Абдулла Қаҳҳор улуғ адиб. У ҳаётда ва ижодда ўзига хос жиҳатлари билан бошқа ижодкорлардан ажралиб туради. Ёзувчининг сурати  ва сийрати жуда мутаносибдир. Ҳаётда ҳам, ижодда ҳам бир хил, бир маромда бўлган. Адибнинг шахсий фазилатлари у яратган роман ва қиссалар, ҳикоялар ва пьесалардаги қаҳрамонларда яққол намоён бўлган. А.Қаҳҳорнинг хос фазилатлари халқпарварлик, ватанпарварлик унинг “Қўшчинор чироқлари”, “Сароб” романларида, “Ўтмишдан эртаклар”, “Синчалак” қиссаларида, “Шоҳи сўзана” (“Янги ер”) пьесасида  реалистик руҳда берилган бўлса, “Тобутдан товуш”, “Оғриқ тишлар”, “Аяжонларим” комедияларида кўпгина иллатлар – ёлғончилик, лаганбардорлик, порахўрлик ҳажвий бўёқларда маҳорат билан очиб берилган ва танқид қилинган.

У талабчан ва синчков адиб. Қатор мақолалари ва учрашувларда бадиий адабиётга юксак талабчанлик билан ёндашган. Унинг адабий танқид ва адабиётга оид фикрлари нафақат ўша давр, балки бугунги кун учун ҳам ўта муҳим ва катта аҳамиятга эга: “Маълумки, адабий танқид асарга халқ мафаатлари, халқнинг талаблари нуқтаи назардан баҳо беради, бунинг учун асарни мазмун жиҳатдан ҳам, шакл жиҳатдан ҳам чуқур таҳлил қилиб, унинг фазилат ва нуқсонларини очиб беради”, “Адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф қилиш керак эмас”, Адабиётга ўғри мушукка ўхшаб туйнукдан ошиб тушадиганлар ҳам бўлади”, “Толс­тойнинг асарлари қазига ўхшайди, чайнаган саринг мазаси чиқаверади”, “Асар  агар катта адабиётга кирмаса – асар эмас. Бордию, бўйнидан бойлаб олиб кирилса, у оёқости бўлади”.

Абдулла Қаҳҳор ўзбек тилининг фидойиси ва жонкуяри, сўзнинг қадрига етадиган ижодкор сифатида ҳаётда сўзларни черти-чертиб, мантиқли гапирган, ўзига хос услублардан, қочирим ва сўз ўйинларидан унумли фойдаланган. Шунинг учун адибнинг фикрлари тингловчининг қалбига кириб боради. Бир умр ёдида қолади. Абдулла Қаҳҳорнинг ўзбек тилининг товушларига оид синчков кузатишлари нафақат китобхонни, балки тилшуносларни ҳам лол қолдиради.

Бугун улуғ адибнинг асарлари — роман ва қиссалари, ҳикоя ва комедиялари тилини ҳамда сўз бойлигини ўрганиш, аниқлаш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, Абдулла Қаҳҳор ҳар бир асарида сўзнинг барча хусусиятларини — келиб чиқиши ва маъносини, тузилиши ва ишлатилишини чуқур мушоҳада қилган ҳолда қўллаган.

Адиб асарлари номлари яъни библионимларини ақл тарозисида юз марта ўйлаб қўйгани учун ҳам ўқувчининг хотирасига мустаҳкам ўрнашади, ёдида қолади. Унинг асарларида қўлланилган сўз ва гаплар аниқ, лўнда, мўлжалга тегади, бирорта ортиқча сўз йўқ. Мисол учун, “Бемор” ҳикоясидаги иккита алоҳида­-алоҳида гапни олиб кўрайлик. 1. Сотиболдининг хотини оғриб қолди. 2. Ҳаммаёқ жим. Фақат пашша ғинғиллайди, бемор инқиллайди. Ёзувчининг маҳорати шундаки биринчи гапда тўртта сўз орқали қисқа ва маъноли гап тузган. У “оғриб” сўзининг бир неча синонимларини (касал бўлиб, ўсал бўлиб, хаста бўлиб) билган, аммо бу сўзни қўллаш орқали, аввало, гапнинг қисқалигига (4 сўздан иборат) эришган, иккинчидан, таъсирчанлик ва тушунарлиликни намоён қилган. Иккинчи гап шаклан учта мустақил гапда маҳорат ва синчковлик билан пашшанинг ғинғилаши, беморнинг инқиллаши орқали тасвирлайди. Алоҳида олинган бу гаплар ҳикояда бир бутунликни ҳосил қилади ва ҳикоянинг “Бемор” деб номланишига асос бўлган.

Ёзувчининг “Ўғри” ҳикоясида Қобил бобонинг ҳўкизи ўғирланиши, уни топиш мақсадида бобо элликбоши, мингбоши ва қозига совға — пора берса-да, ҳўкиз топилмаслиги акс этган. Ниҳоятда кичик бу ҳикояда жамият тараққиётига тўсиқ бўлаётган порахўрлик маҳорат билан очиб берилган. Асарнинг номланишига эса ҳикоя сўнгида порахўр амалдор томонидан  айтилган қуйидаги гап асос бўлган: Ҳўкизинг йўқолмасдан илгари бормиди ўзи?

