Ўқувчилик давримиз пахтаю пилла ҳашарида ўтар, бу ҳам камдек, еттинчи синфлигимизданоқ беш-ўн нафар муаллимларимиз билан мактаб таъмирида малайдек ишлар эдик. “Нега бизларни таълимдан мосуво этиб, пахта далаларида ишлатадиган совхозимиз янги мактаб қуриш уёқда турсин, ақалли мактабимизни таъмирлаб бермайди?” деб вилоят газетасига хат ёзиб юборсам, таҳририят райпартқўмга, райпартқўм совхоз директорига юборибди. Роса тўс-тўпалон бўлиб кетибди.

Даладан молларни олиб қайтсам, уйда дарғазаб отамнинг нигоҳларига  рўбарў келдим. “Тинчгина юрсанг бўлмайдими, бир ўзим ўн уч жонни боқаётган бир тракторчи бўлсам. Сенга нима, мактаб қуриладими, қурилмайдими, бошимизга бир бало ёғилгудай бўлса, ким балогардон бўлади? Орқамизда кимимиз бор?..” Таҳририятга ёзган мактубимдан сўнг, совхоз раҳбариятининг муносабати мактабга нисбатан анча яхшиланди. Таъмирга уч баробар мўлроқ маблағ ажратиладиган бўлди. Туман маориф бўлими янги доскалару кўргазмали қуроллар ажратди. Ўрта ва бошланғич синф ўқувчилари мажбурий ҳашарлардан халос бўлишди. Аммо, устозлар билан менинг, отам билан совхоз раҳбарияти орасига анча вақтгача совуқчилик тушиб қолди. Яъни, мен хушомадгўйлик ҳукм сурган муҳит ичида  “қора кўзойнакли” кимсага айланиб қолган эдим. Ҳатто терган пахтамни ўн икки варақли дафтарга ёзиб юрганим учун ҳам бригадиру табелчининг қора рўйхатига тушиб қолган эдим. Албатта, болалик хотираларимдан иборат бу кечинмаларни майда гаплар дейиш ҳам мумкин. Аммо, боболари Дукчи Эшонга эргашиб Николай подшонинг зулмига қарши исён кўтаргани учун дуч келган жойда дайди итлар каби аёвсиз отиб, осиб ўлдирилган халқнинг етмиш икки томирида ва сон-саноқсиз ҳужайраларида қолиб кетган бу ярамас қўрқувдан қачон қутиламиз?

Ҳозир ҳам Янги Ўзбекистон бераётган имкондан фойдаланиб, бирор ҳур фикр айтсанг, энг аввало яқинларинг “Тинч юрасанми-йўқми, сендан  бош­қа ақллилар қирилиб кетганми?” дея оғзингга  шапалоқ тортиб юборишади. Фитначиларга, ғаламис ғийбатчиларга лаънат бўлсин, аммо маддоҳлик қон-қонига сингиб кетган монополист коррупционерлар ва уларнинг соясига таъзим қилувчиларни  ватанпарвар санаб яшайверсак, у ҳолда қачон чинакам халқ бўламиз?

                                              

“Ўзимизга

уйимизнинг

бир бўлаги  тегди”

