таълим каби факультетларнинг ушбу гуруҳларида дарс ўтишнинг янгича, ноанъанавий усулларидан фойдаланиш, ўзига хос услублар кашф қилиш ва эришилган ютуқларни оммалаштириш ишлари талаб даражасида йўлга қўйилган.  

Филология факультетида тожик тили ва адабиёти йўналишида бакалавриат ва магистратура босқичларида мутахассислар тайёрланмоқда. 2020-2021 ўқув йилида  давлат гранти асосида 10 нафар, тўлов шартнома асосида 40 нафар ёшлар бакалавриат босқичига, 8 нафар талаба магистратурага қабул қилинмоқда.

Айни пайтда Самарқанд давлат университети қошида таниқли адабиётшунос, профессор Муслиҳиддин Муҳиддинов раислигида ихтисослашган илмий кенгаш фаолият юритмоқда. Мазкур илмий кенгашда тожик тили ва адабиёти ихтисослиги бўйича ҳам  докторантлар, ёш тадқиқотчилар ва изланувчилар докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишмоқда.            

Факультет профессор-ўқитувчилари тожик тили ва адабиёти таълими бўйича Давлат таълим стандартлари, намунавий таълим дастурлари ва ўқув қўлланмалар ҳамда дарсликлар яратиш борасида ҳам фаол қатнашиб келмоқдалар. Профессорлар С.Саъдиев, Ж.Ҳамроев,А.Қамарзода, А.Воҳидов, доцентлар А.Самадов, Ғ.Маҳмудов, ўқитувчилар А.Воҳидов,  М.Давроновалар умумтаълим мактаблари учун  тожик тили  ва адабиётидан дарсликлар яратдилар ва ҳозирда мазкур дарсликлар халқ таълими соҳасида асосий ўқув адабиётлари сифатида фойдаланилмоқда.

Мустақиллик йилларида факультет профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан университетда Рўдакий, Абдураҳмон Жомий, Садриддин Айний, Ҳожи Муйин, Фотеҳ Ниёзий, Шодон Ҳаниф каби адиблар ижодига бағишланган халқаро анжуманлар ўтказилди.

Хулоса қилиб айтганда, тожик филологияси йўналиши жамоаси ҳар томонлама етук, билимдон, касбига садоқатли мутахассислар тайёрлаш йўлида ғайрат кўрсатмоқда. Бу йўлда қатор ишлар режалаштирилган. Ушбу амалга ошириладиган ишлар асосида, албатта, юртимиз тараққиёти учун ҳисса қўшадиган малакали кадрлар тайёрлаш мақсади турибди.

Самарқанд давлат университетида амалга оширилаётган замонавий ва рақобатбардош таълим-тарбия, ижодий ҳамкорликларда Шарқ мутафаккирларининг ўрни, улар қолдирган маънавий меросни чуқур ўрганишга бўлган интилишнинг мавқеи баланд ва  буларнинг барчаси ижодкор жамоани эзгуликка, ижодий ҳамкорликка ундаяпти.

Университетнинг 600 йиллик тўйини зўр кўтаринки руҳда ўтказиш Ўзбекистонда илм-фаннининг янги Ренессанс даври бошланаётган бугунги қутлуғ кунларга тўғри келмоқда. Шунинг учун ҳам бу шодиёна унинг ҳамжиҳат жамоаси қалбини ғурур-ифтихорга тўлдирмоқда, янги изланишлар учун  илҳом бағишламоқда.

 

Жума ҲАМРОҲ,

 СамДУ тожик тили ва

адабиёти кафедраси мудири,

филология фанлари доктори, профессор.

Абдусалом САМАДОВ,

СамДУ   доценти, филология

фанлари номзоди.

Энг кўп ўқилган