Она тилимиз ҳақида қанча кўп гапирсак, шунча кам. Бу тил бизга она сути билан сингган, бу тилда мурожаатларимиздан тортиб, ички сезгиларимизни ҳам изҳор этиб келамиз. Бу тилда фақат бугунги авлод эмас, бутун дунёга ном таратган алломаларимиз том-том қўлёзмалар ёзиб, илм-фан равнақига ҳисса қўшган.

Табиийки, она тилимизни улуғлаш учун бизда сабаблар бисёр. Таърифласак таъриф ва таснифининг адоғи йўқ. Бироқ айни пайтда ўзбек тилини давлат тили сифатида сақлаб қолиш атрофида кўплаб муҳокамалар бўлаётган бир пайтда, кўча-кўйдаги беўхшов талаффузлардан хуноб бўласан киши. Масалан: “боряпман” сўзининг “борвомман”, “борумиза” ёки “ўзингиз” сўзи “ўзиз” смсларда эса “ўзис” кўринишига келиб қолган.

Шевалар тилнинг бойишига хизмат қилиши бор гап, аммо туппа-тузук сўзлардаги ҳарфларнинг тушиб қолиши ва асабни чарчатадиган ҳолда талаффуз этилиши тилни бойишига хизмат қилади деб ўйламайман. Эскилар билгич эди. Улар “ноннинг ушоғи ҳам нон” деб бежиз айтмаган. Бу ибора фақат нон ҳақида эмас, умум инсоният атрофидаги бутун борлиққа тегишли. Инсон фойдаланадиган жами воситаларга тегишли эканини англамоқ, гап ичида келадиган ҳар қандай (хоҳ эга, хоҳ кесим, хоҳ боғловчию кўмакчи) сўз, бу  бизга инъом этилган неъмат эканини тушунмоғимиз керак.

Тўй-ҳашам ёки турли тадбирларда сухандондан тортиб, хонандагача “ҳар” сўзини “хар” деб талаффуз қилади. Бу бир қарашда одатий ҳолдек туюлиши мумкин. Сухандон сўзга урғу бериш учун “ҳ” ҳарфини “х”га айлантираётгандир. Бироқ “ҳар” сўзи биттагина “х” билан “эшак” сўзига айланишини билмайдиларми ёки билиб туриб, билмасликка олиб “Хар бир инсон” деб айтадиларми?

Яна бир воқеани айтиб берсам, яқинда юртимизда туғилиб ўсган рус миллати вакили билан танишиб қолдим. У ўзбекчани яхшигина тушунаркан ва қўлдан келганча гапираркан. Энг ачинарли тарафи эса унга адабий тил қоидалари билан гапирсангиз мутлақо ҳеч нарсани англамайди, кўча тилида гапирсангиз балодай тушунади. Бу ўзбекчани кўча тилида ўзлаштирган руснинг айби эмас, балки адабий тиладан узоқдаги кўча тилини ясаб олган ўзбек миллати ва халқига мансуб сизу бизнинг айбимиз.

Оддийроқ қилиб айтганда, ҳазрат Навоийни мутолаа қилганда луғатсиз англай олмаймиз. Нега? Ахир Навоий бизнинг аждодимиз, у сўз ясамаган, аксинча, халқ орасидаги сўзларни қўллашда ўз даврининг шоиру фузалоларига ўрнак бўлган. Бунинг битта жавоби бор, биз борган сари сўз қўллашда ялқовлашиб борганмиз ҳамда луғатимиздаги кўп­лаб сўзларни ижтимоий ҳаётимиздан бадарға қилганмиз. Асл адабиётимиздан, аждодларимиз қолдирган адабий меросдан узоқлашганмиз.

Миллий ғурур деган тушунча юқоридаги ҳолларда бўй кўрсатиши керак. Биз, аввало, ичимиздаги сўзга бўлган ҳурматни тарбиялашимиз зарур. Ҳар бир айтадиган сўзимизни таҳлил қилишни ва унинг жазибасини ошириш йўлларини сўзларни бузиб айтишдан эмас, луғат бойлигимизни оширишдан излашимиз керак.

Санжарбек САДУЛЛАЕВ,

Хоразм радиотелеузатиш

маркази директори

Энг кўп ўқилган