—      Тўрт йилдирки, судьялар ва мажбурий ижро идораси раҳбарлари саргардон қилиб умримизни ўғирламоқдалар, — дейди Юқоричирчиқ тумани, Суранкент ҳудуди  “Қизилсой” маҳалласида яшовчи Дилфуза Маҳмудова. — Бундан 26 йил муқаддам маҳалламиз ҳудудида яшаб турган Ўзбекистон толали ўсимликлар илмий текшириш институтига қарашли уйларини хўжайиним Тоҳир Хаитовга Афғон уруши қатнашчиси бўлгани боис, давлат томонидан бепул хусусийлаштириб, ҳатто хусусий мулк эгалигини тасдиқловчи ордер ҳам берилган. Ўшанда хўжайи­ним ота-онасининг раъйидан ўтолмай “Бўпти, уй топгунларингча  яшаб туринглар” деб уйни акаси Алимжон Хаитов ва янгасига вақтинча бўшатиб берганди. Ноинсофлар йигирма олти йил маза қилиб яшашди. Уй хўжайинимнинг номига бўлгани учун 1993 йилдан шу кунга қадар акаси ва янгасига бирор тийин ҳам сарфлатмасдан, барча тўловларни Афғон уруши қатнашчисининг имтиёзи билан тўлаб келди. Болаларимиз бўйга етиб энди уйни қайтариб беришармикан десак, ўзларида қолдириш учун турли найранглар ўйлаб топишди. Бундай куракда турмас ўйинларга ҳатто Фуқаролик ишлари бўйича Юқоричирчиқ туманлараро, Тошкент вилоят судлари мутасаддиларининг ҳам лаққа тушиб найрангбозлар тегирмонига сув қуяётганлари оддий одамлар қалбида ишончсизлик пайдо қилмоқда. Хусусий мулк ордери бизда бўлса, 26 олти йиллик турли тўловларни биз қилиб келган бўлсак, улар бор-йўғи текин фойдаланувчилар бўлса, Президентимиз ибораси билан айтганда, адолатни сотувчи қозилар йўқ ердан бир важ ўйлаб топиб иморат ва участканинг учдан икки қисмини жавобгарларимизга ажратиб беришди. Нима эмиш, Фуқаролик кодексининг 223-моддасига кўра, улар хусусийлаштиришда овоз бергани учун улушдор бўлиб қолишганмиш. Мен ҳуқуқшунос бўлмасам ҳам ўша моддани ўқиб чиқдим. Унда  овоз берганларга хусусий мулкдан улуш бериш ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган. Фақат овсиним ва қайноғам уйнинг хўжайиним номига хусусийлаштирилишига “қарши эмасмиз...” деб фикр билдиришган, холос. Бир нарса десанг, “Гапирма, сен ҳуқуқшунос эмассан, суд ишини тушунмайсан!” деб оғзингга уришади. Бироқ, ўша 223-моддада “хусусийлаштиришда овоз берганлар ўз-ўзидан улушдорларга айланиб қолади” деган жумла ҳам, бу маънони берувчи ишора ҳам йўқ-ку! Буниси ҳам майли, ака-укачилик душманчиликка айланмасин деган андишада шунга ҳам кўнгандик. Аммо ўша учдан бир улушни ҳам тақсимлаб бермай, шу ишни йиллаб чўзган мажбурий ижро идораси фақат қонимизни ичмади, холос. Лекин асабларимизни эговлаб тамом қилди. Виртуал қабулхона, Бош прокуратура, Олий суд... Ариза ёзмаган жойимиз қолмади ҳисоб. Бугунга келиб ўзимиз фойдаланмаётган, қайноғам ва овсиним қўлида қолган ўн икки сотих ерга  тағин биз солиқ тўлайдиган бўлиб қолдик. Ер масаласини ўзаро келишиб олар эмишмиз. Афтидан бу “донишманд” қозилару мажбурий ижрочилар икки орада уруш чиқсин деб ишни атай чалкаштиришган, шекилли...

“Россияда

топганимизни

 ўз юртимизда олиб қўйишди...”

