Қишлоқда яшашнинг гашти бошқача. Эрталаб соат жиринг­лашидан эмас, хўроз қичқириғидан уйғонишнинг ўз ўрни, ўз завқи бор. Ўқув курслари учун шаҳарга йўлим тушса-да, дарров қишлоғимни соғинаман. Қани эди, ўзимизда ҳам ўқув марказлари бўлса, деб орзу қиламан. Келажакда қишлоғимиз марказида шаҳардаги каби ўқув марказ очишни ният қилганман. Худо хоҳласа, ҳам савоб, ҳам даромад, деб ишни бошлаймиз-да...

Бир очиқ гапни айтсам, гашти бор ана шу қишлоғимизнинг одамлари охирги пайтда “шаҳарлашиб” қолган эди. Ҳаттоки, қадриятлар унутилиб, “шаҳарча ким ўзар” бошланганди, десам, ишонаверинг. Ҳамма тўйини шаҳардаги тўйхоналарда қиладиган бўлди. Қишлоқликлар “қишлоқи”мизми деб, бир-биридан ўзарга ҳашаматли тўйхоналарни танлашди, йил бўйи қилган деҳқончилик­лари орқали топган даромадларини бир кунлик маросимга алмашишди...

Бувим “Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлади”, деб кўп такрорларди. Тождор вирус туфайли бир тарафдан бутун дунё саросимага тушган бўлса, яна бир тарафдан одамлар исрофдан тийилди. “Қирқ кечаю, қирқ кундуз тўй берган халқмиз”, деб тўйига минглаб меҳмон чақирадиган кишилар ҳам ўттиз кишига қаноат қиладиган бўлишди. Асосийси, бир вақтлар кўр-кўрона, кўз-кўз қилинган ҳашаматли базмларнинг бугун соддагина, файзлигина ўтаётгани халқни хурсанд қиляпти. “Ўнта қўй нима бўлади?”, дей­диган аёллар ҳам “Болаларимиз соғ бўлишса бўлгани”, дея дуо қилиб ўтирибди.

Тунов куни дўконга чиққандим. Уч кўча нарида тўй бўляпти экан. Қўшиқнинг овозини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Хайрият, қишлоққа қадрият қайтди, деб қўйдим. Ахир уйда, маҳаллада бўладиган тўйга нима етсин. Қайтаётсам, оппоқ ниқоб тақиб олган синфдош қизларимизни кўрдим. “Тўйни томоша қилгани кетяпмиз. Узоқдан бўлса ҳам келинчакни кўрайлик”, дейишди. “Бир куни сизларни ҳам томоша қилгани боришади”,  дея ҳазиллашиб, ўтиб кетдим. Уйга келсам, дадам билан ҳамсоя амаки суҳбатлашиб ўтиришибди. Беихтиёр ҳамсоянинг “Қўшни, бизни тўйга айтишмади-я”, дегани қулоғимга чалинди. Одатда бошқаларнинг суҳбатига қулоқ тутишни ёмон кўрсам-да, дадамнинг жавобига қизиқдим. Шунда дадам “Ҳа энди, бизни ўйлашган-да. Одам гавжум жойга чақириб, соғлиғимизни хавф остида қолдиришмаган...”.

Хуллас, тўй бўлгани яхши. Бўлганида ҳам меъёр билан, ортиқча дабдабасиз бўлгани яхши. Ахир ёш келин-куёвга бахтдан бўлак нима керак? Аммо баъзи катталар бахт деб, бойликни, қўша-қўша сарполарни назарда тутиб, биз ёшларга тўғри ўрнак бўлмаяпти. Минг ҳашамат бўлгани билан бир ҳикмат бўлмаса, ҳашаматнинг минглиги нолга тенг эмасми... Хуллас, тўй бўлса, тўйдай бўлсин. Дув-дув гап бўлмаса ҳам дув-дув файз бўлсин.

Ёрқинжон ҲАЙИТБОЕВ,

Гулистон давлат университети

талабаси

Энг кўп ўқилган