Адибнинг “Кампирлар сим қоқди” ҳикоясининг номи эса бугунги ёшлар учун ғалатироқ туюлиши мумкин. Ҳикояда Мастон буви бошлиқ бешта кампир ипак қурти боқиб, мўл пилла етиштирганидан сўнг колхоз раиси бу ҳақда Мос­квага сим қоққани тасвирланган. Абдулла Қаҳҳор “сим қоқиш” иборасининг юзага келишини яхши билган ва ўтган асрнинг қирқинчи йилларида сим орқали (телефонда) хабар юборилишини акс эттирган. Таниқли ва фидойи олим Зуҳриддин Исомиддинов “Сўз қисмати” деб номлаган этнографик этюдида “сим қоқди” иборасининг юзага келишига ўтган асрнинг 30 йилларида ҳаётимизга кириб келган автобуслар асос бўлганини шундай таърифлайди: “Кимдир автобусдан тушмоқчи бўлса, автобус салонининг икки томонига деразалар устидан тортилган симнинг ўзи ўтирган томондагисини қоқар, шунда симнинг кабинадаги учига осилган қўнғироқ жаранглаб, ҳайдовчини огоҳ этарди (у замонда салон электрлаштирилган эмас, кнопка қўйиш иложсиз эди). Ўртароқдаги одамлар эса ёнидагилардан “симни қоқиб юборинг, мен тушмоқчи эдим”, деб илтимос қилган. Сим қоқиш хабар беришни англатган. Ўшандан сал кейинроқ Ўзбекистонда телефон оммалаша бошлади. Бунда ҳам аввал қўнғироқ жаранглагани ва одамлар сим орқали алоқа қилгани боис, аналогия усулида “сим қоқиш” деб аталиб кетган.

Абдулла Қаҳҳорнинг “Тобутдан товуш” пьесасида ҳам  нопок шахс — Сухсуровнинг порахўрлиги персонаж тилидан очиб ташланади: “Жонини олгани келган Азроилдан ҳам пора сўрайди”. Баъзи танқидчилар “Тобутдан товуш” хунук ном дейишганда, Абдулла Қаҳҳор шундай жавоб берган: “Порахўрлар  жамиятимизда тобутга тушган, ҳали қабристонга элтилгунча ҳам овоз чиқаради”.

Адибнинг “Шоҳи сўзана” асари дастлаб, “Янги ер” деб номланган. Ўтган асрнинг яримида минглаб ёшларни янги ерларни ўзлаштиришига сабаб бўлган бу пьеса миллий руҳни ифодалаши учун ёзувчи томонидан “Шоҳи сўзана” деб ўзгартирилган. Ёзувчининг “Нутқ” ҳикоясида амалдорнинг никоҳ тўйларининг бир йиллиги муносабати билан хотинига “табрик нутқи” ниҳоятда расмий  ва қуруқ  эканлиги  аччиқ кулги  билан тасвирланган.

Абдулла Қаҳҳор асарларининг тилини  ўрганиш, хусусан, адибнинг бадиий маҳоратини тадқиқ этиш ҳозирги ўзбек тилидаги сўзларнинг фонетик, лексик-семантик, морфологик хусусиятлари муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун адиб асарлари буйича турли йўналишларда луғатлар яратиш зарур. Айниқса, адиб асарларининг таснифий луғатларини  тузиш, жумладан, ҳикоя, қисса, комедия, романлари бўйича алоҳида-алоҳида частотали луғат яратиш Абдулла Қаҳҳорнинг сўз қўллаш маҳоратини, сўз бойлигини аниқлашга асос бўлади.

Ёзувчининг “Синчалак” қиссасидаги сўзларнинг частотали луғатини яратган С.Ризаев ва Н.Бўроновларнинг маълумотига кўра, қиссада 10590 та сўз қўлланилган: 6628 таси (62,59%) бир марта, 1625 таси (15,34%) икки марта, 1161 таси (10,96 %) уч-тўрт марта, 611 таси (5,77 %) беш-тўққиз марта, 565 таси (5,34%) ўн ва ундан ортиқ ишлатилган. Кўриниб турибдики қиссада бир марта учраган сўзлар миқдори икки ва ундан ундан ортиқ учраган сўзларга қараганда кўпроқ қўлланилган. Бу эса Абдулла Қаҳҳорнинг сўз танлаш ва қўллаш маҳоратини кўрсатувчи кўзгудир. Адибнинг сўз бойлигини ўрганиш ҳозирги ўзбек тилининг луғат тизимини янги сўз ва иборалар билан бойитади. Ёзувчининг сўз  қўллаш маҳоратидан баҳраманд бўлиш ёшларда сўзнинг нозик маъноларини ҳис этиш, маъноли ва таъсирли сўзлаш, оғзаки нутқни ошириш, гап ва матнларни тўғри ҳамда хатосиз ёзиш, таҳлил ва таҳрир қилиш, ёзма саводхонлик малакасини шакл­лантиради.

  Умуман, Абдулла Қаҳҳор ўзбек тилининг маъно нозикликларини чуқур билгани учун асарларида халқимизнинг ажойиб фазилатлари билан бирга баъзи камчиликларини  юксак бадиий савияда акс эттирган.

 

Нишонбой ҲУСАНОВ,

Тошкент молия институти Ўзбек ва хорижий тиллар

 кафедраси мудири,

филология фанлари

доктори

Энг кўп ўқилган