—      Ёшим олтмишдан ошди, — дея ҳасратланади Шеробод тумани, Қишлоқбозор маҳалласида яшовчи Абдулла Сатторов. — Қишлоқларда иш йўқ. Бўлса ҳам иш берганлар ҳақ беришмайди. Ноиложликдан ёлғизгина ўғлимиз Миркомилни Россияга жўнатишга мажбур бўлдик. Ўғлим бир армани йигитнинг қўлида ишлади. Мард, танти йигит экан. Ўғлим қатори ишлаб юрган ўнлаб ўзбек йигитларни рус полициясидан ҳимоя қилди. “Бу пулларни сенлар учун эмас, оиласини боқаман деб, қийналиб топган!” дея мусодара қилинаётган пулларни эгаларига олиб бериб, аэропортгача кузатиб қўйди. Аммо, Шеробод туман ИИБ раҳбариятида ишлаб нафақага чиққан Искандар Шоймуродов деган шов­воз “Ёлғиз ўғлингизни Россияга юбориб нима қиласиз, ўзим сержантлар мактабида ўқитиб, милицияга ишга жойлаб қўяман...” деб тўрт минг долларимизни  олган эди. “Бу пуллар контракт учун тўланади” деса лаққа ишонибмиз. Аммо у роса икки йил лақиллатиб юрди. Бу орада  вилоятнинг хоҳлаган ерига — тўйгами, маъракагами боришда машинамиздан роса фойдаланди. Бу шоввоз Шерободнинг ўзи каби фирибгарлари билан тил бириктиб:  “Ўғлингизнинг суҳбатдан, тестлардан ўтиши учун имтиёз бўлади” деб ҳатто Музработ туманига ойлаб пахта ҳашарига ҳам юборди. Охири, ростдан ҳам алданганимизга амин бўлиб, пулни талаб қилсак, озроқ-озроқдан қайтариб, бир қисмини еб кетмоқчи бўлди. “Илгари доллар арзон эди, шунчасини қайтарганимга шукр қилинглар! Қаерга борсаларинг боринглар!” деб охирги бир-икки марта сўраб борганимизда бизларни ҳайдаб ҳам юборди. Ростдан ҳам ўша пайтлар ҳеч қаерга борганнинг фойдаси йўқ эди. Президент порталига ёзгандик, суд фирибгар И.Шоймуродовдан қолган икки минг юз долларни ундириб берди. Унинг ўзига пенсия даромадидан 25 фоиз давлат фойдасига ундириш шарти билан уч йил ахлоқ тузатиш жазоси тайинланди. Бироқ, фирибгардан пулларимизни суд залининг ўзида ундириб берган суд, орадан уч йил ўтиб ўша пулларни давлат фойдасига ундириш учун уйимизга мажбурий ижрочиларни юборибди. Ахир, суд биздан пул ундириш ҳақида лом-мим демаганди. Ҳатто фирибгар жавобгаримиздан ундирилган пулларни суд залида менинг қўлимга ушлатиб, “Булар энди сизники...” деб чиқариб юборишган эди-ку! Бу пулларни ёлғиз ўғлим ёш келинни чимилдиқда қолдириб, ҳатто илк фарзанди туғилиб, бир ярим ёшга етганини ҳам кўрмай, мусофирчиликда ит ётмайдиган жойларда тунаб, оғир меҳнатлар қилиб, касалга чалиниб топиб келган эди. Шуларни айтсак, мажбурий ижрочилар: “Ҳозир мамлакатимизда катта қурилишлар кетаяпти, сизни камбағал десак, яна кимгадир раҳмимиз келса, давлатимиз маблағни қаердан олади?” дейишди. Хуллас, яна қариндошлардан қарз олиб, ўн миллионга сўмга яқин пулни қайтариб тўладик. Бу судьялар нега бизга бунчалар шафқатсизлик қилишади?

                                   

 ***

Яна ҳам тааажжубланарли томони,  аксарият амалдорлар асосан ҳокимлару ҳуқуқ-тартибот идораларининг мансабдорлари нега юксак минбардан бот-бот айтилувчи: “Сизлар адолатни пулга сотадиган порахўрсизлар!..” дейилса, эътироз айта олмайдилар-да, бу гапни улардан жабр кўрган қай бир мазлум фуқаро айтса, шу заҳоти туҳматчига чиқариб тилига буров солмоққа, қамаб жазоламоққа ошиқадилар? Гап шундаки, Президентимиз айтган кескин танқидлар замирида инкор этиб бўлмас далилий ҳужжатлар илова қилинганини улар жуда яхши билишади. Албатта, барча амалдорларни бирваракайига порахўр, саботажчи дейиш адолатдан эмас. Улар орасида Ватан, эл ташвишини ўзининг қисмати деб билганлари ҳам жуда кўп, албатта. Бироқ, бир ариқ тоза сув оқавага тўлиб оқаётган дарёни поклай оладими? Демоқчиманки, аксариятимиз юртимизда шиддат билан кечаётган ислоҳотларнинг бўлиқ мева беришида улушдор бўлиш учун нима қилмоқ керак, деган саволга яхлит жавоб бера олмаймиз. Яхлит жавобни эса покиза ақидалари ва амаллари билан жаҳон аҳлига ўрнак бўлган боболаримиз айтишган: “Ошинг ҳалол бўлса кўчада, яъни элдан яширмай ич!” Лекин, эл ризқига дахлдор ишлар ими-жимида, унинг кўзидан панада амалга ошириладиган бўлса, бу ўз нав­батида норозиликларга сабаб бўлади.

Бахтиёр ОЛЛОМУРОД

Энг кўп ўқилган